Момомнинг ўгитлари

13:56 13 Сентябр 2024 Жамият
188 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Орамизда шундай инсонлар борки, одамларга яхшилик қилишни ҳаётининг мазмуни деб билади. Ўзининг эзгу амали билан намуна бўлади. Сизни қийнаётган муаммо ечилмай қолгудек бўлса, ҳаловати йўқолади, бунда ўзини айбдор санайди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси директори Райҳон Раҳимова ана шундай қалби қайноқ юртдошларимиздан бири. Яқинда мулоқотда бўлганимизда Райҳон опа ўзининг қалб қўрида асраб келаётган фикр-мулоҳазалари, кечинмалари билан ўртоқлашди:

— Момом катта мактаб, том маънода яхши инсон эди. Одам ўзи яхшилик қилиши билан бирга, бошқаларни ҳам яхшиликка чорлаши керак, дерди ҳамиша. Гарчи хат-саводи бўлмасада, маҳалланинг кайвониларидан эди. Низоли оилаларни яраштириш бўладими, тўй-маърака, катта-кичик ҳашарларми бари момомнинг маслаҳати, йўл-йўриғи асосида ташкил этиларди. Кимнингдир бошига мушкул иш тушгудек бўлса, худдики ўзининг муаммоси каби елиб-югурарди. Шундан бўлса керак, момомни таниган-билган кишилар маҳалланинг Фармонбибиси, деб атар эди.

Ота-онам оддий, лекин маърифатли кишилар. Бизни ҳалол меҳнат қилиб вояга етказишди, барчамизни ўқитиб, уйли-жойли қилишди. Отамнинг асосий вақти ишда ўтгани туфайли бизнинг таълим-тарбиямиз билан онам, айниқса, кўпроқ момом шуғулланган. Болалигимиздан нима яхшию, нима ёмон, қайси иш мумкину, қайси бири мумкин эмаслигини, увол-савобни ўргатди. Оиламиз жуда тўқ яшамаган, аммо оч ҳам қолмаган. Кўпчиликнинг ризқи мўл бўлишини кўп бора айтарди момом.

Топганимизни қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан баҳам кўрганмиз. Рўзғор юки асосан отамнинг зиммасида бўлсада, онам борини тежаб-тергаб фойдаланишни яхши биларди. Нон пиширса, бирор тансиқ таом тайёрласа, албатта, қўшнига узатардик. Биргина бизнинг уйда эмас, барча хонадонда ана шундай рўзғор тутуми эди. Шунинг учун қўни-қўшнилар аҳил-иноқ, яхлит оиладек яшарди. Эшикка қулф урилмасди, маҳаллада уриш-жанжал, ўғрилик бўлмасди.

Баъзида ўйлаб қоламан, замонавийлашув таъсириданми ёки одамларнинг тафаккури ўзгаришиданми, ҳаёт тарзимизнинг энг ёқимли безаги бўлган қўшниларнинг товоқ алмашишдек гўзал одати йўқолиб бормоқда. Илгари маҳаллада ўтказиладиган тўй-томошаларни бир-икки ой олдин эшитардик. Ҳозирда эса бир-икки кун қолганида ёки ўтиб кетганидан кейин хабар топамиз. Одамлар орасидан меҳр-оқибат қочдимикан…

Момом жанжалли хонадонни ёмон кўрарди, оилалар ажримига тоқати йўқ эди. Бир кун жанжал бўлган хонадондан қирқ кунлик барака кетади, дерди.

Момомдан ўзгаларнинг дарди билан яшашдан чарчамадингизми, деб сўрардик. Яхшилик ортида дунё-дунё эзгу дуолар мужассамлигини таъкидларди. Бировнинг ҳожатини чиқарган кишининг ниятлари ҳам ижобат бўлишини айтарди. Кимдир узоқ сафар ёки бирор ишга киришиш олдидан момомдан дуо сўраб келарди. «Бу кампирнинг тилида холи бор», дерди ҳамма. Ҳа, момомнинг хат-саводи бўлмасада, ана шундай кайвони аёл эди.

Умри давомида ҳаётнинг аччиғию чучуги, шодлигию ташвишларини кўп бора татиган қарияларимизнинг қалби ипак толаларидай нозик бўлади. Улар билан мулоқотда эҳтиётсизлик ярамайди, кўнгли тез оғрийди. Салгина меҳрдан эса кўнгли тоғдай юксалади.

«Қариси бор уйнинг париси бор», дейди халқимиз. Кексаларнинг тафаккур олами кенг. Фикри, ақли, қалб кечинмалари оқаётган сувдай ўйчан. Биз уларни борида қадрлашимиз, ҳаёт сабоқларини ўрганишимиз, энг асосийси, дуоларини олишимиз шарт.

Болалигимда мактабдан келасолиб, момомнинг қучоғига ўзимни отардим. Ажин босган юзларидан ўпардим, кетмон сопидек тараша қотган оёқларини силаб-силаб уқалардим. Ҳар қанча қаршилик кўрсатмасин, бир тутам оппоқ сочларини тараб ўрардим…

Момом узоқдан узоқ дуо қиларди мени. Аъло баҳоларда ўқишимни истарди. Ҳалол меҳнатнинг луқмасини тиларди. Юртга, элга содиқ фарзанд бўлишимни Яратгандан сўрарди. Хат-саводи йўқ, ўзининг туғилган куни санасини ҳам билмайдиган, ҳатто нафақа пулини олиб келган почта ходимларининг қоғозига имзо қўйишни билмасдан бош бармоғини ручка сиёҳи билан бўяб, бармоқ из қолдирадиган 90 ёшли момом ҳар гал сўзининг охирида «Болам, ҳукуматнинг олтин рўйхатига кириб юргин», деб титроқ босган кафтларини ажин босган юзига тортарди. Хандон отиб кулардим ўшанда. Омигина момом, ҳукуматнинг ҳам «олтин рўйхати» бўладими, дердим. «Ҳа, бўлади, киргизганида мени эслайсан», дерди…

***

Йиллар ўтди, Райҳон опа момосининг ҳар бир эзгу тилаклари ижобати йўлида интилди, изланди. Вақт ўтиши билан момоси хат-саводсиз бир оми аёл эмас, аслида фариштасифат инсон бўлганини англаб етди.

Аввало, Ватан равнақи йўлида қилинган ҳалол меҳнат рағбатсиз қолмаслигини билди. Худди момоси айтганидек, ҳукуматнинг «олтин рўйхати» Райҳон опа учун ўз саҳифаларини очди. Давлатимиз мустақиллигининг 15 йиллиги, 20 йиллиги, 25 йиллиги кўкрак нишонларига сазовор бўлди. 2007 йилда «Шуҳрат» медалини кўксига тақди. Жорий йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Райҳон Раҳимова уч марта халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат этиб сайланганида, «Фахрий депутат» унвонини олганида, илмий иш қилиб ҳимоядан ўтганида, олима аёл сифатида тан олинганида, шеърий китоблари, илмий мақолалари босилганида «олтин рўйхат»нинг мазмунини чақди. Яхшилик ортида дунё-дунё эзгу дуолар мужассамлигини англади. Шундан бўлса керак, бугун худди момоси сингари одамларга яхшилик қилишни, эзгулик улашишни ҳаётининг мазмунига айлантирган.

Ҳа, ростдан ҳам кексаларнинг «тилида холи» бор, дуолари ижобат бўлади. Уларнинг катта ҳаёт мактаби ёшларни эзгуликка чорлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер