Метан газ нархи ошди. Пропан ҳам қараб тургани йўқ

13:28 01 Август 2024 Иқтисодиёт
499 0

Республиканинг турли ҳудудларида метан нархи ошгани айтилмоқда. Экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ҳолатни 1 августдан метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг (3 750 сўм) амал қилиш муддати тугагани билан изоҳлади.

Унга кўра, 2024 йил 25 май куни Вазирлар Маҳкамасининг метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор билан 2024 йил 1 июндан 1 августгача автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида бир куб метр метан газнинг энг баланд нархи 3750 сўм қилиб белгиланганди. Ушбу муддат тугагани сабабли республиканинг турли ҳудудларида метан нархи 3950 сўмдан 4250 сўмгача қимматлашган.

Шунингдек, пропан нархида ҳам 5800-6200 сўмгача ошиш кузатилмоқда.

«Қизиғи, биржа савдоларида пропаннинг нархи 30 кун ичида тоннасига 6 023,8 минг сўмдан 7 538,5 минг сўмгача қимматлаган. Яъни тўлиқ бўлмаган 1 ойда пропан нархи 25 фоиздан кўпга ошган», деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Воқеалар фонида журналист Муҳрим Аъзамхўжаев масалага Рақобат қўмитаси ойдинлик киритиши кераклигини билдирди. Унга кўра, Қўмита нима сабабдан истеъмолчилар орасида лозим даражада тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмагани бўйича суриштирув олиб бориши керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?