Марғилоннинг ширмой нонлари
Фото: Халқ сўзи
Марғилон азалдан юртимизнинг ҳунармандчилик ривож топган муаззам манзилларидан саналади. Бугунги кунда ҳам марғилонликлар бобомерос ҳунарларни меҳр билан давом эттириб келишмоқда. Кўҳна кент маҳаллалари эса атлас ва адрас тўқиш, қандолатчилик, новвойлик, темирчилик, кўнчилик сингари ҳунарлар бўйича ихтисослашган.
Марғилоннинг ўнлаб маҳаллалари номи новвойчиликда донғи кетган бўлиб, ширмонпазликда ҳам уларнинг олдига тушадигани йўқ. Мазали ва тўйимли ширмой нонлар Фарғона бозорлари безаги, файз-барака, фаровонлик рамзи сифатида тўй-тантаналарда дастурхон кўркига айланган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ички туризмни ривожлантириш мақсадида ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида ҳар ҳафтанинг шанба куни вилоятнинг тарихий обидалари, маданий мерос объектлари ва туристик марказларга саёҳатлар уюштириш яхши анъанага айланди. Фарғона вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси кўмагида уюштирилган навбатдаги пресс-турда Марғилон шаҳрининг ўзига хос ташриф қоғози сифатида эътироф этилувчи ҳунармандчилик анъаналари ўрганилди.
«Чорчинор» МФЙда оилалар асосан новвойчилик, хусусан, ширмонпазлик билан шуғулланади. Маҳалланинг Бозор кўчасида истиқомат қилувчи Аҳмаджон Қосимовлар оиласи ярим асрдан зиёд вақт мобайнида шу касбни ардоқлаб келмоқда.
— Ширмой нон «сутли нон» маъносини беради, — дейди моҳир новвой А. Қосимов. — Унинг хамирини тайёрлаш мураккаб жараён бўлиб, бунинг учун нақ бир сутка вақт кетади. Дастлаб махсус усулда олинган нўхат ва арпабодиён қайнатмасига бир миқдор буғдой уни сепиб хамиртуруш тайёрланади. Кейин ширмой нон учун хамир қорилади, уни узоқ муштлаб, етилтириб, кейин тандирда ёпилади.
Шунинг учун бошқа нонларга нисбатан кўпроқ сақлаш мумкин бўлган ушбу егуликнинг харидори бисёр. Айни пайтда ширмой нонлар нафақат Марғилон, балки Фарғона водийси бозорларида новвойларнинг ўзига хос бренд маҳсулоти сифатида сотиб келинмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- «Сохта тетикликнинг ҳақиқий ҳалокати»: энергетик ичимликларнинг секин, аммо муқаррар йиқитиш жараёни ҳақида
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг