«Менга сендай Ватан берди!»

«Халқ сўзи» газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида «Ёш ижодкорлар гурунги» ни ташкил этди. Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.
Навбатдаги ижодкор ёш шоира Кумуш АБДУСАЛОМОВА — 1996 йил Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани, Юлдуз қишлоғида туғилган. Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетини тамомлаган (2019). 2015 йил «Куйламасам бўлмайди» номли шеърий тўплами Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 20 минг нусхада чоп этилган. Зомин республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Олий адабиёт курси тингловчиси. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ерликлар
Осмонга ҳам чиқиб олди
Пулларининг кучи билан.
Ерликларни кўрсатди сўнг
Оёғининг учи билан.
Қилган барча юмушлари
Қилинди қўл учи билан.
Ўлгач, яхши инсон эди,
Дедилар тил учи билан...
Моддага шарҳ
Виждон деб бонг уришга
Виждонсизлар ҳақлимас.
Виждон эрки виждони
Йўқларга тааллуқлимас.
Кампир
Кетиб бораётган анов кампирнинг
Шунчалар оғирми тўрва халтаси?
Зўрға нафас олар. Беринг, оғирми?
Десам, йўқ, болам деб, нега алдади?
Ўзимдан уялдим ростини айтсам.
Вужудим титради бир овоз, сасдан.
Уялмай Худодан ёрдам сўрабман
Бўм-бўш юрагимни кўтаролмасдан.
Сени севмоқ
Ким шон берди, ким жон берди,
Кимлар тақдирга тан берди.
Ким сенга не берса берди,
Менга сендай Ватан берди!
Хола севса, амма севса,
Сени ҳамма-ҳамма севса,
Мана бундоқ, мана шундоқ –
Манфаатсиз, бетаъма севса…
Ҳақ дил ёзсам, халқчил ёзсам,
Огоҳ ёзсам, хижил ёзсам,
Мендан рози бўласанми?
Шу халқ учун мақбул ёзсам?
Илм керак, урфон керак,
Сенга жони қурбон керак,
Оқ керакмас, кўк керакмас,
Менга Ўзбекистон керак!
Икки кўзим – чаросимми?
Сени севмоқ маросимми?
Агар шундоқ бўлса, ҳар кун
Ўтказай шу маросимни!
Менга не зер-забарларинг?
Бунча ширин, бунча тотлиғ
Сенинг ул хушхабарларинг.
Шу шеъримни эшитсайди,
Шу еримни эшитсайди,
Сенинг ҳар дарбадарларинг…
Юрак қурғур ҳовлиқмами?
Бахтим сенга боғлиқ мани.
Сен демасам, бир кун келиб
Кечирарми Холиқ мани?
Замин – харитадан берди.
Ҳар касга биттадан берди.
Кимга нима берса берди,
Менга сендай Ватан берди!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Вилоят ҳокими чекка қишлоқдаги аҳоли хонадонида тунамоқда (фото)
- 23 ёшли йигит ўқишга кира олмаганини яшириш учун 4 кишини ўлдирди. Уларнинг барчаси оила аъзолари
- «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми белгиланган вақтда юборилмаганлиги сабаб «Оскар»да қатнашмайди
- Сурхондарё вилоят ҳокимлиги биносида АКТ ходими калтаклангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди
- Президентга шеър ўқиб берган талаба Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди
- Ибн Сино ҳақмиди? Олимлар Италиянинг Жильо ороли аҳолисида орасида бирорта ҳолатда коронавирус қайд этилмаганига изоҳ берди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг