Маҳоратли ўқитувчи — миллат таянчи
Хоразм вилоятида “Маҳоратли ўқитувчи — миллат таянчи” деб номланган IV “Устозлар миллий форуми” бўлиб ўтди. Ҳар йили янги ўқув йили олдидан ўтказиладиган ушбу форумда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида эришилган ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Жорий йилда вилоятда салкам 50 млрд сўм маблағ ҳисобига 10 та давлат мактабгача таълим ташкилотини янгидан қуриш, 9 тасини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Натижада 3650 та тарбияланувчи ўрни, 250 та янги иш ўрни яратилади. Мактабгача таълим ёшидаги болаларни қамраб олиш кўрсаткичи эса 85,8 фоизга етади.
Шунингдек, бу йил вилоятда Инвестиция ва бошқа дастурлар асосида 1890 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 6 та янги мактаб қурилиши, 15 та мактабда реконструкция, 1 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Натижада вилоятдаги 11 та мактабда қувват коэффициенти меъёрий талаб даражасига келади, қўшимча 240 та иш ўрни яратилади. Яқинда янги ўқув йили олдидан вилоятдаги 61 та умумтаълим мактабларига 1037 дона компьютер жамланмаси, кўп функцияли принтер ва кондиционерлар етказиб берилди.

— Яратилаётган бу шароитлар мактабларда таълим сифатини оширишга хизмат қилади, лекин энг асосий масала педагог кадрларнинг билим ва малакасидир, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров. — 2025 йил август ойи ҳолатига вилоятимизда олий тоифали ўқитувчилар 20 фоизни, биринчи тоифали ўқитувчилар 32 фоизни ташкил қилади. Таъкидлаш керак, кейинги 3 йилда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 30 фоизга ошди. Ўқитувчиларни рағбатлантириш масаласига келсак, бугунги кунда вилоятимизда 7 минг нафарга яқин педагоглар хорижий ва миллий сертификатларга эга бўлиб, 20 фоиздан 50 фоизгача устама оляптилар.
Сентябрь ойидан бошлаб вилоятнинг 13 та шаҳар ва туманларида “Жасорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилади. Қўшкўпир, Ҳазорасп, Янгибозор туманларида “Илк ривожлантириш марказ”лари ташкил этилади. Касбий таълим ўқитиладиган мактаблар сони 23 тага етказилади. 2025-2026 ўқув йилида 30 нафар хорижий мутахассислар таълим жараёнларига жалб қилинади. Ал-Хоразмий номидаги халқаро университет ва ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати сентябрь ойидан ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, Боғот, Гурлан, Урганч туманларида ҳам ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ташкил этилиши вилоятда иқтидорли ўқувчилар кўпайишига, таълим сифатини янада ошишига хизмат қилади.
Тадбирда бир гуруҳ устоз ва мураббийлар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг