Муқаддасим, она тилим!
Фото: Халқ сўзи
Тил халқларни, маданиятларни, кеча ва бугунни боғлаб турувчи восита. Зотан, тил билган эл билади, деб бежиз айтмайдилар. Бироқ ўз она тилининг қадрига етиб, уни севиб ардоқлаган миллатгина асрлар оша ўз мавқейини сақлаб, ўзлигини йўқотмайди.
Навоий вилоятида ҳам мамлакатимизда «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани муносабати билан кенг кўламдаги маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Навоий давлат педагогика институти, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими, «Алишер Навоий нодир мероси тарғибот маркази» жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Муқаддасим, мунавварим она тилим!» маънавий-маърифий байрам тадбири шулардан бири бўлиб, унда тил билан боғлиқ бугунги муаммоларнинг ечимлари ҳақида фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
— Ўзбек тилига меҳр ва эътибор, аввало, оилада шаклланади, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев. — Боиси биз глобаллашув жараёнида яшамоқдамиз. Ахборот-коммуникация технологиялари ривожи дунёнинг глобаллашувига шиддатли туртки бўлмоқда. Ахборот маконида маданиятлар, қадриятлар, тилларнинг ўзаро тўқнашуви юз бермоқда. Шундай кескин рақобат шароитида миллий ўзлигимизни сақлаб қолишимизда, миллат бўлиб ривожланишимизда ўз тилимиз муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Уни асрамоқ – бурчимиз. Бунинг учун кўпроқ мулоқот, тил байрамлари, тилимизни тарғибот қилмоқ, адабий ва илмий асарлар яратиш керак бўлади.
Тадбирда талабалар томонидан ўзбек тили ҳақидаги шеърлар, куй-қўшиқлар ижро этилди, театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ҳудудда тил байрамининг расмий тантаналари вилоят марказидаги маданият ва истироҳат боғида буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланиб ,меҳнат жамоалари ҳамда таълим муассасаларида адабий кечалар, ижодий учрашувлар шаклида давом этмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг