Нарендра Моди Исроилда: ташриф кимлар учун хавотирли
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди чоршанба куни Исроилга ташриф буюрди. Бу унинг иккинчи келиши бўлиб, 2017 йили ҳам мамлакатда бўлган.
Моди аэропортдан тушиб келар экан, уни Биньямин Нетаньяҳу қизил гилам ёйиб кутиб олди. Нетаньяҳу олдинроқ минтақадаги радикал кучларга қарши иттифоқ тузишини айтганди. Бош вазир радикал кучларга қарши курашмоқчилигини айтиб, «Сунний» ва «Шиа ўқи»ни назарда тутган эди.
Исроилнинг очиқ танқидчиси бўлган Эрдўғон Саудия Арабистони ва Покистон билан стратегик мудофаа шартномасини расмийлаштираётганидан келиб чиқилса, иттифоқ кучи кимга қаратилганини билиш қийин эмас.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, шу фонда Ҳиндистоннинг Исроил билан чуқурлашиб бораётган ҳамжиҳатлиги Исломободнинг аллақачон беқарор минтақадаги стратегик ҳисоб-китобларига бевосита таъсир қилади ва уларни ўзгартириши мумкин.
Мудофаа ва технология алоқаларини кенгайтириш
Ҳиндистон-Исроил муносабатлари Модининг 2017 йилдаги ташрифидан бери кескин тезлашди. Ҳиндистон ҳозирда Исроилнинг энг йирик қурол мижозидир ва навбатдаги учрашув кун тартибини мудофаа, сунъий интеллект, квант ҳисоблаш ва киберхавфсизлик масалаларини қамраб олган.
Эндиликда Исроил Ҳиндистонга чекланган ҳарбий техника экспортини очиши кутилмоқда. Муҳокама қилинаётган қуроллар орасида 2025 йил декабрь ойида Исроил армияси қўшилган 100 квт қувватга эга юқори энергияли лазер қуроли бўлган «Iron Beam» ракета мудофааси технологияларини маҳаллий даражада ишлаб чиқариш бўйича ҳам ҳамкорлик кўриб чиқилмоқда.
«Янгиликлар шуни кўрсатадики, улар махсус стратегик битим имзолашмоқчи, бу битим ўтган йили Покистон ва Саудия Арабистони томонидан имзоланган келишувга ўхшайди. Исроил аллақачон АҚШ ва Германия каби давлатлар билан шундай махсус келишувларга эга», — дейди Покистоннинг Қўшма Штатлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги собиқ элчиси Масуд Хон.
«Биз ўтган йили Ҳиндистон-Покистон можаросида Исроил дронларининг қандай ишлаганини кўрдик (Ҳиндистоннинг 2025 йил май ойида Покистонга қарши ҳужумлари пайтида Исроил платформаларидан фойдаланганлиги назарда тутилмоқда). Ўшанда икки мамлакат тўрт кунлик шиддатли ҳаво урушини олиб боришган эди», — дейди Покистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Масуд Холид.
Ҳиндистоннинг Исроил билан мудофаа алоқалари энди бир томонлама эмас. Al Jazeera ёзишича, 2024 йилда Исроилнинг Ғазога қарши уруши пайтида ҳинд қурол фирмалари Тель-Авивга ракеталар ва портловчи моддалар етказиб беришган.
«Ҳиндистон Исроил билан стратегик ҳамкорликка кирганлиги аниқ ва иккала ҳукумат ҳам ўз ҳаракатлари учун танқид қилинган бир пайтда, бу икки томонлама муносабатлар иккаласи учун ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда», — деди Ар-Риёдда жойлашган Қирол Файсал ва Ислом тадқиқотлари марказининг ҳамкори Умер Карим Al Jazeera нашрига.
Нетаньяхунинг «Олти бурчакли» иттифоқи ва Покистон
Нетаньяҳунинг «Олти бурчакли» иттифоқи ҳақида ҳали аниқ маълумот йўқ. Бу ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берилиши айтилган. Исроил 2024-2025 йилларда Ҳизбуллоҳ ва ҲАМАС каби Эронга алоқадор гуруҳларга қарши кампанияси орқали Нетаньяҳу «Шиа ўқи» ни заифлаштирганига ишонсада янги пайдо бўлаётган «Сунний ўқи» уни хавотирга солмоқда.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу сиёсат Исроилни кескин танқид қиладиган давлатлар ва ҳаракатларга, жумладан, Туркияга ва Покистон сингари Ар-Риёд хавфсизлик алоқаларини мустаҳкамлаган мамлакатларга тегишли бўлиши мумкин. Покистон, шунингдек, ядровий қуролга эга бўлган ягона мусулмон давлатидир. Бу Исроилни узоқ вақтдан бери ташвишга солиб келмоқда: 1980 йилларда Исроил Покистондаги ядровий иншоотга қарши қўшма ҳарбий операция учун Ҳиндистонни жалб қилишга ҳаракат қилган, аммо Нью-Деҳли бетараф қолганидан кейин режадан воз кечган эди.
Ҳиндистон RAW (Қидирув ва Анализ Қаноти) ҳамда Исроил Моссад ўртасидаги разведка маълумотлари алмашинуви олтмишинчи йилларга бориб тақалади.
Анқаралик мустақил Форс кўрфази тадқиқотчиси Гокҳан Эрели Исроил Покистонга тўғридан-тўғри босим қилишдан кўра, Ҳиндистон ва Ғарб билан биргаликда таҳдид қилиш йўлини танлашини айтади. Ушбу фикрни бошқа таҳлилчилар ҳам қўллаб-қувватлайди.
Форс кўрфази мувозанати ҳаракати
Покистон учун энг мураккаб майдон Форс кўрфазидир. Ўнлаб йиллар давомида у иқтисодиётининг муҳим устунини ташкил этувчи кредитлар ва пул ўтказмалари каби молиявий ёрдам учун Форс кўрфазидаги шерикларга таяниб келган.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Саудия Арабистони билан стратегик ўзаро мудофаа шартномаси имзолангандан сўнг, Туркиянинг ҳам шу «фронтга» қўшилиши бўйича мунозаралар кучайди. Шунга қарамай, Покистоннинг энг яқин Форс кўрфази шерикларидан бири бўлган Бирлашган Араб Амирликлари 2026 йил январь ойида Ҳиндистон билан стратегик шартнома имзолади.
«Покистон Яқин Шарқнинг асосий мамлакатлари, Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Қувайт билан икки томонлама алоқаларини мустаҳкамлашда яхши ишлар қилмоқда. Аммо Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашидан ташқари, Покистон минтақавий ҳамкорликни, айниқса Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Эрон ва Россия билан алоқаларни ривожлантириши керак. Савдо ва ҳамкорликни кенгайтириш орқали геоиқтисодиёт ушбу минтақавий ҳамкорликнинг асоси бўлиши лозим», — дейди Холид чуқурроқ иқтисодий интеграцияга чақириб.
Вазиятни янада мураккаблаштираётган жиҳат Эроннинг ҳозирги минтақавий кескинликдаги марказий роли. Вашингтон Эронга қарши потенциал ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдид қилаётгани ва Исроил Теҳронда режимни ўзгартиришга босим ўтказаётгани сабабли, Покистон дипломатияни қўллаб-қувватлаш орқали кескинликни юмшатишга ҳаракат қилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг