Миллат қалбидаги олим

18:21 18 Декабрь 2022 Жамият
1828 0

Илм одамларини икки тоифага бўлиш мумкин: биринчи тоифа олимлар шахс сифатида ҳам, олим сифатида ҳам алоҳида фазилатлари билан ажралиб туради. Улар илмдаги мавжуд қолипларни синдириб, уни янги назарий қарашлар билан бойитади. Илмга бундай олимлар олиб кирган янгиликлар одатда нафақат ўзи шуғулланаётган жабҳа, ҳатто ёндош соҳалар ривожига ҳам катта таъсир кўрсатади. Улар фаннинг муайян йўналишида етакчилик қилиш баробарида жамият ҳаётига ҳам фаол муносабатда бўлади. Иккинчи тоифа илм одамлари эса аксар ҳолларда фаннинг муайян тармоғини тадқиқ қилиш билангина чегараланиб қолади. Ўзга йўналишларга кўп ҳам рағбат кўрсатавермайди. Уларда қамров торроқ бўлади. Ҳатто ўзи мансуб миллат, ўзи яшаётган мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеаларга ҳам аниқ муносабати, нуқтаи назари сезилавермайди. Бегали Қосимов олим сифатида биринчи тоифага мансуб эди. У фидойи фарзанд сифатида Ватан ва миллат ҳаётига бир нафас бўлсин бефарқ қараган эмас. Миллий истиқлолни жон қадар, иймон қадар муқаддас бир неъмат сифатида қабул қилгани сабаби шунда.

Ватанга муҳаббат киндик қони тўкилган маъвога муҳаббатдан бошланади. Қашқадарё воҳасининг IX-X асрларда гуллаган шаҳри бўлган кўҳна Фазли кенти яқинидаги Денов қишлоғида туғилиб вояга етган Бегали Қосимов ўз она юрти тарихини жуда чуқур билар эди. Бу ерлардан Паздавий, Касбавий тахаллусли ўнлаб, юзлаб олиму уламолар, шоиру удаболар етишиб чиққанидан фахрланарди. Болаликдаги орзуси улар сингари олим бўлмоқ эди. «Бир вақтлар, Касби – бу нима дегани экан, деб қизиққан эдим, – дея хотирлайди олим. – Машҳур маърифатпарвар аллома Заки Валидийнинг ёзишича, касбийлар Ўрта Осиёда яшаган энг қадимги халқлардан бирининг номи экан. Қизиқ, наҳотки Ўрта Осиёнинг дунёга маълум бўлган илк қавмларидан бирининг номи шу ер билан боғлиқ бўлса? Шулардан чамалаб айтаманки, атрофимиздаги тепаларда сир-синоат кўп... Европа олимлари ҳам, Шарқ олимлари ҳам Касби ўз даврида Қаршидан катта бўлганини айтади. Масалан, академик Бартольднинг ёзишича, бу жойлар сувнинг энг қуйи оқимида жойлашгани учун ҳам обод, овга бой эди. Бобур Мирзо ўзининг «Бобурнома»сида бу атрофда «мурғаки Қарши» деб аталган қушлар кўплигини айтади».

Бегали Қосимов киндик қони томган юрт ўтмиши, бу ерда яшаган эл кечмиши ҳақида чуқур билимга эга эди. Қисматини шу замин, унинг бугуни ва эртаси билан чамбарчас боғлиқ деб ҳисоблаган, элдошлари қувончини ўз қувончи, улар ғамини ўз ғами дея ҳис этган ватанпарвар зиёли эди у. Мозийга қизиқиши катта бўлгани сабабини, бизнингча, шунинг билан изоҳлаш мумкин. Устоз Озод Шарафиддиновнинг мана бу эътирофи ҳам фикримизни тасдиқлайди: «Суҳбатдошимга яна бир бор қойил қолдим – мен унинг билимдонлигини билар эдим, аммо ўз қишлоғини, унинг тарихини, қадриятларини бу қадар эъзозлашини билмас эдим. Демак, унинг ёшлик йиллари шунчаки ўйинқароқлик билан ўтмаган экан. Бегали болалик кезлариданоқ синчков, ҳар нарсага қизиқадиган, ҳар нарсани таг-туги билан чуқур билиб олишга интиладиган одам бўлиб ўсган экан».

Ватанга муҳаббат Бегали Қосимов учун ҳаётий эҳтиёж эди, эътиқод эди. Олимнинг «Ватанни нега севадилар?» мақоласидаги мана бу сўзлар ҳам бу фикрни қувватлайди: «Ватанни севмоқ ундан шунчаки қувонмоқ, ғурурланмоқ эмас. Уни дил-дилдан англамоқ, у билан нафас олмоқ, у билан яшамоқдир. Уни яшнатмоқ, обод этмоқ, у учун курашмоқдир. Афсуски, ўтган (ХIХ) асрнинг 60 йилларида Ватан билан бирга Ватан муҳаббат ҳам биздан тортиб олинган эди. Сўнг кейинги етмиш йил давомида пояма-поя сўндириб келинди. Миллат, Ватан тушунчалари социалистик мафкурага мослаб чиқилди... Социализм йиқилиб, у билан боғлиқ тушунчалар тумандек тарқала бошлагач, яна ҳамма нарча асл ҳолида намоён бўла бошлади».

Ўзи мансуб миллат кечмишига оид Ғарбу Шарқда битилган сара манбаларни синчиклаб ўрганиб чиққан олим масаланинг асл моҳиятига, илдизига назар солади. Унинг аниқлашича, «МИЛЛАТ» тушунчаси бундан икки ярим минг йил муқаддам юнон файласуфи Демокрит томонидан қўлланган. Буюк Алишер Навоий таърифида эса МИЛЛАТ ва ДИН тушунчаси ёндош келади. Олим бу масалага оид Ғарбу Шарқ назарияларига тўхталади. Жадид мутафаккирлар қарашларидаги ўзига хосликка эътибор қаратади, теран умумлашмалар чиқаради.

Буюк ва шонли тарихга эга бўлган, асрлар оша жаҳон цивилизациясининг чорраҳасида келган бир миллатга дахлдорлигидан, ўнлаб илм-фан даҳолари билан башарият тафаккурини ёритган, жаҳонгир саркардалари билан олам харитасига неча бор ўзгартиришлар киритган замин фарзанди эканидан ифтихор – ана шу туйғунинг ўзига хос талқини олим асарларидаги фикрларни яхлит концепция атрофига бирлаштиради.

Олим ўрта асрларнинг машҳур адиби ал-Жоҳизнинг «Фазойили атрок» («Туркийларнинг фазилатлари») асаридан эътиборга молик фикрларни келтиради. Мана, улардан айримлари: «Туркийлар бир нарсани истаса, қўлга киритмагунча қўймайди. Қасдланган ишига албатта эришади. Лекин унча-мунчага қасдланмайди. Басранинг адаби, Юноннинг ҳикмати, Чиннинг санъати туркийлар учун беш қўлдай маълумдир. Туркийларнинг юраги тоза. У юракда ботил фикр, ёвуз ўй йўқ. Улар сўзлашган тил ҳам вужудлари ва овозлари каби улуғвордир. Туркийлар ялтоқланиш, ёлвориш, ялтироқ сўз, мунофиқлик, ёлғончилик, бировни масхара қилиш, риёкорлик, такаббурлик, қардошига ёмонлик қилиш нималигини билмайди... Ёмонлик ва ҳийла билан бошқаларнинг молини олишни ҳалол ҳисобламайди...

Туркийлар ғоят номусли инсонлардир. На жангда, на тинч пайтда бўлсин, ҳийла билмайдилар, фурсатдан фойдаланмайдилар. Ўзлари ва сўзлари тўғридир. Улар Ватанга боғлиқ бўлишни ҳар нарсадан устун тутадилар... Руҳий қувватлари тандаги қувватларидан кўпроқдир. Улар ўт-оташ, серғайрат, сезгир келадилар. Зеҳнлари ўткир, боқишлари кескин бўлади».

