Маърифат улашиб яшаш саодати

18:29 24 Декабрь 2024 Сиёсат
355 0

Зиёли инсон қуёшга менгзалади. Бу бежиз эмас, албатта. Қуёш беминнат нур таратиб, оламга ёруғлик бахш этади, атроф-жавонибни иситиб, Ер юзида ҳаёт бардавомлигини таъминлайди. Зиёли инсон ҳам шундай. У ўз билим ва ақл нури билан қалбларни нурафшон қилиб, одамларни эзгуликка, бунёдкорликка сафарбар этади. Эзгулик эса ҳаётнинг меҳригиёсидир.

Ўз тақдирини Ватан ва миллат тақдири билан узвий ҳолда кўрувчи ватанпарвар, маърифатпарвар, таълим ва илм-фан ҳомийси, ёшларнинг меҳридарё устози, чин маънодаги зиёли инсон деганда, кўз олдимизга беихтиёр Оқил Салимов келади.

Илм йўлини адолат йўли деб билган бу инсон Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик, техника фанлари доктори, профессор, айни пайтда минглаб шогирдларнинг меҳрибон устозидир. Фидойи педагог қанчадан-қанча ёшларга мураббийлик қилиб, истеъдодларга қанот бўлган, илмий изланишларга йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳатто академикларга ҳам устозлик қилган. Бугун ҳам Олий мактаб халқаро фанлар академиясининг Ўзбекистон бўлими Президенти ҳамда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси сифатида ёш иқтидорларни излаб топиш ҳамда уларни моддий-маънавий рағбатлантиришда ўзининг юксак билим ва улкан тажрибасини ҳаётга татбиқ этиб, кўпчиликка намуна бўлиб келмоқда.

Халқимиз Оқил Салимовни давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам яхши билади. У кишининг илғор ғоя ва ташаббуслари мамлакатимиз тараққиёти, элимиз фаровонлигида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Олимнинг “Саодат йўли”, “Ёшларга донолар ўгити”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари”, “Дўстлик хамсаси”, “Ақл инновацияси”, “Янги Ўзбекистон давлати” каби қатор оммавий-сиёсий ва илмий-маърифий асарларида, турфа мақолаларида юртимизни жаҳон андозалари даражасида ҳамда миллий қадриятларга асосланган ҳолда ривожлантириш, илм-фанни тараққий эттириш, ёшларни тарбиялаш бўйича илгари сурилган илғор ғоялар, назарий ва амалий билимлар, талқин ва тажрибалар нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги, эксперт ва мутахассислар томонидан эътироф қилинган.

Оқил Умурзоқовичнинг газета ўқимаган, янгиликлардан хабардор бўлмаган куни йўқ. Доимо маънавият, маърифат ҳақида қайғуради. Қачон ҳузурига бормайлик, у кишининг столларида мамлакатимиз ва хорижда нашр этиладиган матбуот нашрларини кўрамиз. Устоз газеталарни шунчаки ўқимайди. Улардаги таҳлилий мақолалар бўлсин ёки долзарб мавзудаги бир шарҳ ёхуд оддий хабар бўлсин — ҳар бирини синчковлик билан мушоҳада қилади, ҳаёт ҳақиқати билан таққослайди, муайян хулосалар чиқаради. Мақолаларни ўқиётиб, муҳим жойларининг тагига чизиб, саҳифалар ёнига ўзининг қимматли фикрларини ёзиб қўйганига бир неча бор гувоҳ бўлганман.

Яна бир ўзига хос фазилати борки, буни эслаб ўтмасак, устоз ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилиш мумкин эмас. Бу инсон мақолаларни катта қизиқиш ва эътибор билан ўқибгина қолмай, муаллифларига ҳам ҳурматини билдиришни, уларни яхши гап билан эътироф этиш орқали руҳлантиришни канда қилмайди. Жумладан, каминанинг муаллифлигида қайси газетада қандай материал чоп этилишидан қатъи назар, устоз ўша куниёқ сим қоқади. Ютуқларни эътироф қилиб, камчиликларини ҳам айтади: “Ўқидим, жуда боплабсиз, лекин мана бу жойларини бундай йўсинда ўзгартирганингизда янада ажойиб бўларди”, дея ўзининг бебаҳо маслаҳатларини беради.

Бу ҳақда ўйларканман, фаолиятим давомида газета, журнал, умуман, матбуотга, китобга қизиқмайдиган айрим катта-кичик раҳбарлар билан юзма-юз бўлганим хаёлимдан ўтади. Уларнинг орасида, ҳатто ўзи ёзганларини ҳам ўқимайдиганлар учрайди...

Ахир билимлар манбаи, тафаккур чироғи бўлган, эл-юрт тақдирига, жамиятдаги ўзгаришларга дахлдорликнинг ёрқин ифодаси ҳисобланган ушбу воситаларга қизиқмаган, уларни ҳаётининг бир бўлагига айлантирмаган инсонни, айниқса, раҳбарни қандай тушуниш мумкин?! Улар маънавиятда, маърифатда оддий одамларга, ёшларга ибрат бўла оладими?! Бугун Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан умумхалқ ҳаракатига айланган янги Ўзбекистонни бунёд этиш ҳамда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғвор ишга қай даражада ҳисса қўша олади?!

Аёнки, ҳозирги кунда барча соҳада интеграциялашувнинг кучайиши вайронкор ғоялар тарғиботини янада осонлаштирмоқда. Шундай экан, дунёнинг геосиёсий манзараси тез-тез ўзгараётган, нотинчлик, давлатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик ҳукм сураётган, қолаверса, инсонлар онги ва қалби учун кескин кураш кетаётган ҳозирги мураккаб шароитда тинчлик ва осойишталикни сақлаб қолиш, танлаб олган тараққиёт йўлимиздан илдам одимлашда халқнинг жипслиги, маънан уйғоқлиги, ҳушёр ва огоҳлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Тафаккурни ўзгартириш ҳамда онгу қалб мудофаасида беминнат ва кучли қурол ҳисобланган газета-журналлар имкониятларидан самарали фойдаланиш эса ҳар қачонгидан-да долзарб. Катта-кичик раҳбарлар бу йўлда нафақат жонбозлик кўрсатиши, балки бошқаларга ўрнак бўлса, халқни ортидан эргаштирса, нур устига нур.

Ҳар бир кунини, аввало, газеталардаги сўнгги янгиликлар, таҳлилий чиқишларни ўқиш, мамлакатимизнинг уриб турган “юраги”ни ҳис қилиш билан бошлайдиган Оқил ака каби инсонлар кўпчиликка ибрат намунасидир. Бундай зиёли юртдошларимиз қанчалик кўп бўлса, эзгу мақсад-муддаоларимиз рўёби шунчалик тезлашади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади... Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири — иқтисодиёт, бири — маънавият. Маънавий буюк халқ — иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади.

Аслида ҳам, комиллик сари интилиб яшаш инсонни саодатга элтади. Маънавият соҳаси дарғаларидан бўлган Оқил Салимов бугун эл-юрт эъзозида, шогирдлар ардоғида. Ўз вақтида ёшларга билим бериш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, уларнинг ҳаётни англаши ва ўз тўғри йўлини топишига кўмаклашиш — улкан бахт. Атоқли педагог бугун ана шу саодатдан баҳраманд, қувонч ва шукроналик ҳиссига тўлиб, эҳтиром оғушида умргузаронлик қилмоқда. Шогирдлар эса бу инсоннинг кўнглини нурафшон этиб, белига қувват, кўзига нур бўлаётир.

Меҳридарё устоз, фидойи олим, илғор фикрли арбоб бугун ҳаётининг янги бир довонини босиб ўтмоқда. Улуғ ёшда киши умр лаззатини тўлақонли тотишга интилади, келажакка ишонч руҳи билан яшайди. Табобат оламининг асосчиси, улуғ аждодимиз Абу Али ибн Сино айтганидек, “Доно бўлиб улғайиш — катта санъат, болаликни қайтармай туриб, ёшликдаги илм-билимни, ҳаётий тажрибани сақлаб, давом эттириш — катта бахт”. Устозга мана шу толе кулиб боққани бизга улкан мамнуният бағишлайди.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?