Наманганда «Мен танлаган касб» сайли
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Вилоят марказидаги «Уч фаввора» хиёбонида ташкил этилган «Мен танлаган касб» сайлида уч мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Наманган вилоят филиали бир муддат аввал 27 мингга яқин йигит-қизлар ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказиб, уларнинг қайси касбга қизиқишини аниқлаганди.
Ўрганишлар натижасида мактаб битирувчиларининг кўпчилигида касб ва мутахассисликлар бўйича тушунчалар етарли эмаслиги, хўжалик юритувчи субъектлар ҳақидаги тарғиботлар сустлиги кўзга ташланди. Тадбирда масаланинг айни шу жиҳатига эътибор қаратилиб, бу ерда 40 дан ортиқ давлат ва хусусий сектор ташкилотлари кўргазмаларини ташкил этилди. Бунга қўшимча «мактаб – олий таълим – ташкилот» ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи «Давлат хизматига очиқ йўл», «Маънавият», «Рақамли технологиялар», «Фан ва таълим», «Ишга марҳамат», «Ҳарбий ватанпарварлик», «Ёшлар ва спорт», «Маданият ва санъат», «Ижтимоий ҳимоя ва саломатлик», «Заковат» сингари ўнта майдончанинг ташкил этилганлиги иштирокчилар учун айни муддао бўлди.

– Бугунги сайлнинг келажакда ўз мақсадларимизни аниқ белгилаб олишда ўрни беқиёс, – дейди Наманган шаҳридаги 31-мактабнинг юқори синф ўқувчиси Фарруҳ Қосимов. – Анчадан буён ҳуқуқшунос бўлсамми ёки солиқ соҳасини танласамми, деб иккиланардим. Давлат солиқ хизмати идораси уюштирган кўргазма материаллари, соҳа ходимлари билан суҳбатдан кейин қарорим қатъийлашди. Бунинг учун математика, иқтисодиёт фанларини янада чуқур ўрганишим кераклигини англадим.

Сайлда Наманган шаҳридаги Мономарказга 200 нафарга яқин ёшлар касбга ўқитиш курсларига қатнашиш истаги борлигини билдириб мурожаат қилган. Адлия, қурилиш, иқтисодиёт ва молия, банк, соғлиқни сақлаш идоралари, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ёшлар ишлари тизимларида амалиёт ўташ бўйича 400 кўпроқ киши ушбу йўналишдаги ташкилот, муассасалар билан келишувга эришди.
Ҳарбий ватанпарварлик майдончасидаги кўргазмалар ва тақдимотлар натижасида 500 нафарга яқин ёшлар ҳарбий тузилмаларда хизмат қилиш ва ишлаш истагини билдирган. Улар орасида қизларнинг борлиги қувонарли.
– Болаликдан ҳарбий либосдаги опаларга ҳавас қиламан, – дейди Наманган Давлат педагогика институти талабаси Мадина Ҳабиалиева. – Вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари ўз сафларида бемалол ишлашим мумкинлиги, бунинг учун қайси талабларга жавоб беришим хусусида батафсил тушунча беришди.

Шу куни давлат фуқаролик хизматига ёшларнинг қизиқишларини ошириш мақсадида, ушбу соҳа хизматчиларининг олий таълим муассасаларида дарс беришини йўлга қўйиш, умумий ўрта таълим мактабларида давлат органлари ва ташкилотларининг кўргазмаларини ва мактаб ўқувчилари учун давлат органларига экскурсияларини ташкил этиш, битирувчи синф ўқувчилари учун «Очиқ эшиклар куни» тадбирларини мунтазам ўтказиш юзасидан тегишли идоралар ўртасида ўзаро келишувлар амалга оширилди.
«Ёшлар сайли»да касблар тарғиботи, спорт мусобақалари, «Заковат» интеллектуал ўйини, эстрада хонандалари томонидан бадиий дастурлар намойиш этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг