Носфурушдан олинган китоб

16:47 10 Апрель 2020 Жамият
2863 0

Иллюстратив фото

...Ўшанда 1947 йилнинг баҳори эди. Бухородаги бозорга тушган ёш тадқиқотчи Саиджон Алиевнинг эътиборини ёнига икки – уч китобни қўйиб олиб, одамларга нос сотаётган одам тортиб қолди.Носфуруш чаққонлик билан китоб варағини йиртар ва носни унга ўраб харидорга узатарди.

Саиджон ижозат сўраб, китобларни варақлади.Муқоваси қалин, зарҳал ҳарфлар билан битилган китобни кўрганда юраги ҳаприқиб кетди.Бу 1583 йилда Мир Ҳусайн ал-Ҳусайний томонидан кўчирилган Бухоро амири, шоир Убайдий қаламига мансуб “Куллиёт” асари эди.Ёш тадқиқотчи носфуруш сўраган пулни бериб, китобни бағрига босганича уйига қайтди.

Орадан бир йилча вақт ўтгач, “Куллиёт”ни Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига топширди.Асар ягонанусха сифатидаинститут қўлёзмалар фондидан ўрин олди.Адабиётимиз хазинаси бир нодир асар билан бойиди.”Куллиёт”нинг яна бир аҳамиятли жиҳати шунда эдики, шеърлар ўзбек, форс – тожик ва араб тилларида битилганди.Шу тариқа носфурушдан олинган китоб шарофати билан XVI асрда юртимизда уч тилда ижод қилган зуллисонайн шоир кашф этилди.

Шу ўринда Убайдий ҳақида қисқача тўхталиш фойдадан холи эмас.1486 – 1540 йилларда яшаб ўтган Убайдий элпарвар, юрт босқинчиларига қарши мардонавор курашган хон ва нозиктаъб шоир сифатида тарихда қолган.У 1533 – 1540 йилларда Бухоро ҳукмрони бўлган.Унинг хонлиги даврида Зарафшон дарёси устида Меҳтар Қосим кўприги ҳамда шаҳарда машҳур Мир Араб мадрасаси барпо этилган.Яссавия ва Нақшбандия тариқатига эътиқод қўйган, тасаввуфни чуқур ўрганган бу аждодимиз Убайдий, Қул Убайдий, Убайдуллоҳ тахаллуслари билан ижод қилган.Йирик рубоийнавис.Ҳикматнавислик борасида Аҳмад Яссавий анъанасини давом эттирган.Бизгача етиб келган 220 дан зиёд ҳикмати шундан далолат беради.Қабри Баҳоуддин Нақшбанд қадамжосидаги Дахмаи Шоҳон (Шоҳлар даҳмаси)да.

Айтмоқчи, олис 1947 йилда Убайдийнинг нодир асарини носфурушнинг қўлидан сотиб олиб, Шарқшунослик институтига топширган Саиджон Алиев кейинчалик йирик адабиётшунос, забардаст мураббий бўлиб етишди.Садриддин Айний, Ойбек, Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдуллаев сингари адабиётимиз жонкуярлари изидан бориб, кўплаб асарлар яратди.Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ) профессори сифатида юзлаб ёшларга сабоқ берди, шогирдлар тайёрлади.82 ёшда вафот этди.

Дарвоқе, Убайдийнинг “Куллиёт”и Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида 8931 – рақами остида қайд этилган.Шу асар асосида олимларимиз томонидан кўплаб илмий – тадқиқот ишлари қилинган.Бу бежиз эмас. Убайдийнинг ғазал ва рубоийлари ҳаётийлиги, мазмундорлиги, бадиий жиҳатдан пухталиги боис ҳали – ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.Бунга ишонч ҳосил қилиш учун унинг қуйидаги ҳикматини ўқишнинг ўзи кифоя:

Сабр этса киши, муродиға етгусидир,
Ўзини сабур аҳлидин этгусидир.
Сабр этмакдин анга етиб хуррамлик,
Ғам хайли анинг хотиридин кетгусидир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер