Ойдин кўчалар...

15:57 12 Сентябр 2025 Жамият
120 0

Бугун юртдошларимиз фаровон турмуш кечириш, бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказишга интилмоқда. Буни ҳудудлардаги маданий ҳордиқ чиқариш масканлари, кўнгилочар мажмуалар, саёҳат манзилларининг доимо аҳоли билан гавжумлигидан ҳам билиш мумкин. Илгари ушбу мажмуаларнинг аксари фақат кундузги вақтларда ишлар, бу шаҳар жойларда тунда ҳам фаолият юритадиган савдо ва сервис хизматлари, маданий, кўнгилочар мажмуаларга бўлган талабни юзага келтираётганди.

Қарши шаҳрида 2 та кўчадаги барча савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари куну тун фаолият юритадиган бўлди. Улардан бири Қарши шаҳрининг “Ватанпарварлар” боғи ҳудудида жойлашган. Бу жойнинг танланиши бежиз эмас. Шаҳарнинг иккита йирик кўчаларни боғлайдиган ушбу кўчанинг умумий узунлиги қарийб бир километрни ташкил этади. Унинг бир ёнида “Ватанпарварлар” боғи, боғ ҳудудида очиқ сув ҳавзаси, иккинчи томонида янги барпо этилган кўп қаватли уй-жойлар массиви жойлашган.

Шу вақтга қадар ушбу кўча бўйида замонавий меҳмонхона, бир нечта савдо ва овқатланиш шохобчалари жойлашган эди. Унинг 24/7 режимига ўтказилиши муносабати билан ҳудудда 550 метр пиёдалар йўлаги пардозланди, 400 метр асфальт йўл ётқизилди, 4 000 метр квадрат ҳудудга брусчадка терилди, 16 дона ўриндиқлар ўрнатилди. Мавжуд 8 та объектнинг фаолияти кенгайтирилиб, яна 52 та объект янгидан ташкил этилди. Жумладан, спорт ва соғломлаштириш мажмуалари, гўзаллик салонлари, замонавий кафе ва ресторанлар, болалар аттракционлари ҳамда бошқа шу каби савдо ва кўнгилочар шохобчалар фаолияти йўлга қўйилди.

Биз бу ерга соат тунги 23:30 лар атрофида бордик. Одам гавжум. Кимдир фарзандини аттракционда учирмоқда, кимдир музқаймоқхўрлик қиляпти, яна кимдир шунчаки очиқ ҳавода фаввораларнинг ранго-ранг рақсини томоша қилиб ўтирибди.

– Ўзим университетда ўқитувчи бўлиб ишлайман, турмуш ўртоғим ҳарбий соҳада фаолият юритади, – дейди Нигора Ашурова. – Кундуз кунлари болалар билан сайрга чиқишга, кўнгилочар мажмуаларга боришга вақт бўлмайди. Бугун бу ерга келиб, ярим тунга қадар маза қилиб айланиб юрибмиз. Шаҳримизнинг кундан-кун чирой очиб, замонавийлашиб кетаётганини яна бир бора ҳис этдик.

– Бу ердаги манзарани кўриб, куну тунни фарқлолмай қоласиз, – дейди Шуҳрат Бекжонов. – Ўзим беш йил давомида Жанубий Кореяда ишлаганман. У ерда туну кун фаолият юритадиган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари кўп. Энди шаҳримизда ҳам бундай гўзал, замонавий мажмуалар кўпаяётганидан хурсандмиз.

Эътиборлиси, ушбу кўчада янги субъектлар фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида яна 350 дан ошиқ кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?