Мактабда ўргатамизми ёки баҳолаймизми?

16:31 04 Июнь 2025 Жамият
256 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ёшликда эгалланган билим тошга ўйилган нақш каби мустаҳкам бўлади. Алишер Навоий бобомиз «Йигитликда йиғ илмнинг махзани, қарилик чоғи сарф қилғил ани» деб бежиз айтмаган. Албатта, бу ҳикматлар шиор каби мактаб синфхоналарига илиб қўйилганига ҳаммамизнинг кўзимиз тушган. Лекин бу йил тўққизинчи синфдан лицей ёки мактабни тугатиб университетларга боришни истаган ўғил-қизларнинг якуний баҳолари давлат тест, имтиҳонларидан муваффақиятли ўтишига ёрдам бера оладими? Ёзги таътилда ҳам болаларининг эртасини ўйлаб репетиторга олиб бораётган ота-оналар мактабдаги ўн бир йиллик таълимдан қониқмаслиги нимани англатади?

Мактаб таълимидаги ўзгаришларни аввало ютуқлардан бошласак, оддий мактабда ўқиб ҳам улкан муваффақиятларга эришиш мумкинлигини Самарқанддаги мактаб ўқувчилари эришган натижаларда ҳам кўриш мумкин. Жорий йилда вилоятдаги ўқувчилар халқаро кўрик-танловларда 186 та, республика кўрик-танловлари, мусобақа ва фестивалларда 374 та фахрли ўринларни эгаллаган. Самарқанд шаҳридаги 42-мактабнинг 9-синф ўқувчиси икки карра жаҳон чемпиони, шахмат бўйича Ўзбекистон аёллари терма жамоаси аъзоси Афруза Ҳамдамова, Пастдарғом тумани 52-мактабнинг она тили фани ўқитувчиси Гулҳаё Анорова Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ёш авлод ўртасида китобхонлик муҳитини юксалтириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ёш китобхон» танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича республика босқичида Нуробод туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Гулмира Норпўлатова фахрли 2-ўринни эгаллаб, 75 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. «Гравитацион идрок» билимдонлар беллашувида Иштихон тумани 48-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Мадина Каттақулова фахрли 1-ўринни эгаллаб, Чевролет Tracker автомобили билан тақдирланди.

Ўқувчиларнинг бундай ютуқларни эгаллашида педагогларнинг ҳиссаси катта, албатта. Аммо таълимда йиллар давомида йиғилиб келган муаммолар ҳам кўп. Масалан, ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлардан саводхонлигини баҳолашга қаратилган халқаро баҳолаш дастури — PISAда Самарқанддаги 23 та мактаб иштирок этган. Ушбу мактабларнинг 22 тасида замонавий компьютерларга эҳтиёж сезилади. Интернет тезлиги паст. 136 та мактабда касб-ҳунар ўргатиш тўгараклари ташкил этилган. Бироқ уларнинг 9 тасида жиҳозлар етишмайди, 60 таси хомашё билан таъминланмаган. Мактабларда ташкил этилган 90 та инклюзив синфларнинг 47 тасида махсус педагоглар етишмайди, саккиз турдаги таълим кўрсаткичлари бўйича вилоят республикада 11-ўринда турибди.

2022 йилда вилоятда қизил тоифали мактаблар сони 82 та бўлса, 2023 йилда ҳам ушбу рақам ўзгармаган. 2024 йилда қизил тоифали мактаблар сони 69 тани ташкил қилган. Вилоятдаги 61 минг 536 нафар педагогнинг 26 минг 558 нафари тоифага эга эмас. Ўтган йилда аттестацияга жалб этилган ўқитувчилардан 18 минг 383 нафари етарли балл тўплай олмаган бўлса, 3045 нафар ўқитувчининг тоифаси туширилган. Ўтган ўқув йилида вилоят бўйича 1268 та мактабни 47 минг 728 нафар битирувчи тугатиб, 11029 нафари ёки 23,1 фоизи грант ва тўлов шартнома орқали олий таълим муассасаларига қабул қилинган. Аммо 26 та мактабнинг бирорта битирувчиси давлат ОТМларига ўқишга кирмаган. Нега бу мактаблардаги аҳвол қониқарсиз?

— Мактабда ишлаётганимга 40 йилдан ошди, — дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Феруза Ғаффорова. — Илгари ўқитувчи аввал ўзи дарсга тайёрланиб, кейин ўқувчига билим берарди. Ўқувчилар ҳам маъруза ёки иншо ёзиш учун кутубхонага бориб, қанча китобларни соатлаб варақларди. Ҳозир ҳаммаси электрон тизимга ўтди. Ўқитувчи ўқувчини телефонда баҳолайди. Ўқувчилар ҳам кўпгина фанлар бўйича уй вазифаларни Интернетда тайёр ҳолда кўчиради. Бу болаларни ўз устида ишлашга, изланишга, имло хатолари ҳақида ўйлашга мажбур қилмайди. Кейинги пайтда ўқувчиларнинг аксарияти ҳар бир дарсда такрорланадиган оддий қоидаларни ёдлай олмаслигини пайқадим. Интернет ва телефондан шу қадар кўп фойдаланганлиги натижасида ўқувчиларда диққатни жамлаш, хотирада сақлаш аниқ бузилган. Интернатдан қизиқарли маълумотларни олиш мумкин, аммо улар диққатни жамлашни қийинлаштирмоқда. Ўқитувчиларнинг асосий иши 45 дақиқа болаларга билим беришга эмас, платформага вақтида кириб, ўқувчини баҳолашга кетяпти.

Бир қараганда, ота-оналар уйда ўтириб болаларининг кунлик баҳоларини билиб, шунга қараб дарсларни ўзлаштиришга ёрдам берадигандек туюладиган онлайн баҳолаш тизими ўқитувчиларнинг ортиқча вақтини олаётгани ҳам турган гап.

— Ҳозир мактабларда ўқиётган иқтидорли ўқувчилар ихтисослаштирилган, хусусий мактабларга сараланмоқда, — дейди Пайариқ туманидаги 23-мактаб директори Ғайрат Маҳаматов. — Билимли, иқтидорли болаларни мактабнинг ўзида тарбиялаш учун махсус гимназия синфларига эҳтиёж сезиляпти. Асосий муаммолардан яна бири математика, инглиз тили, информатика ва биология фанидан ўқитувчилар етишмайди. Ёш ўқитувчилар мактабга келади. Меҳнат ҳуқуқлари, иш юки, маош камлиги ва ўқувчиларнинг кўплигидан кетади. Чунки мактабдаги ҳар бир синфда 30 дан ортиқ ўқувчи бор. Ўқитувчи ҳар бир билан ишлаш учун 45 минут камлик қилади, унинг устида доим ота-оналар билан мулоқот қилиш, уларнинг шикоятларини ҳам эшитиши керак. Ўз фанининг етук мутахассиси бўлган ўқитувчилар мактабга қарам эмас, улар иш тополмаса ҳам репетиторлик орқали ўзларини даромад билан таъминлашга қодир.

Кекса ўқитувчилар нафақага чиқмоқда, уларнинг ўрнини босадиган кадрлар йўқ. Борлари таълим тизимидаги замонавий технологиялар жумладан, электрон доскалардан фойдаланишни билмайди. Мактабларда ёш педагогларнинг билимини ошириш, малакали мутахассисларни жалб қилиш зарур.

— Жорий йилда педагогларнинг малака тоифаси учун бўлган аттестацияда 17466 нафар ўқитувчи қатнашди, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. — Тест синовида иштирок этган педагогларнинг 55 фоизи қониқарсиз балл олди. Тўғри, уларнинг ичида навбатдан ташқари ўз хоҳиши билан иштирок этган ўқитувчилар кўп. Бундай педагоглар ўз тоифасини сақлаб қолди, аммо навбатдаги аттестация имтиҳонида қатнашган ўқитувчилар малака тоифасини йўқотди. Аттестация натижаларидан шу хулосага келдикки, педагогларимизнинг билим ва маҳоратини ошириш учун малака оширишга кенгроқ жалб қилиш керак.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамрови ҳам 74,3 фоизни ташкил этиб, республикада 12-ўринда. Бу паст кўрсаткич бўлиб, Нуробод, Ургут, Каттақўрғон, Самарқанд туманларида қамров даражасининг кўрсаткичи вилоятдаги ўртача кўрсаткичдан ҳам паст. Шунингдек, вилоятдаги боғчаларда 23 мингдан зиёд бўш ўрин мавжуд, лекин шу пайтгача улардан мақсадли фойдаланилмаган. Бу борадаги муаммоларни мутасаддилар ҳам ўйлаб кўрсалар, таълим сифати юксалган бўларди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?