Нобел мукофотининг пулини ким нимага сарфлаган?

13:37 25 Февраль 2021 Маданият
1312 0

Михаил ШОЛОХОВ

Таниқли рус ёзувчиси Михаил Шолохов 1965 йилда Нобел мукофотига лойиқ деб топилган. Ёзувчи мукофот пулининг кўп миқдорини дунё бўйлаб сайру саёҳат учун сарфлайди.

«Отам 1941 йилда олган Сталин мукофотининг пулини Мудофаа фондига ўтказган бўлса, Ленин мукофотининг пулини ўзи ўқиган мактабнинг таъмири учун ишлатган. Нобель мукофотининг пулини эса ўзи учун сарф қилди. Отам ўша пулга бизга, ўз болаларига, Европа давлатлари ва Японияни кўрсатди. Биз уловда Англияни, Францияни, Италияни бошдан-оёқ сайр қилдик» – дея ёзади ўз хотираларида Шолоховнинг қизи Светлана.

Иван БУНИН

Бу мукофотга 1933 йилда лойиқ кўрилган рус ёзувчиси Иван Бунин оиласининг яқин дўсти Зинаида Шаховская ўз эсдаликларида шундай ёзган:

«Францияга қайтган Иван Алексеевич пулини дабдабали маросимлар ўтказиш, муҳожирларга ёқиш учун байрамлар ташкиллаштириш учун сариқ-чақасигача сарф қила бошлайди. Ниҳоят, энг сўнгги маблағини ҳам «Хайрихоҳ одамлар»нинг маслаҳати билан «Фойдали иш»га тикади ва пулларнинг қолгани ҳам ҳавога совурилади.

Дарио ФО

1997 йилда Нобел мукофотига лойиқ деб топилган италиялик машҳур драматург Дарио Фо олган пул мукофотини қайсидир «бизнес»га тикадию, натижада пушаймондан бошқа нарса унга ёрдамга келмайди.

Рене Франсуа Арман Сулли-Прудом

1901 йилда адабиёт йўналишининг илк Нобель мукофотичиси, француз шоири Сулли-Прудом ўз пулларига номини абадийлаштирмоқ учун «Сулли-Прудом шеърият мукофоти»ни таъсис қилади.

Бироқ мукофотнинг умри қисқа бўлган — бор-йўғи 6 йил. Шоир оламдан ўтганидан сўнг эса фонд бутунлай ёпиб юборилган.

Габриэль Гарсия МАРКEС

Колумбия ёзувчиси Габриэль Гарсия Маркес 1982 йилда олган Нобель мукофоти пулига «Колумбия адабиёти» номи остида журнал ташкил этади. Бу журнал ҳозирда ҳам ёзувчининг ўз ўлкаси ва Мексикада нашр қилинмоқда.

Имре КАРТEС

2002 йилнинг Нобель мукофоти соҳиби, можар ёзувчиси Имре Картес олган мукофот ҳаққини умр йўлдошига топширган.

«Аёлим мен билан йўқсил ва ночор ҳаёт кечирган йиллари учун унга истаган нарсасини сотиб олишга рухсат бердим. Истаса кийим-кечак, истаса зеб-зийнат харид қилсин» ­– деганди ёзувчи газетага берган бир суҳбатида.

Александр СОЛЖEНИЦИН

1970 йилда Нобел мукофотига лойиқ кўрилган рус ёзувчиси Александр Солженицин ўз мукофот пулига АҚШнинг Вермонт штатидан катта ҳовли сотиб олган. Бу ҳовли икки уйдан иборат эди. Ёзувчи уйларнинг биридан ишхона сифатида фойдаланган бўлса, яна бирида турмуш ўртоғи, қайнонаси ва уч ўғли истиқомат қиларди.

Ўрхон ПОМУҚ

2006 йила Нобель мукофотига сазовор бўлган Туркиялик ёзувчи Ўрхон Помуқ мукофот пулининг бир қисмини «Масъумият музейи» романи асосида Истанбулда ўзи ташкил қилган айни номли музей биносини сотиб олиш, музей дизайни ва экспонатлари учун сарфлаган.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?