Миллатни юксак мақсадларга ундаган маърифатпарвар
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». XX аср бошларида ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, ношир, журналист Маҳмудхўжа Беҳбудий қолдирган бой маънавий мерос бугунги кун ёшлари учун миллий маънавиятни чуқур англашда, тарихни севишда, ватан озодлигини асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади.
— Давлатимиз раҳбари “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори орқали бугунги давр учун Беҳбудий ғоялари, бу алломага ўхшаш фидойи зиёлилар нечоғлик зарурлигига ишора қилмоқда, — дейди “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. — Негаки, миллат маърифатига сармоя киритиш, уни қўллаб-қувватлаш замонамизнинг энг савобли ишларидан биридир. Президентимиз қарори билан Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ҳудуди ободонлаштирилмоқда.
Мутафаккир адибнинг “Танланган асарлар” тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китоблар нашрга тайёрланиб, чоп этилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштириш ҳамда бугунги кунга қадар яратилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” киносериали ва “Халқ юраги” бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишлари ўтказилади. Энг муҳими, барча таълим муассасалари, кутубхоналар, меҳнат жамоалари, маҳаллалар ва ҳарбий қисмларда таниқли олимлар ва адиблар иштирокида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий учрашувлар, адабиёт ва китобхонлик кечалари ташкил қилинади.
Бироқ, маълум бир тарихий босқичда маърифатпарварнинг номи унутилди. Фақат мустақиллик йилларида М. Беҳбудий хотирасини абадийлаштириш, унинг илмий ва бадиий асарларини ҳар томонлама ўрганиш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Ана шундай қадамлардан бири 2021 йилда Самарқанддаги эски қасрда М. Беҳбудий уй музейининг очилиши бўлди. Бугунги кунда у фуқаролар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган жойлардан бири бўлиб, музейда ХХ аср бошидаги ҳақиқий муҳит қайта тикланган. Маҳмудхўжа Беҳбудий бу ерда тўққиз йил яшаб ижод қилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи бугун маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, ёш изланувчилар ва илм аҳли катта қизиқиш билан ташриф буюрадиган масканга айланган. Аҳамиятлиси, музей фондида сақланаётган босмахона ускунаси, газета ва журналларнинг асл нусхалари, Беҳбудий яшаган даврга тегишли бўлган бежирим мебель ва жиҳозлар, жадидчилик мактабларида фойдаланилган дарсликлар кўпчиликнинг қизиқишини орттирмоқда.
— Давлатимиз раҳбарининг Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорини Самарқанд давлат музей қўриқхонаси жамоаси, тарихчи олимларимиз ва кенг жамоатчилик вакиллари хурсандчилик билан қарши олди, — дейди Маҳмудхўжа Беҳбудий уй музейи директори Гулмуҳаммад Аҳмедов. — Беҳбудий Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси ҳисобланади. У драматургия соҳасида ҳам салмоқли ишлар қилган. Музей экспозицияларидан ХХ-аср бошларида нашр қилинган “Ойна” журнали ва “Самарқанд” газетасининг бир неча сонлари ва аллома ташкил қилган мактабларда фойдаланилган дарсликлар ўрин олган. Музейнинг ноширлик хонаси интерьерида асосий эътибор Беҳбудийнинг ноширлик фаолиятини ёритишга қаратилган.
Уй-музейида сақланаётган Германияда ишлаб чиқарилган босмахона ускунаси тарихий жараёнлар ва бевосита Туркистондаги жадидчилик сиёсий қарашларини акс эттирувчи ашёлар варақалар, Беҳбудий ва бошқа маърифатпарварларнинг ўз қарашлари баён этилган асарларни чоп этиш учун ишлатилган. Айнан, шу бинода 1914 йилда М. Беҳбудийнинг шу номдаги асари асосида театрлаштирилган “Падаркуш” спектаклининг намойиши бўлиб ўтган.
Бугун юртимизда Ватанимизнинг миллий истиқлоли, халқимиз озодлиги учун курашиб, шу йўлда жонини фидо этган ота-боболаримиз ҳаёти ва фаолияти атрофлича ўрганилмоқда. Уларнинг номлари ва хотирасини абадийлаштириш учун улкан ишлар олиб борилмоқда. Беҳбудий тимсолида ҳам буни яққол кўриш мумкин. Зеро улуғ мутафаккирларимиз асарларида илгари сурилган миллат ва унинг маънавияти, ватанпарварлик туйғулари ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб улғайишида маърифат маёғи бўлишига ишонамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг