Ноқонуний ҳолатлар «БиллингГаз» дастурида акс этмоқда

14:04 21 Февраль 2022 Иқтисодиёт
818 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бугунги тезкор ривожланиш, рақамлаштириш давридаги «ақлли технологиялар» қинғир ишнинг қийиғини қирқ дақиқага ҳам етмасдан оммага ошкор этмоқда. Гап шундаки, Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора — тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, республикамиз бўйлаб табиий газ истеъмолчилари хонадонларига «ақлли» ҳисоблагичлар бепул ўрнатиляпти. Бундан кўзланган мақсад инсон аралашувисиз табиий газнинг бир маромда аҳоли хонадонларига етиб боришини таъминлаш ҳамда дебитор қарздорликнинг олдини олишдан иборатдир. Ҳозирга қадар пойтахтимизда 180 мингдан ортиқ хонадонларга шундай газ ҳисоблагичлар бепул ўрнатиб бўлинди.

“Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали жисмоний шахсларга табиий газ етказиб беришни назорат қилиш бўлими томонидан жойларда ўтказилган тезкор рейд тадбирлари давомида февраль ойининг 18 санасига қадар 20дан ортиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Хусусан, биргина Олмазор туманида 10дан ортиқ хонадонда замонавий ҳисоблагичдан нотўғри фойдаланиб, газ таъминотига моддий жиҳатдан зарар етказилган. Бу каби қонун бузилиш ҳолатларидан Яккасарой, Шайхонтоҳур туманлари ҳам ҳоли эмас. Масалан, Яккасарой тумани, Абдулла Қаҳҳор кўчасида истиқомат қилувчи хонадон эгаси газ таъминоти корхонаси томонидан ўрнатиб кетилган газ ҳисоблагични ноқонуний ечиб, резина шланг ёрдамида табиий газдан фойдаланиб келган. Натижада 21 666 метр куб табиий газни сарф қилиб, корхонага 8 233 080 миллион сўм миқдорида моддий зарар келтирган.

Таъкидлаш жоизки, «ақлли» ҳисоблагичлар истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмини доимий кўриш имконини беради. «БиллингГаз» дастури орқали шаҳар аҳолисининг кунлик истеъмол қиладиган табиий газ ҳажмлари кўриниб туради. Агар истеъмолчи ҳисоблагични ечиб қўйиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётган бўлса, бу дастурда бевосита акс эттирилади. «0» кўрсаткич юбораётган ҳисоблагичлар таҳлил қилиниб, жойларга чиқиб ўрганилади. Ўрганишларда эса мутахассислар томонидан ўша вақтнинг ўзида истеъмолчи хонадони табиий газ тармоғидан узиб қўйилади ҳамда далолатнома расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?