Наманганда ўрик пишиб, уни экспорт қилиш ҳам бошлаб юборилди

18:55 02 Май 2023 Иқтисодиёт
947 0

Фото: «Халқ сўзи»

Наманган вилоятининг Поп туманила мевали боғлар, айниқса, ўрикзорларни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилаёганлиги ушбу тармоқни агросаноатнинг даромадли йўналишига айлантирмоқда. Бунда туман ҳудудидаги йиллар мобайнида бўш турган адир ерларда интенсив боғлар яратиш бўйича “Nuran.Uz” мева-сабзавотчилик кластери томонидан бошланган ташаббус алоҳида аҳамиятга эга.

Тадбиркорлик субъекти томонидан барпо этилган ўрикзорларда инновацион технологияни муваффақиятли қўлланиш ҳисобига экинлар барвақт ҳосилга кирди. Ўтган қисқа вақт ичида тўртта қудуқ қазилиб, 102 гектар майдонда томчилатиб суғориш орқали ўрик, шафтоли ва наъматак парваришлаш йўлга қўйилди. Эртапишар ва ҳосилдор бу меваларнинг кўчати Испания давлатидан келтирилган бўлиб, бизнинг еримиз ва иқлимимизга тезда мослашди.

Бугун “Nuran.Uz" нинг боғларида ўрик ғарқ пишган. Ҳосилни йиғиб олишга жадал киришган поплик боғбонлар халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган дармондорига бой неъматни Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, БАА, Корея, давлатларига экспорт қилишга ҳам киришдилар.

Поп туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда 500 нафар мавсумий ва 50 нафар доимий ишчи ўрни яратилган мева-сабзавотчилик кластерида ҳосилни йиғиштириш, саралаш ва қадоқлаш ишлари жадал олиб борилмоқа. Бизнес режага мувофиқ, жорий йилги мавсум давомида ўрикнинг ўзидан 1000 тонна атрофида ҳосил олиш ва чет давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?