Наманган – Иваново: ҳамкорлик алоқалари янги босқичда
Шу кунларда Россия Федерациясида расмий сафарда бўлиб турган Наманган вилояти делегацияси Иваново вилоятидаги текстиль корхоналари фаолияти билан танишди. Таъкидлаш лозимки, ҳар икки вилоят иқтисодиётида тўқимачилик ва мато ишлаб чиқариш соҳаси етакчи ўринни эгаллаб, минтақалар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Ташрифнинг биринчи кунида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Ивановодаги “ОТК Производство” компанияси раҳбари Артур Аракелян билан учрашди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур инвестор томонидан Тўрақўрғон туманида “Рунамтекс” хорижий корхонаси ташкил этилиб, бугунги кунга қадар умумий қиймати 40 млн. долларлик иккита йирик текстиль фабрикалари ишга туширилган. Уларда ойига 2-3 млн. долларлик маҳсулот экспортга чиқарилмоқда.
Музокаралар давомида Тўрақўрғон туманига яна 50 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиб, учинчи йирик тўқимачилик фабрикасини қуришга келишилди. Лойиҳа доирасида 1,5 мингта янги иш ўринлари ҳамда йиллик 35-40 млн. долларлик экспорт ҳажми яратилади.
Ташриф кун тартиби доирасида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва Иваново вилояти губернатори Станислав Воскресенский ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.
—Ҳудуд етакчиларининг ўзаро мулоқотида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва ижтимоий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги қирралари муҳокама этилиб, айни йўналишда узоқ муддатга мўлжалланган келишув имзоланди, — дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Окибжон Иномов. — Унда соҳалараро тажриба алмашув, янги инвестицияларни жалб этиш, йирик корхоналар ўртасида маҳсулот айирбошлаш ва бошқа ўзаро манфаатли масалалар ўрин олган.
Айни пайтда Наманган вилояти делегациясининг Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси II ҳудудлар Кенгашидаги иштироки давом этмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг