Марказий Осиё тадбиркор аёллари ўзаро шерикликни мустаҳкамламоқда

Фото: senat.uz
Бугунги кунда аёлларнинг бизнесдаги ўрни янги босқичга кўтарилиб, жадаллик билан ўсишда давом этмоқда. Аёллар раҳбарлик лавозимларида бўлиши компанияларнинг иқтисодий муваффақиятига, бизнесни бошқаришга ва унинг молиявий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатаётгани ҳам сир эмас.
2021 йил 28 сентябрь куни Савдо саноат палатасида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида “B2B” учрашувлари форматида онлайн тарзда Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари ўртасида Кооперацион биржа ўз ишини бошлади. 3 кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Қайд этиш жоизки, ушбу Кооперацион биржа Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорлик ва ишбилармонлик шерикликни йўлга қўйиш мақсадида ўтказилмоқда.
Тадбир очилишида Олий Мажлис Сенати Раиси, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти раиси Танзила Нарбаева ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска иштирок этиб, нутқ сўзладилар.
Т. Нарбаева Марказий Осиё тадбиркор аёлларини бизнес атрофида бирлаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда аёлларга яратилаётган шарт-шароитлар ва қўшни давлатлардаги тадбиркор аёллар билан йўлга қўйилаётган янги ҳамкорлик ишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
— Ўзбекистонда тадбиркор аёлларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни вақтда республикамизда 170 мингдан ортиқ тадбиркор аёл мавжуд. Аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича фаолият юритаётган давлат жамғармаси томонидан тадбиркор аёллар лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар ажратиб келинмоқда. Барча вилоятларда ҳар йили 30 мингдан ортиқ аёлни тадбиркорликка ўқитиш ва қайта тайёрлаш, иш билан таъминлаш масалалари бўйича амалий ёрдам кўрсатувчи марказлар фаолият юритмоқда, — деди Сенат Раиси Т. Нарбаева.
Марказий Осиё ишбилармон аёлларининг “B2B” учрашувлари саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, санъат ва хунармандчилик ҳамда инновацион технологиялар каби мавзули сессияларга бўлинган.
Кооперацион биржа давомида Марказий Осиё тадбиркор аёллари бўлажак шериклари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатадилар, келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қиладилар. Бу эса аёлларнинг имкониятларини янада кенгайтириб, икки томонлама ва минтақавий форматларда ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга кўмаклашади.
Тадбир якунларига кўра, ҳар бир тематик сессия натижалари сарҳисоб қилиниши ва Марказий Осиё тадбиркор аёллари ўртасидаги эришилган келишувлар эълон қилиниши кутилмоқда.
"Халқ сўзи".
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг