Маҳаллангиз жиноятдан холи ҳудудга айланганми?

14:09 07 Ноябрь 2023 Жамият
247 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухоро шаҳрида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда “бешлик” тизими фаолияти самарадорлигини ошириш мақсади кўзда тутилган ўқув – семинари ўтказилди.

Тадбирда сўз олганлар таъкидлашганидек, оила ўзига тинч бўлса, маҳалла жиноятдан холи ҳудудга айланса, юртимизда осойишталик ҳукм суради. Бу эса кўп жиҳатдан “бешлик” тизимининг ҳар бир нотинч оила билан, тарбияси оғир ёшлар билан яқиндан иш олиб боришига боғлиқ. Ёшлар, жумладан вояга етмаганларга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ёрдамларни рисоладагидек кўрсатиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин. Негаки, орамизда шундай кўмакка эҳтиёжманд ёшлар оз эмас. Ота — онаси ўзга давлатларга ишлагани кетиб, вояга етмаган боласи қариндошлари қўлида қолган ёки носоғлом оилада ўсаётган ўғил – қизларнинг мактабдаги ўқиши, бўш вақтини қандай ўтказаётгани доимий эътиборда турмоғи лозим.

Бу масалага алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас. Вилоятда дастлабки ярим йилда қайд этилган жиноятларнинг 784 таси (35 фоизи) ёшлар ҳиссасига, шундан 106 таси (5 фоизи) вояга етмаганлар улушига тўғри келган. Мазкур жиноятларни содир этишда 683 нафар ёш, шундан 103 нафар вояга етмаганлар иштирок этган.

Жорий йилнинг олти ойида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 215 тага ёки 37,8 фоизга, шундан вояга етмаганлар жинояти 74 тага ёки 231 фоизга кўпайган.

Ёшлар томонидан бир қотиллик, учта транспорт воситасини олиб қочиш, тўртта номусга тегиш, саккизта талончилик, ўн битта оғир тан жароҳати етказиш, 54 та безорилик, 139 ҳолда фирибгарлик ва 564 та бошқа турдаги жиноятлар содир этилган.

Тўғри, кейинги ойларда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлиги натижасида бундай жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар сони камайиши кузатилмоқда. Лекин бу хотиржамликка асос бўла олмайди. Бинобарин, “бешлик” тизимидагилар ҳам, таълим муассасалари ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам “Маҳалламиз жиноятдан холи ҳудуд бўлиши зарур” деган мақсадда “Қўқон шаҳар тажрибаси” асосида ишлаши зарур. Семинарда шу тажриба мазмун – моҳияти атрофлича очиб берилди.

Тадбир қатнашчилари республика экспертлар гуруҳи иштирокида тест синовларидан ўтдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?