Оила қўрғонига дарз кетмасин

14:45 12 Май 2018 Жамият
5594 0


Оила — киши тафаккури, маънавияти шаклланадиган, унинг жамиятдаги ўрнини белгилаб берадиган, қолаверса, қадриятларни асрдан-асрларга олиб ўтишда бош омил ҳисобланувчи муҳим ижтимоий муҳитдир.

Юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги давлат сиёсатининг афзаллиги шундаки, давлат оилани ўзига хос суверен тузилма сифатида қадрлайди, унинг ички ишларига аралашмайди, лекин муайян сабабларга кўра, оилада баъзи қийинчиликлар, муаммолар юзага келган бўлса, оила аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиш орқали ўз манфаатларини муҳофаза этишлари, зарур ҳолларда эса давлатнинг мададидан баҳраманд бўлишлари мумкин.

Оила масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида. Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури барча соҳадаги давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, Давлат дастурида оғир маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилаётган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган қатор тадбирларнинг белгилангани халқимизнинг ўлмас қадриятларига хосдир. Қувонарлиси, жорий йилда ҳам аҳолининг турли қатламлари учун арзон ҳамда сифатли уй-жойлар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳоли, айниқса, ёш оилалар, эски уйларда яшовчилар ва бошқа тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжи муттасил ошиб бораётганидан келиб чиқиб, арзон ҳамда сифатли уй-жойлар қуриш кўлами 1,5-2 баробар оширилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида хотин-қизлар турмушини яхшилаш, жамиятимиз таянчи бўлган оилани мустаҳкамлаш борасида мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалар, бугун ҳамда келгусида қилишимиз лозим бўлган ишлар аниқ, лўнда белгилаб берилган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларни иш билан таъминлаш, айниқса, қишлоқларда яшаётган ёш қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил қилиниши нур устига нур бўлди.

Бу ҳақда гап кетганда, бир жиҳатга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Оналик ҳамда болаликни ижтимоий муҳофазалаш борасида мақтовга арзигулик ишлар амалга оширилганига қарамасдан, оила ва турмуш муносабатларида, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси масаласида бефарқлиги ҳолатларининг ҳали ҳам мавжудлиги, албатта,  ачинарлидир. Маълумотларга қараганда, ўтган йили назоратсиз қолган вояга етмаганларнинг 39 минг 327 нафар ота-онасига нисбатан чоралар кўрилган. Республикамиз бўйича ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахслар 2016 йилда 16673 тани, 2017 йилда 12932 тани ташкил этган бўлиб, 3741 та камайган. Суд органларига ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида материаллари тақдим этилган ота-оналар сони 2016 йилда 88 тани, 2017 йилда 64 тани ташкил қилиб, аввалгидан камайган бўлса-да, бу рақамлар ҳар биримизни чуқур ўйга толдиради.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлганларнинг фарзандлари давлатимиз қарамоғида — Меҳрибонлик уйлари ҳамда Болалар шаҳарчаларида тарбияланмоқда. Бундай болалар сони 2016 йилда 536 нафарни ташкил этган бўлса, 2017 йилда 677 нафарга етгани, камайиш ўрнига 141 нафар ортгани ташвишланарли ҳол, албатта. 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 34 мингга яқин болалар фарзандликка берилган.

Мамлакатимиз аҳолисининг деярли юз фоизи оилаларга бирлашиб яшайди. Оилага бирлашиш анъанаси, аввало, никоҳ, тўй-тантаналардан бошланади. Бу тадбир орқали оила қурилганини яқинларга маълум қилиб, ўз орзу-ҳавасларини рўёбга чиқарадилар. Афсуски, бугунги кунда айрим ҳудудларда баъзи кимсаларга эргашиб қарзга ботиб, кимўзарга тўй қилаётган ота-оналарнинг кўпайиб бораётгани, оқибатда оилавий ҳаловатини йўқотаётгани бутун жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Ачинарлиси шундаки, тўйдан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, содир бўлаётган оилавий можаролар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда айнан шу масалага бориб тақалади. Ҳаддан зиёд кўпайиб кетаётган ва асосан, аёллар томонидан “ўйлаб топилаётган” янгича, тўйдан олдин ҳамда кейинги турли-туман тадбирларни ўтказишга йўл қўйилаётгани бот-бот такрорланмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳар йили 300 мингдан ортиқ никоҳлар расмийлаштирилади. Шу билан бирга, 25 — 30 мингта никоҳ бекор қилинади. Хусусан, 2017 йилда 306,2 минг никоҳ расмийлаштирилган бўлса, 31 минг 930 та ажрим қайд этилган, яъни 2016 йилдагига нисбатан 8,1 фоиз кўпдир. Биргина пойтахтимиз мисолида охирги икки йилда оилавий ажримларнинг 20 — 25 фоизига айнан тўй-ҳашамларимиздаги ортиқча дабдабабозлик, сохта обрў кетидан қувиш, шу билан бирга, ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги, уларда меҳр-муҳаббат ва садоқат туйғуларининг шаклланмагани сабаб бўлмоқда.

Ўзбек оиласи ўзининг чуқур маънавий-иқтисодий пойдеворига эга. Биз бу пойдеворни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Бузғунчилик, беҳаёлик, бефарқлик разолатига ботган “оммавий маданият” гирдобидан ёшларимизни асраб, миллий қадриятларимизга асосланган анъаналаримизни, урф-одатларимизни, маънавий меросимизни улар қалбига сингдиришимиз даркор. Токи, оила аталмиш муқаддас қўрғонимизга асло дарз кетмасин.

Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш 
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер