Наманганда устозлар форуми бўлиб ўтди
Фото: “Халқ сўзи”
Вилоят маданият марказида “Сифатли таълим – кучли жамият” шиори остида ташкил этилган форумда ўтган ўқув йили якунлари ва янги ўқув йилидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуман вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги жараёнига бағишланган кўргазма билан бошланди. Унда таълим муассасаларида яратилган моддий-техник база, ижодий ишлар, ўқувчилар ва илм даргоҳлари жамоаларининг изланишлари маҳсули, ахборот технологиялари ва уларнинг иш самарадорлиги билан боғлиқ ютуқлар намойиш қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, юрт равнақи, мамлакат истиқболи келажагимиз эгаларининг ҳар жиҳатдан илму салоҳиятли, замонавий билимларни чуқур ва мукаммал эгаллаган ўғил-қизлар бўлиб вояга етишига боғлиқлиги ҳақида фикр юритди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ойбек Зокиров маърузасида таълим тизимига қаратилаётган эътибор, педагог касбининг жамият, келажак авлод олдидаги масъулияти ҳақида сўз борди.
— Вилоятимизда бугунга келиб ўқиш ва ўқитишни юқори даражада ташкил этишнинг барча имкониятлари яратилган, — деди О. Зокиров. — Хусусан, бошқарма тасарруфида бугунги кунда 1334 та давлат таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларнинг 606 таси мактабгача таълим, 714 таси умумтаълим, 12 таси ихтисослаштирилган, биттаси ижод ҳамда биттаси Президент мактаби шаклида фаолият кўрсатмоқда.
Бошқарма бошлиғи тугалланган йил якунлари ҳақида гапирар экан, вилоят бўйича 1333 нафар битирувчи муддатидан аввал хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлигини соҳадаги ислоҳотлар, ўқитувчи -педагогларнинг самарали меҳнати, ўқувчиларнинг тиришқоқлиги натижаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Яқинлашаётган ўқув йилида бу сингари муваффақиятлар янада кўпаяди. Боиси мактабларга илғор таълим дастурларини жорий этиш, таълим сифатини ошириш, педагогларнинг касбий ривожланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида сентябрь ойидан бошлаб 1-4-синфлар учун янги авлод дарсликлари жорий этилади. 7 та мактабда ўқувчиларнинг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этиш тажриба-синовдан ўтказилади. Шунингдек, 14 та мактабда тажриба сифатида инглиз тили фанидан ташқари 7-синфдан иккинчи хорижий тил сифатида француз ва немис тиллари қўшимча ўқитилиши, 10-синфдан битта касб ўргатилишини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Анжуман якунида таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган, фаол, ташаббускор ва изланувчан, муносиб натижаларга эришаётган устоз ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг