Меҳнатнинг нони ширин
Фото: “Халқ сўзи”
Камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромадли иш билан таъминлаш хусусида гап кетганда, кўз ўнгимизга Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Қанжирға қишлоғида яшовчи Адҳамжон Ҳошимов гавдаланади. Чунки у меҳнатсеварлиги, давлатимиз томонидан томорқачиларга яратиб берилаётган имтиёзу енгилликлардан унумли фойдаланганлиги туфайли камбағалликдан буткул холос бўлиб, қишлоғидаги бадавлат кишилардан бирига айланди.
Адҳамжон Ҳошимов бир пайтлар давлат хўжалигида оддий ишчи бўлган. Ерлар фермерларга бўлиб берилгач эса ишсиз қолди. Лекин маҳалла идорасига нажот сўраб боргани йўқ. Бировга рўзғорим ночор деб айтгани ҳам йўқ. Бу юртда меҳнат қилган кам бўлмаслигини амалда намоён этди. Хоҳ, ишонинг, хоҳ ишонманг, топганларининг ҳаммаси 15 сотих томорқасидан келган. “Томорқа — хазина” дейилса-да, уни амалда кўрсата олиш ҳазилакам иш эмас. У камбағалликдан бадавлатликкача бўлган машаққатли йўлни меҳнатсеварлик билан босиб ўтди.
Бу ҳақда унинг фикрлари билан қизиқдик.
— Энг аввало, одамнинг ўзида интилиш бўлиши керак, — дейди Адҳамжон Ҳошимов. — Интилиш кучли бўлса, тажриба ва билим ҳам ошиб бораверади. Бўлмаса, мен рўзғорини зўрға тебратиб юрган оддий ишчи эдим. Мақтаняпти демангу, ҳовлида турган иккита “Lacetti” ва яна “Damas” автомобилини пешона тери эвазига топганмиз. Уй-жойимиз бадастир, турмушимизда кам-кўст йўқлиги, фарзандларимизнинг олий маълумотли бўлиши ҳам меҳнатимиз самараси.
Гоҳида баъзи кишилар нолиб, “камбағаллик пешонамизга ёзилган тақдир, ундан қутилиб бўлмайди” дейишади. Адҳамжон Ҳошимов бу гапга қўшилмайди. Давлат томонидан яратиб берилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, ҳар қандай оддий одам ҳам бадавлат кишига айланиши мумкин” дейди у.
— 15 сотих томорқамизнинг ҳаммасини иссиқхонага айлантирганмиз, — дейди миришкор. — Оддий бир мисол: бу йил Корея технологияси асосида марказлашган 6 сотихлик иссиқхона қуриб, 2,5 минг туп помидор кўчатидан яхшигина ҳосил узиб оляпмиз. Насиб этса, даромадимиз 100 миллион сўмдан ошади. Борингки, шундан 20 миллионини харажатга чиыариб ташласак, 80 миллион сўм соф фойда!
Бундан ташқари, 9 сотих иссиқхонадан эса 350 минг туп карам кўчати етиштириб сотдик. Шунинг 250 минг донасини ҳамкор фермер хўжаликларга донасини 600 сўмдан пулладик. 100 минг тупини ўзимиз очиқ далага ўтқазиб, ҳар йилгидек, ўртача 200 тонна атрофида карам узиб олдик. Харажатларлардан ташқари жорий йилда 600 миллион сўм даромад келиши кутилмоқда.
“Эшитишимизга қараганда, карам хорижга экспорт қилинаётган экан”, сўраймиз ундан.
— Биз нима иш қилсак, давлат қўллаб-қувватлаяпти, шунисига шукур, — дейди у. — Карамни ҳар йили россиялик ҳамкорларга тўғридан-тўғри шартнома асосида сотаяпмиз. Телефондан “карам тайёр” дейишимиз билан улар дарҳол етиб келишади. Қишлоғимиз аҳолиси етиштирган карам бир неча “фура”га жой бўлади. Ўтган йили ўзим 20 минг долларлик карам экспорт қилдим. Аммо айтиб қўяй, деҳқончиликка ҳам илм, тажриба, маблағ, энг асосийси, қунт ва сабр-бардош керак. Давлат раҳбари ҳам айтаяптику, “Андижонда 3 сотих жой қилиб олса, улар миллионер” деб. Чунки ҳалол меҳнат билан топилган нон ширин бўлади.
Тўғри, ер — хазина, лекин ҳар доим ҳам унинг қадрига етяпмиз, дея олмайман. Биздаям томорқасига макка эккан, беда сочиб қўйган кишилар бор. Бу иш эмас-да. Пайти келади, яъни улар бир нарсага муҳтож бўлгудай бўлса, типирчилаб қолишади. Кейин бошланади: “шунча пул бериб туринг”, “қарз беринг”... Шунда мен уларга томорқани гуллатиб қўйсанглар, даромад ўзи келади, дейман. Лекин уларда важ-карсон кўп. Ваҳоланки, ерга меҳр берсанг, у ҳам бағрини очади...
“Бир ёки икки сотих иссиқхонадан ҳам яхши даромад олиб, рўзғор тебратса бўладими?” деган саволимизга омилкор деҳқон шундай жавоб беради:
— Албатта бўлади. Масалан, биз 6 сотихли иссиқхонани бу йил қурдик. Кўмир орқали иситамиз. Бу йил водийда қиш ойида 15-17 даража совуқ бўлди, шундай шароитда ҳам иссиқхонада ҳарорат 10 даража илиқ ҳолда бўлишини таъминладик. Биз иссиқхонада оила аъзоларимиз ҳамжиҳатликда ишлаймиз. Икки қиз, икки ўғлим бор. Қизларни узатганмиз, ўғлим ҳарбий, келиним ўқитувчи. Бир ўғлим талаба, Фарғона давлат университетида ўқийди. Улар ҳам бўш вақт бўлди дегунча ёрдамга шошади. Ўрта ҳисобда 6 сотихдан 100 млн. сўм даромад қилсак, демак, 2 сотихдан камида 15-18 млн. сўм олса бўлади.
Хуллас, Тошлоқ туманида Адҳамжон Ҳошимов каби моҳир томорқачилар жуда кўп. Улар томорқадан йилига уч-тўрт маротаба ҳосил олиб, ернинг хазина эканини амалда исботлаб келишаётир. Тумандаги “Қанжирға” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 739 та хонадон бўлиб, улар томорқаларида 400 дан ортиқ ихчам ва тежамкор, асосан, табиий усулда иситиладиган иссиқхоналар барпо этилган. Энг муҳими, бу ерда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилига амал қилиниб карам етиштирилаётгани боис, маҳсулотни хорижга экспорт қилишда қулай имконият яратилган.
Фахриддин БОЗОРОВ, "Халқ сўзи".
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг