Музейга қачон боргансиз?
Термиз — нафақат Сурхон воҳасининг, балки бутун Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий марказларидан бири. Бу юртдаги ҳар бир тарихий обида, музей, ҳар бир экспонат минг йиллик тарихнинг жонли гувоҳи. Термизда фаолият юритаётган минтақамизда ягона Археология музейи, “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси, Термиз ва Термизийлар мероси тарихи музейи нафақат воҳа, балки бутун мамлакат илмий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Кўп минг йиллик тарихга эга бу шаҳардаги музейларда воҳанинг бой ўтмиши, маданияти ва буюк аждодларимиз қолдирган илмий меросини ифодаловчи 200 мингдан ортиқ осори-атиқалар, археологик топилмалар ва нодир манбалар сақланмоқда. Бу жойлар ёшлар учун ҳақиқий маърифат хазинаси, тарихни теранроқ ҳис этиш имкониятидир.
Афсуски, бугун музейлар залларида ёшларнинг ихтиёрий қадами кам. Масалан, Термиз археология музейи тарих ва маданиятнинг тирик манбаи бўлса-да, унинг жонли муҳитида ёшларнинг ўзи учун келгани, қизиқиш билан саёҳат қилгани кам кузатилади. Бу ҳолат нафақат Термизда, балки бутун мамлакат бўйлаб сезилаётган умумий муаммога айланган: ёшлар ва музейлар ўртасидаги масофа тобора узаяётгандек.
Сабаб нима? Тарихга бўлган қизиқиш сўнмоқдами ёки маданий узилиш пайдо бўлдими? Масала, аслида, фақат вақт ёки имкониятда эмас, балки муносабатда. Таълим тизимида тарих фанининг руҳий-тарбиявий қиммати камайиб, у фақат саналар ва воқеалар йиғиндисига айланиб қолгани натижасида ёшлар тарихни ҳис этмай қўйди. Замонавий технология, ижтимоий тармоқлар, тезкор ахборот оқими эса уларни экран ортидан билим олишга ўргатди. Улар учун “кўриш” эмас, “лайк босиш” қизиқарлироқ бўлиб қолди. Шу орқали тарих билан жонли мулоқот узилди.
Бошқа бир жиҳат — маданий муҳитдаги узилиш. Ёшларни музейга етаклайдиган биринчи инсон шубҳасиз, ота-она. Аммо кўпчилик ота-оналарнинг ўзи бугун музей эшигини очмаган. Тарихга бўлган қизиқиш ота-онанинг амалида кўрсатилмаган жойда болада илҳом уйғонмайди. Ҳолбуки, Термиз археология музейи жаҳондаги кўплаб илмий марказлар ҳавас қиладиган даражадаги бой манбага эга. Музейнинг нумизматика бўлимида минтақа тарихини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ўрганиш учун жуда муҳим бўлган тангалар, кўҳна қоғоз пуллар жамланган. Бу тангалар нафақат металл, балки вақтда музлатилган тарихнинг ўзи.

— Термиз археологик музейида турли даврларга оид тангалар, масалан, кушонлар, грек-бахтрия, сосонийлар, салжуқийлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврида зарб этилган нумизматик ёдгорликлар сақланади, — дейди археолог Тўхташ Аннаев. — Бу ашёлар Сурхон воҳаси қадимдан савдо-сотиқ, иқтисодий муносабатлар маркази бўлганини исботлайди. Буларни китобда ўқиш мумкин, лекин музейда уларни кўз билан кўриш, ушлаб ҳис қилиш бошқа дунё. Бу — тарих билан мулоқот.
Бу жонли мулоқотни ҳис этиш имконини яратиб берувчи жойлар, шубҳасиз, музейлар. Улар жонсиз экспонатлар тўплами эмас, балки миллат хотирасининг тирик марказидир. Шу боис ёшлар учун бу макон энг севимли маскан, қолаверса, ўз илдизини топиш, ўзлигини англаш мактаби бўлиши керак. Бироқ, бугун ёшлар кўпроқ виртуал дунёда боши айланиб кезиб юрибди. Тарихий мерос ҳақида ролик кўради, аммо унинг ортида турган ҳақиқий буюмни кўриш учун бир қадам ташламайди. Шу ерда савол туғилади: нега биз ўз тарихимизни “масофа”да севяпмиз?
Термиз археология музейи директори Мансур Нормўминов бу ҳақида шундай дейди:
— Бугунги ёшлар орасида музейларга қизиқишни юқори, деб бўлмайди. Тўғри, таълим муассасалари ёки тадбирлар доирасида келишади, лекин ихтиёрий ташриф жуда кам. Музей — бу жонли тарих. Бу ерда Ватанни севиш, ундан ғурурланиш ҳисси уйғонади. Истардимки, ота-оналар фарзандларини музейга олиб келишсин. Зеро, тарихни кўз билан кўрган бола унинг қийматини юрак билан ҳис қилади.
Аслида, ёшлар билан музейлар орасидаги масофани қисқартириш учун фақат тадбир эмас, тизимли ёндашув керак. Таълим муассасалари ва музейлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш лозим. Ҳар бир тарих дарсида “музей соати”ни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Музейларнинг ўзи ҳам замонавий форматда ёшларга яқинлашиши зарур: интерактив экскурсиялар, виртуал турлар, ижтимоий тармоқларда жонли эфирлар — буларнинг ҳаммаси музейни “жонли макон”га айлантиради. Ота-оналар ва маҳалла даражасида “маданий туризм” ташаббусларини йўлга қўйиш вақти келди. Маҳаллаларда оилалар ўртасида музейлардаги экспонатлар бўйича турли кўрик-танловлар ўтказиш, музейларга саёҳат уюштирган оилаларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш керак. Ишонинг, бундай тадбирлардан фақат жамият кўпроқ манфаат кўради. Республика миқёсида таълим-тарбия масканларидаги ўғил-қизларни, фақат Термиз шаҳрига эмас, балки ҳудудлардаги музейларга саёҳатини тез-тез ташкиллаштириш ҳам ёшлар ва музейлар ўртасидаги масофани қисқартиришига олиб келиши шубҳасиз.

Термиз музейлари нафақат тарихни сақловчи, балки келажакни маънан қуришда иштирок этувчи масканлардир. Бу ердаги ҳар бир тош, ҳар бир танга, ҳар бир топилма — бизнинг ким эканимизни сўзлаб беради. Ёшлар буни эшитса, миллатнинг илдизи янада мустаҳкамланади. Агар музей эшигидан ёшлар ўз ихтиёри билан кирса, у фақат экспонатни эмас, ўзлигини топади.
Фарҳод ЭСОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг