Мингтепа остидаги минг бир синоат

14:45 27 Декабрь 2024 Жамият
372 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Фарғона водийсини республикамизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлаб турувчи тоғлик “Довон” деб аталади. Бу аслида тоғ ёки тепаликнинг босиб ўтилиши мумкин бўлган энг баланд қисми маъносини билдиради. Қадимда мазкур водий ўрнида юксак даражада тараққий топган Довон мамлакати бўлган, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Довон давлати ҳақида айрим манбаларда мисоллар келтирилган. Уларда баён этилишича, мамлакатнинг пойтахти Эрши шаҳри Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ўрнида жойлашган. Унинг ички ва ташқи ҳудудлари жами 361,2 гектарни ташкил этган. Айни пайтда ушбу ҳудудда унинг харобаларидан таркиб топган “Мингтепа” археология ёдгорлиги мавжуд бўлиб, бу ерда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Довон давлатига доир илк маълумот Хитой манбаларида пайдо бўлган. Уларда маълум қилинишича, милоднинг V асрларида бу ерда аҳоли зич яшаган. “Буюк ипак йўли”да жойлашганлиги сабабли ҳунармандчилик кенг қулоч ёйган. Шаҳар ташқарисида деҳқончилик ривож топган. Хитой элчиси Чжан Цян императорга ёзган номасида ушбу мамлакат кучли қўшинига эга эканини баён этган. Шунингдек, бу ер аҳолиси тинч, бой ва фаровон турмушга эга бўлиб, меҳмондўстлиги, очиқкўнгиллиги билан бошқалардан ажралиб турган. Ўзбекистон Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти ҳамда Хитой ижтимоий фанлар академияси Археология институти олимлари ҳамкорлигида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида шу нарса ойдинлашдики, Довон давлатининг пойтахти аввал Эрши деб номланган бўлса-да, кейин “Мингтепа” номини олган.

— Ҳозирда “Мингтепа”нинг ички мудофаа девори ҳамда миноралари сақланиб қолган, — дейди “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, тадқиқотчи-тарихчи Шаҳло Хусанова. — Улар орқали 64 та кузатув ҳамда қўриқлов миноралари мавжуд бўлганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Шулардан 52 таси сақланиб қолган. Салкам 3 кмдан иборат мудофаа девори Мингтепанинг мустаҳкам қалъа шаҳар бўлганидан далолатдир. Бундай мустаҳкам мудофаа иншооти Фарғона водийсидаги антик даврга тегишли бошқа бирорта ёдгорликда аниқланмаган. Қадимда Мингтепада кўнчилик ва тўқимачилик саноати кенг ривожланган. Узум етиштириш, уни қайта ишлаш борасида етарлича тажриба тўпланган. Айни пайтда манзилда мутахассислар томонидан изланишлар давом этмоқда. Бу Мингтепани минг бир синоатини очишга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер