Маънавият ва маданият карвони – Хоразмда

17:39 06 Июль 2022 Маданият
1031 0

Фото: Халқ сўзи

Хоразм вилоятида «Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт “ шиори остида маънавий-маданий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Эл суйган ижодкорлар, санъат ва маданият намояндалари, ёзувчи ва шоирлар, илм аҳли воҳанинг шаҳар ва туманларида бўлиб, аҳоли билан учрашмоқда, юзма-юз мулоқотлар дилтортар концерт дастурларига, шеърхонликка уланмоқда.

— Худди дарахт она заминдан куч олиб, кўкка бўй чўзгани каби санъаткор ҳам халқ ичида юрса, маънавий қувват олади, янги ижодий ғоялар пайдо бўлади, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов. — Хоразм вилоятининг энг олис ҳудудларида оддий, самимий инсонлар даврасидаги дилкаш суҳбатларимиз, мухлисларимиз билан биргаликда ижро этган куй-қўшиқлар ўзига хос маънавият ва санъат байрамига айланиб кетди. Очиғи, шундай учрашувларни, қишлоқ ҳавосини жуда соғинган эканмиз.

Урганч шаҳрининг «Янги ҳаёт» маҳалласида яшовчи Фарангизнинг уйига бу сафар қон-қариндошлар эмас, таниқли санъаткорлар меҳмон бўлиб келишди. Маънавият тарғиботчилари имконияти чекланган, аммо орзулари бир олам бу қизча билан суҳбат қуриб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан иборат китоблар тўпламини совға қилишди.

Пойтахтдан келган меҳмонларнинг Алиакбар Содиқов ва Олтиной Раҳимова томонидан ташкил қилинган оилавий болалар уйига ташрифи ҳам болажонларга бир олам қувонч ҳадя этди.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер