Мақсудали товоқчининг вориси

13:56 08 Сентябр 2025 Жамият
90 0

Кулолчилик ғурумсаройликларга аждодлардан мерос. Тарихий манбаларда Буюк ипак йўлида жойлашган Фарғона водийсида ҳунармандчиликнинг ушбу тури ривож топгани қайд этилган. Археологик тадқиқотлар илдизи милоддан аввалги V-IV асрларга бориб тақалишини исботлаган. Ўша даврларда шаклланган Қува, Риштон кулолчилик мактаблари қаторида Ғурумсарой ҳам алоҳида тилга олинган. Қишлоқ довруғини ёйган мазкур ҳунар мактабининг асосчиси уста Кўки бўлиб, унинг ишини Маҳмуджон Раҳимов, Мақсудали Туропов, Ҳокимбой Сатимов, Ҳайитбой Ҳокимовлар давом эттирган. Кейинчалик унут бўлаёзган бу қайнар булоқни жонлантириш оддий тракторчи фарзанди Ваҳобжон Буваевнинг чекига тушди.

Миллий ҳунармандчиликнинг ушбу тури ўзига хос, айни пайтда мураккаб санъат тури. Оддий лойни чиройли шаклга киритиб, ундан сеҳрли пиёла ёки қуёш нурида жилваланувчи бошқа буюм яратиш учун аввало, ҳунар эгаси чапдаст бўлмоғи, қўли зувала атрофида чаққон айланиши керак. Ваҳобжонга ҳунарнинг бу нозик жиҳатини устози, Фарғона водийсида “Мақсудали товоқчи” номи билан машҳур бўлган Мақсудали ота Туропов ўргатган. Ясалган буюмнинг умрбоқийлиги унинг сирланишида. Ота-боболаримиз бизга асрларга ярайдиган бўёқ яратиш сирини қолдириб кетган. Шу сирни асраб-авайлаб, гулваг, қирқбўғим гиёҳларидан яшил ва ҳаворанг бўёқлар олиб, уни тошлардан тайёрланган аралашма ёрдамида ялтироқ тусга киритишни шогирдига эринмай ўргатган устознинг ўгитлари Ваҳобжонга бебаҳо бойлик бўлиб қолди.

Университетнинг тасвирий санъат факультетини тугаллаган В.Буваев болалик чоғидаёқ ҳаётига нақшга ўйилган ёзувдай ўрнашиб улгурган кулолчилик бундан кейин ҳам турмуш тарзи бўлиб қолишини тушунди. Бошқа жиҳати, устозининг бу ноёб ҳунарни авлодларга етказиш борасидаги васияти елкасида фарздек турибди. Пишитилган лойни чархдек айлантириб, андозага соладиган дастгоҳини ҳаракатга келтирди. Эпли болалардан ўттиз нафарини тўплаб, тўгарак ташкил қилди. Уларга кўза, лаган, гулдон, бошқа буюмларни ясаш сир-асроридан сабоқ берди.

– Кулол чинакам мўъжиза. Қаранг, ялтираб турган бу кўзача кечагина оддий лой эди. Ҳунар эгасининг қўлида санъат асарига айланди, – дейди ўз касбидан фахрланиб Ваҳобжон. – Ғурумсаройда шаклланган анъана мактаби Наманганимизнинг фахри. Бошқа мактаблар услубидан фарқи шундаки, хом ашё сифатида фойдаланадиган лойимиз тупроғининг ўзи бошқача, маҳсулотга ишлатилган бўёқни табиий ва узоқ вақт сақлаб туриш учун уни алоҳида восита билан сирлаймиз. Бундай бўёқ ва сирни Бухоро, Хоразм, Самарқанддаги осори атиқаларни безатишда ишлатишган. Улар ўз жозибасини асрлар оша сақлаб келаётгани шундан.

Ростдан бу ҳунар мудом мавжланиб турадиган беғубор чашма. Истеъдодли соҳибини эзгуликка етаклайди, муродига етказади. Аждодлар анъанасини маҳкам тутган   Ваҳобжонни ҳам элга танитди. Ясаган буюмлари хонадонлар кўрки, қатор нуфузли танловларда муносиб баҳосини олган. Мамлакатимиз пойтахтида бир неча бор шахсий кўргазмасини уюштирган кулол уларни ортмоқлаб, Францияга борганида элда яхшигина обрў қозонганди. 2006 йили Парижда ташкил этилган «Қадимги шарқ моҳир усталари» фестивалида намойиш этилган миллий ҳунармандчилик буюмларига французлар ҳам қойил қолишди. Ундан кейин «Ташаббус-2008»даги эътироф. Танловнинг мамлакат босқичидан Президент соврини – «Матиз» автомашинасини миниб қайтади. «Энг яхши ҳунарманд» деб топилган уста кулолга, шунингдек, олтин медаль, биринчи даражали диплом, «Ташаббус» рамзи туширилган «Пегас» ҳайкалчаси топширилди.

Бетакрор иқтидор эгаси ўзининг сара асарлари билан дунё ҳамжамиятини ҳайратга солаётганидан алоҳида ғурур туяди. Бугунги кунда у ясаган ва миллий ҳунармандчилигимиз нафаси уфуриб турган буюмлар жаҳоннинг 50 дан ортиқ музейларини безаб турибди. Уларни АҚШнинг Метропол, Россиянинг Эрмитаж, Франциянинг Лувр музейларида кўриш мумкин. Устанинг хонадонида ташкил этилган уй музейда устозлар бармоқ излари қолган қадим ашёларни қўшиб ҳисоблаганда мингдан ортиқ ижод намуналари кўҳна санъатнинг ноёб қирралари билан таништиради.

Кўриниб турибдики, Ғурумсарой кулолчилиги халқимиз учун катта аҳамиятга эга маданий мерос. Уни сақлаб қолиш ва ривожлантирган ҳолда келажак авлодга етказиш нодир санъат давомчиларининг бурчи. Айни масъулиятни англаган ҳолда изланаётган Ваҳобжон Буваев ўттиз йиллик фаолияти давомида юздан ортиқ салоҳиятли шогирдларни тарбиялади. Наманган давлат университетининг тасвирий ва амалий санъат факультетида унинг ташаббуси билан кулолчилик йўналиши йўлга қўйилди. Ўттизга яқин талаба лойга ишлов бериш орқали нафис буюмлар ясаш сир-асрорларини ўрганмоқда. Университет доценти даражасини олган Ваҳобжон ўз соҳаси бўйича бир нечта дарсликлар ёзди.

Истиқлол туфайли азалий қадриятларимиз, шу жумладан, миллий ҳунармандчилик ҳам ўз ўрнини топди. Буни жадал ривожланаётган Ғурумсарой кулолчилик мактабида ҳам кўриш мумкин. Уни фидойи инсон Ваҳобжон Буваев қайта оёққа турғизган бўлса, бугун Илёс Нодиров, Ёдгорбек Ўлмасов, Рустамжон Рисқиалиев, Бунёд Акбаралиев сингари зукко ёшлар қўлга олаётгани кишида ишонч туйғуларини мустаҳкамлайди. Юртимизнинг олис қишлоғида илдиз отган ўлмас санъатнинг умрбоқийлигидан далолат беради.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?