Наманганда бозорлар рақамлаштирилмоқда

15:09 20 Август 2025 Жамият
182 0

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш ва барча соҳаларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мақсад инсон омилини қисқартириб, шаффофликни таъминлаш ва фаолиятда коррупция, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ҳамда бундай иллатларга қарши муросасиз курашишдир. Бу борада Наманган вилоятида ишлар кўлами кенгаймоқда. Бу жиҳатдан аҳолига хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасини рақамлаштириш жуда муҳим ҳисобланади.

Наманган вилояти бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини мувофиқлаштириш уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунга қадар 7 та бозорда рақамлаштириш ишлари якунланган.

— Вилоят марказидаги “Наманган Чорсу деҳқон универсал бозори” АЖда рақамлаштириш биринчи бўлиб амалга оширилди, — дейди мазкур уюшма мутахассиси Лутфулло Болтабоев. — Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун учта номзод корхона танловда иштирок этиб, “Tech Data soft” МЧЖ ғолиб чиққан эди. Икки томон ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ бозорнинг “Полиз ва яшил маҳсулотлар” растасини рақамлаштириш учун 300 миллион сўмлик иш бажарилди. Дастлабки босқичда 144 та дўкон ва савдо ўрни алоҳида абонент сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бошқа зарур юмушлар амалга оширилди. Навбати билан “Зира ва дон маҳсулотлари” растасида савдо ўринлари бўйича рақамлаш, кузатув камераларини ўрнатиш, созлаш жараёнлари охирига етказиляпти.

Таъкидлаш жоизки, “Наманган чорсу деҳқон универсал бозори” АЖдаги дастлабки ўрганишларда 48 нафар фуқаро ноқонуний фаолият юритиб келганлиги, 71 та якка тартибдаги тадбиркор ҳужжатларда ишни тўхтатганлиги кўрсатилса-да, амалда фаолият кўрсатиб келганлиги аниқланган. Табиийки, улардан тўловларни ундириш “унутилмаган”, олинган маблағ эса кассага эмас, кимларнингдир чўнтагига тушган. Биринчи навбатда ана шу субъектларни янгича тартибда ишлашга ўтказишга эътибор қаратилди. Бугунги кунда бу ердаги 782 та савдо ўринларининг 300 дан кўпроғи рақамли бошқарув тизимига уланган. Бозордаги барча молиявий манбалар реал вақт режимида кузатиб борилмоқда.

—Савдо ўрнини банд этиш, паттачилар билан муносабатда яқин вақтгача анчагина мураккабликларни бошдан кечириб келдик,—дейди сотувчи Дилором Абдураззоқова. – Энди ҳаммаси бошқача. Тўловларни қўл телефонимиздаги дастур ёрдамида онлайн тартибда амалга оширяпмиз. Бунда ўтказган ҳар бир сўмимиз қатъий ҳисобга олинади. Расталар ўртасига ўрнатилган банкоматлар эса нақд пул олиш эҳтиёжи бор харидорларга қулайлик яратди.

Айтиш лозимки, бозордаги рақамлаштириш тадбирлари ўз натижасини кўп куттирмади. Қисқа вақт ичида бозорнинг   ойлик тушум миқдори 200 миллион сўмга кўпайиб, 800 миллион сўмга етди. Шундан келиб чиқиб, бу ердаги қолган раста ва турғун савдо шохобчаларини ҳам рақамлаштириш тезлаштирилмоқда.

Соҳа мутахассисларининг айтишига қараганда, бозорларни рақамлаштиришнинг нафи катта. Энг аввало, савдо-сотиқ ишлари, сотувчи ва бозор ходимлари ўртасидаги муносабат шаффоф тус олади. Бу ўз навбатида   коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллар йўлини тўсади, дегани. Бугун “Чорсу”да нималар ўзгарган? Аксарият савдо расталарида бир марталик йиғимлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни инсон омилисиз, шу жумладан онлайн “QR” код билан тасдиқланадиган тўлаш тизими орқали амалга оширилмоқда. Айтиш мумкинки, савдо ўринлари тақсимоти бўйича таниш-билишчилик ҳам барҳам топган. Кўрсатилган хизмат учун йиғимлар паттачилар орқали эмас, онлайн бажариляпти, яъни, киссага эмас, тўғридан-тўғри кассага тушяпти. Ҳудудда кириб-чиқишни назорат қилувчи электрон кузатув тизими жорий этилганлиги эса хавфсиз бозор тамойили амал қила бошлаганидан далолатдир.

Бу каби янгиланишлар вилоятнинг бошқа туманларидаги бозорларда ҳам амалга оширилиб, тегишли мутахассислар томонидан кузатув камералари, ўлчаш, рақамлаш аппаратларини ўрнатиш давом эттирилмоқда.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер