Мангулик англанар Навоий десак...
Бадиий ижод оламига қадам қўйган санъаткор борки, Алишер Навоийни ўзига маънавий устоз деб билади. Буюк шоир яратган образлардан таъсирланади, унинг асарларига мухаммаслар боғлашга интилади. Ана шундай ижодкорлар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳам бор, албатта. Шоирнинг адабий меросида, публицистик мақолаларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига самимий муносабатни, эътирофни кузатиш мумкин:
Абадият билан қай сўз эгизак,
Балки яхши орзу, яхши ниятдир?
Мангулик англанар Навоий десак,
Навоийнинг ўзи абадиятдир.
Абдулла Орипов шеъриятида Алишер Навоий шахсиятига ҳавасмандликни, ижодига ошуфталикни кўп учратамиз. Масалан, “Етгали” радифли дастлабки ғазални шоир йигирма тўрт ёшида битди. Мумтоз адабиётга меҳр, арузнинг мусиқий таронаси уни ўзига ром этди:
Не ажаб, майдон топилса мен учун ҳам деб эдим,
Ўзга бир дилдор билан арузда бозор этгали.
Абдулла Ориповнинг “Бул ажаб, хор кимсадин имдод сўрайди хорлар” матлали ғазалида навоиёна ўхшатишларни, ташбеҳларни учратамиз:
Гар фалак буржида шамс уйқуга солса ўзни,
Етди навбат бизга деб чақнар эмиш сайёрлар.
Саждага бошинг уриб фарёд чекма эй, рафиқ,
Энди сен топгаймидинг, топмабди-ку ағёрлар.
Шоир ғазалда ёр, ағёр образларига мурожаат қилар экан, мозий элининг зорларини қаламга олганига ишора қилади.
Абдулла Ориповнинг “Алишер Навоий ғазалига мухаммас”и ҳам буюк аждодимизга муҳаббатидан далолат беради:
Танимни бўйла зах айлағон қон бири, бири ашк,
Не эрди билмам, аё жоноки, ғалат сири ашк,
Мени қилурким ғариқи дарё, нетай, охири ишқ,
Кўзум ҳақини биҳил қилдум, эй жавоҳири ашк,
Ки бори ҳам онгинг-ўқ мақтамига сочиласиз.
Шоир нафақат Алишер Навоий даврида қўлланилган фаол сўзлар, балки ғазал оҳангини, бош мотивини ҳам сақлаган ҳолда гўзал мухаммас боғлаган. Лирик қаҳрамон ошиқ, у ишқ сирри қошида ожизу нотавон. Қалбидан оққан қону кўзининг аччиқ жоласи бутун танини қамраб олган. У адоқсиз кўз ёшлар сели бир куни ўзини ғарқ қилишидан хавотирга тушади. Шеър бадиий шакл нуқтаи назаридан мумтоз адабиёт намуналарини эсга солади.
Абдулла Орипов бутун умри давомида Алишер Навоий даҳосининг заковатига, беназир истеъдодига, адабий меросига чуқур муҳаббат билан ёндашди. Шоир суҳбатларнинг бирида: “Агар тақдир менга қотган нону сув бериб, эвазига улуғ Навоийни борича англаш бахтини ато этганида, мен бу тақдирдан заррача ҳам нолимас эдим”, деган эди.
Шоир умрининг сўнгги йиллари ҳам вужудида, ҳам руҳиятида ўткир драматизмлар билан ўтди. Лекин бу ҳолатни енгиб ўтиши учун фақат ижоддан куч олди, алам, оғриқ, дарду ҳасратини мисралар қатига маҳорат билан сингдирди. Ана шундай ғамгин лаҳзаларда мумтоз адабиёт, жумладан, Алишер Навоий асарлари унга тоғдек мадад берди. 2012 йил тўртинчи май санасидан то 2013 йилнинг май ойига қадар фақат ғазаллар ёзди.
Ё, фалак, этгил мени
Норасолардан халос,
Норасолардан келар
Дарду балолардан халос.
Айтмагум, ёр ишқидин
Бир зум халос қилғил мени,
Айлагил бир зум беишқ
Аҳли жафолардан халос.
Шоирнинг лирик қаҳрамони ушбу муножоти орқали фалакка ёлвориб, нодон, номукаммал кимсалар суҳбатига дучор бўлишдан паноҳ сўрайди. Дўсту ёр, биродарлардан эмас, аксинча, аҳли жафолардан халос этишини ўтинади. Бу ғазални шоир шунчаки аруздаги маҳоратини кўрсатиш учун эмас, балки ўзига етаётган озорларга даво истаб, муножот тарзида ёзди. Мазкур муножот Алишер Навоийнинг қуйидаги мисраларига ниҳоятда ҳамоҳанг:
Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
Ёки Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонидан ўрин олган “Халос” радифли ғазалига монанд ғоядан улгу олганинига гувоҳ бўламиз:
Бода мени айлади зуҳду риёдин халос,
Зуҳду риё йўқки, минг ранжу анодин халос.
Абдулла Орипов лирикасида ҳазрат Навоийга маънан издошликка мисол бўладиган бу каби жиҳатлар, мисралар кўплаб топилади. Масалан, ўзбек мумтоз адабиётида, жумладан Алишер Навоий ижодида сўзни улуғлаш, сўзнинг қудрати ва таъсир кучи, илоҳийлиги борасида ислом фалсафаси билан суғорилган қарашлар мавжуд. “Хамса” достонларининг муқаддимасида сўз таърифига махсус алоҳида боблар ажратилган. Мутафаккир шоир Қуръони Карим ва ҳадиси шарифга таяниб, олам ва одамнинг бунёд бўлишида СЎЗ восита бўлганини бадиий ифода этади.
Тўрт садаф гавҳарининг дуржи ул,
Етти фалак ахтарининг буржи ул.
Алишер Навоий сўзни энг буюк мўъжиза, барча нарсаларнинг ибтидо ва интиҳоси эканлигини эътироф этар экан, уни эҳтиёткорлик билан қўллашни тарғиб қилади:
Одамки, демак била киромийдуру бас,
Сўз дурри ишининг интизомидуру бас.
Сиҳҳат ончаки, аҳли ақл комидуру бас,
Ақлиға далил анинг каломидур бас.
Сўз сеҳри олдида ожиз қолмаган инсон топилмаса керак. Худди шундай қарашларни Абдулла Орипов лирикасида ҳам учратамиз:
Сўз асли пайғамбар,
У боис балки
Одамзод таниган ўз Худойини.
Эриган темирнинг томчиси каби
Ўртаб юборар у теккан жойини.
Абдулла Орипов бутун умри давомида Навоий шахсиятига чуқур ҳурматда бўлди. Буюк мутафаккирнинг асарларини қайта-қайта мутолаа қилишдан эринмасди ва ҳар сафар янги асарни ўқигандай завқланар эди. Шоир рафиқасининг хотираларидан Абдулла Ориповнинг Навоий ижодига муносабатини янада теранроқ ҳис қилишимиз мумкин:
“Абдулла ака мумтоз ижодкорлар ҳақида сўз кетганида, шубҳасиз, Алишер Навоий ижодини бениҳоя юксак даражага қўяр эди. “Ҳозиргача ҳам Алишер Навоий даҳоси, истеъдодига тенглаша оладиган бирорта ижодкор йўқ. Улуғ мутафаккир бобомиз замин одами эмас”, деган гапни қайта-қайта такрорларди”.
Алишер Навоийнинг замондош муаррихлари “Хамса” ёзиб бўлинганидан кейин, Ҳусайн Бойқарога тақдим этиш жараёнини ва бу хурсандчилик бутун Ҳиротга ёйилганини кўп ва хўб ёзган. Абдулла Орипов лирикасида ҳам ривоят билан боғлиқ шеърни учратамиз:
Навоий Хамсани тугатди ёзиб,
Қутлашга йиғилди аркони давлат.
Бойқаро айрича ҳурмат кўргазиб,
Оқ отин минишга айлади даъват.
Лекин узр деди шоири даврон,
Балки бу ҳолни у кибр деб билди.
Шунда секингина лутф этди султон:
“Буни отнинг ўзи илтимос қилди”.
Шеърда табиий самимийлик яққол кўзга ташланади. Ижод масъулиятини теран ҳис қилиб, инсониятни нурга етакловчи асарлар ҳам, аксинча моддий манфаат йўлида залолатга чорловчи сатрлар ҳам битилиши сир эмас. Қалби иймон нури билан тўлган ижодкорларгина ўзлари англамаган ҳолда оний лаҳзаларда онгу шуурига юборилган пайғомларни сатрга кўчирадики, бундай асарлар умуминсонийлик касб этиб, мангуликка дахлдор бўлиши мумкин.
Адиба ДАВЛАТОВА,
Чирчиқ давлат педагогика университети профессори,
филология фанлари доктори (DSc).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемаларни кузатиб боришни бошлаши мумкин
- 14 март куни кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди
- Қийинчиликларда тобланган, ички куч ва оғриқларни жиловлай олган — «Инсон»
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- Аччиқ, аммо очиқ гап: Мусаввирлар қачон бошпанага ёлчийди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг