Meta инсон фаолиятини тақлид қилувчи сунъий интеллект моделини патентлади

10:02 13 Февраль 2026 Дунё
195 0

Business Insider нашрининг хабар беришича, Meta компанияси 2025 йил декабрь ойида ижтимоий тармоқларда фойдаланувчи фаолиятини унинг йўқлигида тақлид қила оладиган нейротармоқ модели учун патентни рўйхатдан ўтказган.

Технологиянинг асосий муаллифи сифатида компаниянинг техник директори Эндрю Босворт кўрсатилган. Патент аризаси 2023 йилда топширилган.

Патент матнида таъкидланишича, тил модели фойдаланувчи ижтимоий тармоқ тизимида мавжуд бўлмаган ҳолатларда, масалан, у узоқ муддатли танаффус олганида ёки вафот этганида  унинг ҳаракатларини тақлид қилиш учун ишлатилиши мумкин.

Нашр ёзишича, технология фойдаланувчининг платформада тўпланган шахсий маълумотлари: изоҳлари, «лайк»лари ва жойлаштирган контенти асосида унинг рақамли клонини яратишни назарда тутади.

Шу асосда нейротармоқ бошқа фойдаланувчилар контентига жавоб қайтариши, профилда фаолликни сақлаши, «лайк» босиши, изоҳ қолдириши ва шахсий хабарларга жавоб бериши мумкин. Патентда, шунингдек, видео ёки аудиоқўнғироқларни тақлид қилиш имконини берувчи технология ҳам тилга олинган.

Муаллифлар фикрича, бу технология ижтимоий тармоқлардаги фаолияти орқали даромад топувчи блогерлар учун фойдали бўлиши мумкин, чунки улар вақтинча дам олиш имконига эга бўлади. Шунингдек, фойдаланувчи вафот этган тақдирда ҳам технология унинг обуначилари билан ўзаро алоқани маълум даражада сақлаб туриши мумкин.

Патент матнида қайд этилишича, агар фойдаланувчи вафот этган бўлса ва платформага ҳеч қачон қайтмаса, унинг таъсири янада жиддий ва доимий тус олади.

Мета компанияси ҳозирча ушбу технологияни амалий қўллашни режалаштирмаётганини маълум қилди. Шунингдек, компания патент олиниши уни ишлаб чиқиш, жорий этиш ёки амалда қўллаш мажбуриятини англатмаслигини таъкидлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?