Наманганда энг заковатли жамоа аниқланди

16:24 24 Сентябр 2024 Жамият
221 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/“Халқ сўзи”. “Заковат” интеллектуал ўйинига ёшларнинг қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу Наманганда танловнинг жорий йилги турнири баҳсларида ҳам кузатилди. Куни кеча Наманган шаҳридаги “Янги зиё” маърифат масканида ўтказилган вилоят босқичида 252 нафар ўқувчидан иборат 42 жамоа ғолиблик учун майдонга тушди.

Табиийки, барча йўналишларни ўз ичига олган бир-биридан қизиқарли ва мураккаб 30 та савол ўйналган баҳслар муросасиз кечди. Унда ўқувчилар тезкорлик, танқидий ва таҳлилий фикрлаш борасидаги билим ва иқтидорларини тўла ишга солди. Якунда Чуст туманидаги 52-умумтаълим мактабининг “Ибн Сино издошлари” жамоаси бошқа қатнашчиларга нисбатан устунлигини кўрсатиб, шоҳсупанинг биринчи поғонасига чиқди.

— Тарих фани муаллими Салоҳиддин Олимов раҳбарлигида интеллектуал ўйинга жиддий ҳозирландик, — дейди ғолиб жамоа сардори, мактабнинг 11-синф ўқувчиси Маъруф Ғуломжонов. — Бунда фанларнинг ўзини такрорлаш билан чекланмасдан ҳаётий назарияларни чуқур ўрганганимиз, муаммоли мантиқий масалалар устида астойдил бош қотирганимиз ўз натижасини берди. Айтишим мумкинки, “Заковат”га тайёргарлик жараёнида ўзлаштирган билим ва кўникмаларимиз кейинги босқичдаги режаларимиз ижроси, хусусан, олий ўқув юртига киришимизда ҳам асқатади, албатта.

Шу кунги “ақллилар баҳси”да Наманган шаҳридаги 1-ДИМИнинг “Алпомиш”, Тўрақўрғон туманидаги 4-ДИМИнинг “Зиёкор” жамоалари ҳам кейинги фахрли ўринларни эгаллаб, республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер