Навбатдаги глобал «яшил» ташаббус
Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтаётган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» иккинчи халқаро саммити ишида иштирок этди.
Икки кунлик форум кун тартибидан иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, «яшил» тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари ўрин олган.
Тадбирда дунёнинг етакчи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда. Хусусан, саммитда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Европа Кенгаши Раиси Шарл Мишель ва Европа Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляен, Германия Канцлери Ангела Меркел, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон, ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кецян, АҚШ Президентининг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керри, Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Яшил ўсиш глобал институти раиси Пан Ги Мун ва ИҲТТ бош котиби Анхел Гуррия қатнашмоқда.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида «яшил» тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Давлатимиз раҳбари «яшил» ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини енгиб ўтиш бу борадаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Шу муносабат билан Президентимиз яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси тўлиқ қўллаб-қувватлангани учун барча халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Мазкур йўналишдаги ишларни, шу жумладан махсус ташкил этилган БМТ Траст жамғармаси, Яшил ўсиш глобал институти, “P4G” шериклик платформаси ва бошқа халқаро институтлар доирасида биргаликда фаол давом эттириш таклиф этилди.
Минтақамизда иқлим ўзгаришлари, буғланиш даражасини оширувчи газлар ва атмосфера ифлосланиши муаммолари таъсирида трансчегаравий дарёлар оқими ва биологик хилма-хиллик қисқараётгани муносабати билан жиддий хавотир билдирилди.
Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар иссиқхона газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ экани таъкидланди.
Шу муносабат билан «яшил» технологияларни кенг жорий қилиш ва «яшил» энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини бериши қайд этилди.
Келгуси йили Ўзбекистонда «Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика» мавзусида халқаро конференция ўтказиш, шунингдек, «яшил» истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида «яшил» иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурни амалга ошириш ташаббуслари илгари сурилди.
«Яшил» истеъмол маданият авваламбор, экологик масъулиятни ҳис этган ҳолда юриш-туриш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш мақсадларида ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини ривожлантиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу хислатларни эса инсоннинг ёшлигидаёқ онгида сингдириш ўз самарасини беради.
Шу сабабли ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «яшил» иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурни амалга ошириш ташаббуслари жамиятда экологик маданиятни юксалтиришга имкон беради.
Форум иши давом этмоқда. Унинг якунида «яшил» тикланиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш бўйича энг муҳим вазифаларни ўзида акс эттирадиган Сеул декларацияси қабул қилинади.
Моҳира ХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
- АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемаларни кузатиб боришни бошлаши мумкин
- 14 март куни кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди
- Қийинчиликларда тобланган, ички куч ва оғриқларни жиловлай олган — «Инсон»
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг