Миллий ташаббуслар ва глобал қарорлар

16:21 02 Март 2026 Сиёсат
316 0

2 март — Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо бўлган кун

1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиб, мустақил давлат сифатида халқаро муносабатлар тизимида ўзининг суверен ва тенг ҳуқуқли мақомини мустаҳкамлади. Бу сана мамлакатимиз давлатчилиги учун ҳуқуқий эътирофгина эмас, балки янги тараққиёт йўлини танлаган халқнинг стратегик қарорини англатди.

Бугун ушбу сана Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат фалсафаси билан чамбарчас боғлиқ. Агар 1992 йилдаги аъзолик халқаро ҳуқуқий тан олишни англатган бўлса, ҳозирги вақтда у — глобал жараёнларга таъсир кўрсатаётган, ўз ташаббусларини илгари сураётган ва қарорлар қабул қилинишига таъсир этувчи давлат мақомини ифодаламоқда.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари — очиқлик, конструктивлик, прагматизм ва ўзаро манфаатли ҳамкорликдир. Бу ёндашув БМТ Низомида мустаҳкамланган суверен тенглик, тинчликпарварлик ва халқаро ҳамкорлик тамойиллари билан уйғун.

Қисқа вақтда мамлакатимиз БМТ тизимидаги етакчи институтлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. БМТнинг Тараққиёт дастури давлат бошқарувини модернизация қилиш ва рақамлаштириш жараёнларида иштирок этмоқда. ЮНИСЕФ юртимизда болалар ҳуқуқлари ва инклюзив таълимни ривожлантиришда муҳим шерик ҳисобланади. ЮНЕСКО билан ҳамкорлик миллий маданий меросимизни жаҳон миқёсида эътироф эттиришга хизмат қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан амалга оширилаётган дастурлар эса тиббиёт тизимини халқаро стандартларга яқинлаштирмоқда. Бу каби алоқалар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.

Ташқи сиёсатдаги энг муҳим ютуқларимиз

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим ютуқларидан бири — Марказий Осиёда янги сиёсий муҳитни шакллантириш. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган ташаббуси асосида 2018 йилда Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Бу ҳужжат минтақа давлатлари ўртасида ишончни кучайтиришга ҳуқуқий асос яратди. Чегара масалалари босқичма-босқич ҳал этилди, савдо айланмаси ошди, транспорт-логистика алоқалари фаоллашди. Марказий Осиё бугун глобал сиёсатда «муаммоли ҳудуд» сифатида эмас, балки ўзаро ишонч макони, конструктив ҳамкорлик намунаси сифатида тилга олинмоқда. Бу — Янги Ўзбекистон дипломатиясининг амалий натижаси.

2021 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Ушбу қарор минтақавий экологик инқирозни глобал даражада эътироф этиш ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилди. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси доирасида Оролбўйи учун алоҳида молиявий механизм ишга туширилди.

Халқаро молиявий институтлар ва донор ташкилотлар иштирокида қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Чўлланишга қарши курашиш, яшил ҳудудларни барпо этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича замонавий технологиялар, «яшил» иқтисодиёт элементлари жорий қилиняпти, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Оролбўйидаги ер майдонларида саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилиши нафақат экологик барқарорлик, балки аҳоли саломатлиги ва ижтимоий шароитини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда. Ва бу Янги Ўзбекистоннинг экологик адолат ва иқлим барқарорлиги борасидаги фаол позициясини намоён этиб, экологик масъулиятли давлат сифатидаги сиёсати халқаро даражада қўллаб-қувватланаётганини англатади.

Мамлакатимизда қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши жадаллашди, «яшил» иқтисодиёт улушини ошириш бўйича стратегия қабул қилиниб, қайта тикланадиган энергия лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бу ташаббуслар глобал иқлим сиёсатининг ажралмас қисмига айланиб, мамлакатимизнинг экологик масъулиятли давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамламоқда ҳамда Янги Ўзбекистоннинг инновацион ва барқарор тараққиёт йўлидан бораётганини намоён этяпти.

Марказий Осиёдаги янги сиёсий муҳит, чегаралар бўйича келишувлар, иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши — бу минтақавий барқарорликка қаратилган халқаро ҳуқуқий асоснинг самарасидир.

Ёшлар келажаги — Ватан истиқболи

Ёшлар ва маърифат масалалари бўйича қабул қилинган ҳужжатлар эса экстремизмга қарши маърифий ёндашувни халқаро сиёсат даражасига кўтарди. Янги Ўзбекистон ёшларни стратегик ресурс сифатида кўради.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ доирасида ёшлар ҳуқуқлари ва диний бағрикенгликка бағишланган резолюциялар ҳам қабул қилинди. Бу ҳужжатлар глобал миқёсда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва экстремизмга қарши маърифий ёндашувни илгари суришга қаратилган.

Мамлакатимизда ёшлар учун таълим имкониятларининг кенгайиши, янги университетлар очилиши, халқаро таълим дастурлари жорий этилиши мазкур ташаббусларнинг амалий ифодасидир.

Янги Ўзбекистон инсон капиталига сармоя киритиш орқали барқарор тараққиётга эришишни мақсад қилган. БМТ минбари эса мамлакатимиз учун миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, минтақавий барқарорликни таъминлаш ва умуминсоний қадриятларни илгари суриш майдонига айланди.

Жаҳонгир ИСАЕВ,

Барқарор ривожланиш маркази эксперти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?