Меҳр берган иззат топади

16:00 16 Январь 2026 Жамият
422 0

Пешку туманида умрини матбуотга, маънавияту маърифатга бағишлаган Исмоил Умаров деган ҳамкасбимиз яшайди. Афсуски, кексайганида унга саломатлиги панд берди. Кўзлари кўрмай қолди. Бир пайтлар кўҳна Афшонадан тортиб саҳро бағридаги Жонгелдига қадар бориб мақолалар ёзган, радиоэшиттиришлар тайёрлаган Исмоил ака энди узуккун уйда.

Шунга қарамай руҳан тетик. Хушчақчақ, сўзга чечан, дўст-биродарларини қадрлайдиган бу инсон бир гал “Махфират турмуш ўртоғи билан тез-тез келиб аҳволимдан хабар олиб туради. Илоҳим, умридан барака топсин”, деб қолди.

У қўшни Ромитан туман газетаси муҳаррири, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Махфират Атоевани назарда тутаётганди. Бу ҳамкасбимизни салкам 35 йилдан бери яхши билганимиз боис Исмоил аканинг гапидан асло ажабланмадик. Махфират опа табиатан жонкуяр, камтар, камсуқум, меҳр-оқибатли, самимий инсон. Қалами ўткир журналист. Казо-казолар даврасида дадил туриб “Даврий нашрлар, газеталар яшаб қолиши керак”, дея қатъият кўрсатганига ҳам гувоҳмиз.

Очиғи, бошқалар ташвишини ўзиникидай қабул қиладиган, улар ютуғини кўрганда шу муваффақиятга ўзи эришган каби қувонадиган кишини ҳар куни ҳам учратавермайсиз. Махфират Атоевада шу фазилатлар мужассам. Унга лоқайдлик ёт. Одамлар орасида бўлишни хуш кўради. Депутат сифатида сайловчилари – оддий фуқароларнинг ўй-ташвишини енгил қилиш учун не-не идоралар эшигини чертмаган дейсиз? “Синовларнинг сийлови бор”, “Меҳр берган иззат топади”, “Тили борлар эмас, тилни билганлар гапирсин”, “Ориятли одам”, “Мумтоз қўшиқлар талабгори борми?” сингари ўнлаб мақолалари ҳам ҳаётий кузатишлар меваси сифатида қоғозга тушган.

– Махфират опанинг шеърларини айтмайсизми? – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Моҳигул Назарова. – Уларда аёл қалбининг нурли изтироблари, қувонч-ташвишлари бўй кўрсатиб туради. Газета муҳаррирлиги, депутатлик, “Саодат” журналининг вилоятдаги мухбирлиги, уй-рўзғор юмушлари – булардан ортиб бадиий ижод билан шуғулланишга ҳам вақт топиш кишидан жуда катта қатъият, сабру тоқат, машаққат талаб қилади.

Дарвоқе, қаҳрамонимизнинг нафақат юртимиз, балки қўшни Қозоғистонда ҳам ўқувчилари бор. У шу мамлакат Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган танловларда фахрли ўринларни эгаллаган. Ижодий ишлари қўшни давлат матбуотида мунтазам ёритилган. Меҳнати алоҳида эътироф этилиб, “Дунё талантлари” уюшмаси таъсис этган “Абай” медали билан тақдирланган.

“Мўътабар аёл” нишони соҳибаси Махфират Атоева учун Янги йилнинг дастлабки ойи ҳаяжонли дамларга бой кечмоқда. Янги китоби дунё юзини кўрди. Ўзи роппа-роса 70 ёшга тўлди. Шу баҳонада дўстлари, яқинлари, ҳамкасблари, партиядошлари даврасида китоб тақдимоти ва дийдорлашув кечасини ўтказмоқда.

Дўстлар дийдорига тўйиб ижод завқи билан яшаганга нима етсин?!

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер