Мардлик ва ҳаёт мактаби

15:38 13 Январь 2026 Жамият
230 0

Сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиб, мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлиги, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги ҳимоя қилиш юртимизда ҳар бир йигит учун наинки бурч ва шараф, балки ғурурга ҳам айланди. Навоий шаҳридаги Мудофаа вазирлигига қарашли Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмда бўлганимизда аскар ва ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар, ҳар бир йигит қиёфасида ҳақиқий Ватан ҳимоячисини камол топтириш мақсадида уларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш жараёнини кузатиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

— Онам ҳарбий бўлишимни хоҳларди, — дейди Фарғона вилояти Бувайда туманида туғилган, ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Сарварбек Солиев. — 9-синфгача ҳарбий мактабга борганман. Бу ерга хизматга келганимга 10 ой бўлди. Хизматда қатъий тартиб-интизом ўрнатилган. Вақтдан унумли фойдаланишни ўргандик. Хизматдошларим орасида сардорман. Барча тадбирларда фаол иштирок этиб, аста-секин ҳарбий хизматчи бўлиш истагим интилишга айланди.

Дарҳақиқат Ватан ҳимояси, эл осойишталиги, она Юрт сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга шайлик ҳар бир йигитнинг орзуси. Зеро беғубор болалик кечган заминда энди ниятларинг улғайиб, бахтинг камол топади. Аслида йигитлик атаганимизнинг бахти, кўксингни ғурур, ота-онанг қаддини тоғдек кўтарадиган дамлари ҳам шу. Ахир, фарзанд ёки ака-ука элнинг ҳимоясига чорланса, инчинун чоғланса ундан улуғворроқ ифтихор борми?!

— Юртимизда тинчлик барқарорлиги туфайли барча соҳалар жадал ривожланиб, турмушимиз кун сайин фаровонлашиб бормоқда, — дейди ҳарбий хизматни ўтаётган йигитнинг онаси Зарнигор Норқулова. – Албатта, бу ўз-ўзидан эмас. Унинг ортида Ватанга садоқатли ўғлонларнинг шарафли бурчини адо этишдек йигитлик шаъни турибди. Ўғлимнинг улар сафида бўлганлигидан фахрланаман.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида қабул қилиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган. Бу эса Қуролли Кучларимиз сафини жисмонан бақувват, маънан етук ва ҳар томонлама муносиб ёшлар билан тўлдириш имконини бермоқда. Шу боис бугун Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга сазовор бўлиш ҳар бир йигитдан чин истак билан бир қаторда юксак тайёргарлик, қатъият ва баркамолликни талаб этади. Оддий аскарлардан яна бири — Алишер ҳам айнан шу мақсад йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.

— Оилада уч ака-укамиз, — дейди Алишер Маҳкамов. — Мен кенжасиман. Икки акам ўз бурчини ўтади. Улар ҳарбий хизмат, орттирган дўстлари ҳақида ҳикоя қилиб қизиқтирди. Хизматга шайландим. Бугун акаларимнинг йўлидан бораётганимдан хурсандман. Насиб этса, яна уларнинг ортидан бориб, шу йил ўқишга кираман. Қисмимизда ўз билим ва савиямизни ошириш учун барча шароитлар яратилган.

Мазкур манзилда ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, махсус ва бадиий адабиётлар билан таъминланган замонавий кутубхона, ўқув биноси, маданият ва маърифат маркази, спорт зал аскарларнинг ҳар томонлама чиниқишларига ёрдам бериб, уларнинг ўзига бўлган ишончи ва соҳага бўлган қизиқишларини янада оширишга хизмат қилмоқда. Мақсад ҳарбий хизмат йигитлар учун қисқа бўлса-да ҳаёт мактабига ҳам айлансин.

– Айни пайтда ҳарбий қисмимизда республикамизнинг кўпгина ҳудудларидан, жумладан, водий, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятларидан келган 600 нафарга яқин йигит муддатли ҳарбий хизматни, 200 нафарга яқин ўғлон сафарбарлик ҳарбий хизматни ўтамоқда, – дейди ҳарбий қисм командири ўринбосари Бекзод Уразов. — Турли машғулотлар орқали уларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошириб борилмоқда. Ҳар бир машғулот қатъий режа асосида олиб борилади. Масалан, ҳафтанинг душанба, жума кунлари маънавий, маърифий тайёргарлик машғулотлари, қолган кунларда амалий дала машғулотлари олиб борилади. Амалий машғулотларда, асосан, ўқ отиш, тактик тайёргарлик, ҳайдаш асослари, ҳудудни аниқлаш бўйича муддатли ҳарбий хизматчиларнинг билим ва кўникмалари ошириб борилади. Бундан ташқари, ахлоқий-руҳий, жисмоний тайёргарлик машғулотлари ҳам ўтказилади.

Йигит кишининг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги, энг аввало, она Ватанни ҳимоя қилишга шай туриши, унинг тараққий этиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига, шунингдек, халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига қўшган амалий ҳиссаси билан ўлчанади. Ана шу олий мақсад йўлида ҳар томонлама баркамол, жисмонан бақувват ва маънан етук аскар бўлиш зарурлигини чуқур англаган ёшлар учун ҳарбий хизмат чин маънода ҳаёт мактабига айланган.

Зеро, улар Ватан ҳимояси ҳаёт ёки мамот масаласи эканини, ўз тақдирлари эл-юрт тақдири билан узвий боғлиқлигини теран ҳис этиб, шу англашдан маънавий қувват ва ифтихор оладилар.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?