Профессор Бегали Қосимовнинг аниқлашича, машҳур итальян шоири «Тассо бечора» бу миллатни «душман қаршисида дов-дарахтларни ағдариб, оламни ларзага солувчи бўрон»га, дўст ҳузурида «тонгги шабада»га қиёслаган. Ян Амос Каменский «Туркийлар қаҳрамонлардир» деб ёзар экан, уларнинг меҳр-оқибатини алоҳида таъкидлаган. «Қуёш шаҳри» асарининг муаллифи Кампанелла «фикр ҳуррияти»ни, «виждон ҳуррияти»ни баланд тутувчи «жасур ва одил» туркийлар бор экан, ёлғиз ҳақиқат, адолат ва ҳуррият ҳукмронлик қиладиган «Қуёш ўлкаси» не учун эртага вужудга келмасин!» дея ёзади.

Бегали Қосимовнинг таъкидлашича, «Ҳар бир миллатнинг ўз тақдири, ўз ҳаёт йўли бор. Улар ҳам инсонларга ўхшайдилар... Марказий Осиё халқлари тарихи билан шуғулланувчи олимлардан И.Бичурин ва Л.Гумилёвларнинг аниқлашича, биз мансуб бўлган туркий тилли халқ Хитой солномаларида милоддан олдинги 1756 йилдан буён учрар экан. Демак, тарих бизни таниганига бу йил 3753 йил бўлибди». Профессор Бегали Қосимов бу фикрларни мустақилликка олти йил тўлиши муносабати билан 1997 йили ёзган эди. Ундан кейин ўтган йигирма беш йилни ҳам ҳисобласак, маълум бўладики, дунё биз мансуб бўлган миллатни 3778 йилдан буён танир экан.

Бегали Қосимов бундай факт ва далилларни саноқсиз билар эди. Бу унинг нуктадон адабиётшуносгина эмас, билимдон тарихшунос, кенг тафаккурли этнограф ҳам бўлганидан далолат беради. Эски Миср мутахассисларидан профессор Шебестанинг милоддан 2000 йил олдин майдонга келган Миср маданиятида Ўроль ва Олтойдан борган туркийларнинг изларини кўриши, ҳинд-германларнинг маданияти билан шуғулланган А.Нехринг, В.Копперс, Флор каби олимларнинг фикрича, ҳиндлар ва германлар от сақлаш ва парваришлашни милоддан 2500 йил олдин бизнинг аждодларимиздан ўргангани ҳақидаги олим келтирган фактлар фикримиз исботидир.

Миллатнинг миллатлиги тилига кўра белгиланади. Шу боис она тилимизга лоқайд муносабат олимни изтиробга солган. «Тил ва эл» мақоласи бу жиҳатдан айрича аҳамиятга эга. Мана, уни куйинтирган ҳолатлардан бири: «Косон йўлидаги айрилишлардан бирида «Абдида» деган ёзувга кўзимиз тушди... Наҳотки, бу ўша ҳам орзу, ҳам армонни ўзида жам этган шоирона «Обидийда» бўлса?! Боболаримиз уни нега бундай «Кўз ёши» деб номлаган эканлар? Сувнинг бу ерлардаги қадру қимматига, обиҳаётлигига ишорами, турмуш машаққатларигами? Номининг ўзини бутун бир достон дейсиз. Лекин йўл кўрсаткичдаги лоқайдлик кўнгилга соя ташлади. Унга ҳар куни қанча йўловчининг назари тушади. Қанчанинг тилида у такрор бўлади. Балки у бу ерларга илк бор келган меҳмонлар билан «Абдида» ҳолида бошқа ерларга ҳам йўл олгандир... Ватанга муҳаббат иймоннинг белгиси, дейилган экан. Наҳот, биз унинг номига шу қадар бефарқ бўлиб қолган бўлсак. Уни ғажиб, қовурғаларини синдириб айтилганда ҳам этимиз чатнамаса, юрагимизга ларза тушмаса. Ахир «ном» ва «номус» сўзлари битта ўзакданку! Қачондан бошлаб номусимизга бефарқ бўлиб қолдик... Бу, афсуски, биргина Обидийдага тегишли эмас. Жой номларига, киши отларига лоқайдликнинг бизда чеки-чегараси йўқ...»

Булар айрим мисоллар, холос. Олим меросидан бундай фикрларни истаганча келтириш мумкин. Бегали Қосимов домла Аҳмад Яссавий ҳикматларидан Лутфий, Атоий, Саккокий меросигача, ўзбек мумтоз адабиётининг назарий-методологик муаммоларидан Алишер Навоий лирик асарлари ва «Хамса»сигача, Фурқат, Муқимий ва Камий шеъриятидан жадидчилик ва жадид адабиётигача, улардан замонавий шеърият масалаларигача таҳлил ва тадқиқ қилгани ушбу фикрни тасдиқлайди.

Олим жадид адабиёти намояндалари меросини илмий-назарий жиҳатдан таҳлил ва тадқиқ этди. Жадидчилик ва жадид адабиётининг умумий ва хос томонларини белгилади. Русия ва жаҳон тараққийпарварлик ҳаракатлари билан алоқасини аниқлади. Жадидчиликнинг миллий ғоя, янгиланган ижтимоий тафаккур шаклланишидаги миллий озодлик, истиқлолчилик ҳаракатларининг майдонга келишидаги роли ва ўрнини ҳамда буларнинг ўзбек миллий уйғониш адабиёти билан ўзаро ҳамкорликдаги тараққиётини кўрсатиб берди. Янги ўзбек (жадид) адабиётини ўрганиш бўйича ўз анъаналари, тадқиқ усулларига эга бўлган халқаро миқёсда тан олинган илмий мактаб яратди. «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» атамасини илмий муомалага олиб кирди. Унинг жадидчилик ҳақидаги тадқиқотлари чет элларда ҳам эътибор қозонди, эътироф этилди. Америка, Германия, Франция, Туркия, Япония, Россия, Корея, Украина, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам асарлари чоп этилди, китобларига тақризлар ёзилди.

Улуғ устозимиз Бегали Қосимов таваллудига бу йил саксон йил тўляпти. Мардона тан олиб айтадиган бўлсак, бизнинг аксариятимиз «Илм – илм учун», «Назария – назария учун» деб биламиз. Ҳар қандай ИЛМДАН, ҳар қандай НАЗАРИЯдан асосий муддао – Ватан ва миллатга наф келтириш, жамият равнақига хизмат қилиш эканини эса кўпинча ёддан чиқариб қўямиз. Бегали Қосимов назарий билимларни ҳаётбахш ғояларга хизмат қилдира олган, ана шу фазилати билан ҳам Ватан ва миллат шаънини юксалтириш ишига муносиб ҳисса қўшган улуғ олим эди. Ёш авлод қалби ва шуурига Ватан ва миллатга муҳаббат ғоясини сингдира билган фидойи муаллим эди.

Инсон умри чексизликка нисбатан қиёслаганда, лаҳзанинг ҳам неча миллиарддан бирига тенгдир эҳтимол. Лекин бошқа яралмишлардан фарқи шундаки, у ана шу беҳад оз муҳлатда оламга татирли ишларни бажаришга улгуриши, ўз номини абадиятга муҳрлаши мумкин. Бегали Қосимов қисқа умри давомида ўлмас илмий мерос қолдира билди. Унинг илмдаги хизматлари Президентимиз ва мамлакатимиз ҳукуматининг юксак эътирофига сазовор бўлгани – Ўзбекистон Республикаси фан арбоби фахрий унвони берилгани ҳам бунинг далилидир. Маҳмудхўжа Беҳбудийни жадидчилик ҳаракатининг карвонбошиси деб атаган профессор Бегали Қосимовни бугун, ҳақли равишда, жадидшунослигимиз карвонбошиси эди, дея оламиз. Зеро, худди жадидлар каби у ҳам бутун фаолиятини, жону танини Ватан ва миллат саодати йўлига бағишлади. Бир олим сифатида бу муқаддас ишга муносиб ҳисса қўша олди.

Олимнинг ўзи туғилиб ўсган Денов қишлоғи қабристонидаги марқадига ўрнатилган мўъжаз лавҳада: «Унинг азиз вужуди Ватан тупроғига, муқаддас руҳи эса миллат қалбига кўчди», деган таъсирли ва айни ҳақиқатни ифодалаган сўзлар битилган. Устоз олимнинг энг катта орзуси ҳам шу эди. Гарчи фоний дунёдан бақо оламига кўчган бўлсада, олимнинг асарлари, уларда илгари сурилган ғоялар миллат қалбида шу эл умри қадар яшаяжакдир. 
Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер