“Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди

18:05 05 Декабрь 2024 Жамият
148 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

БМТ Бош Ассамблеясининг 2003-йил 21-ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004-йилдан эътиборан “9-декабр – Халқаро коррупсияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.

Бош Ассамблея резолюциясида ушбу кунни белгилашдан мақсад, коррупсия муаммосининг туб моҳиятини тушуниб етиш ва коррупсия билан курашиш ҳамда уни олдини олишдан иборатлиги қайд этилган.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб коррупсия халқаро даражадаги глобал муаммолардан бирига айланди. Коррупсия дунё бўйлаб халқаро савдода миллиардлаб зарар келтирмоқда.

Юртимизда коррупсияга қарши курашиш йўналишида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ҳамда тизимли чора-тадбирлар асосида кенг кўламли фаолият олиб борилмоқда.

Бугун, 5-декабр куни “Ўзбекгидроенерго” АЖ “Комплаенс-назорат” ва коррупсияга қарши курашиш бўлими томонидан тизим корхонаси ҳисобланган “Чирчиқ ГЕСлар каскади” филиалида “9-декабр – Халқаро коррупсияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Тадбирда “Ўзбекгидроенерго” АЖ масъул раҳбарлари, ОАВ вакиллари, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг талаба-ёшлари ва “Чирчиқ ГЕСлар каскади” филиалининг ишчи-ходимлари иштирок этди.

Тадбирни “Ўзбекгидроенерго” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Равшан Байкулов кириш сўзи билан очиб, жамиятда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, фаолиятга доир янгиликлар тўғрисида умумий маълумот берди.

Шундан сўнг, асосий маъруза билан Жамият “Комплаенс-назорат” ва коррупсияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Шавкат Каратаев сўзга чиқиб, жамиятда коррупсияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати, коррупсияга йўл очиб берадиган механизмларга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш орқали инсон омилини камайтириб, адолатли, шаффоф тизимни яратиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, порахўрлик, қариндош-уруғчилик ва таниш-билишчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Республикамизда 2017-йил 3-январда 33 моддадан иборат “Коррупсияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унда “коррупсия”, “коррупсияга оид ҳуқуқбузарлик”, “манфаатлар тўқнашуви” каби асосий тушунчаларга изоҳ берилган. Шунингдек, коррупсияга қарши курашишнинг асосий принсиплари белгиланган.

Жумладан, Қонуннинг 4-моддасига кўра, коррупсияга қарши курашишнинг асосий принсиплари сифатида қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги кўрсатиб ўтилган.

Шундан сўнг, Жамият харидлар тизимида коррупсиявий ҳолатларни олдини олиш ва бу борада амалга оширилаётган фаолият борасида Харидларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Элдор Маматов маърузаси тингланди.

Албатта, бу каби ишларни рақамлаштириш жараёнларисиз амалга ошириб бўлмаслигини инобатга олиб, бу борадаги фаолият юзасидан Рақамлаштириш ва АКТни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Кабул Икрамов сўзга чиқиб, Жамият тизимида рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?