Маҳаллабай ишлаш тизими — амалда

12:46 26 Май 2021 Жамият
1068 0

​​​​​​​Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Қизириқ туманида маҳаллалар сони кам эмас. Аммо улар орасида туман прокурори, яъни 2-секторга бириктирилган маҳаллалар ўнтани ташкил этади. Оқжар, Истара, Мустақиллик, Гулзор, Кармаки, Янги ҳаёт, Якка терак, Боғистон, Боғбонлар юрти, Буюк келажак номли маҳаллалар шулар жумласидан.

Хўш, улардаги 6375 хонадон, 8451 та оиладаги 35 минг нафардан ортиқ аҳоли ҳаёт тарзи қандай кечмоқда? Фуқаролар 2-сектор фаолиятидан, умуман, ислоҳотлардан розими?

Қизириқ туман прокурори Ж. Раҳимов билан суҳбатимиз ана шулар хусусида бўлди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан “темир дафтар”, “аёллар дафтари”  ва “ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлашда секторлар фаолиятини янгича “маҳаллабай” ташкил қилишнинг самарали тизими яратиб берилди. Бу биз учун муҳим йўналиш ҳисобланади. Шунга кўра, туманда 2-секторда ишлар “фуқаробай” ва “маҳаллабай” тизим асосида ташкил қилинмоқда.

Президентимизнинг Фармон ва қарорларида ҳамда селектор йиғилишларида айтиб ўтилган “маҳалла — бош ислоҳотчи” тамойили асосида ишларни ташкиллаштирдик, даставвал маҳалла биноларини таъмирлашдан бошладик. Нега деганда фуқаролар биринчи бўлиб ўзи яшаб турган маҳалласига мурожаат қилиб чиқади.

Мисол учун, “Боғистон” маҳалласи биноси 1974 йилда қуриб фойдаланишга топширилган. Ҳозирги кунда таъмирталаб ҳолда бўлгани сабабли секторимиз томонидан “Бренд қурувчи” корхонаси томонидан МФЙ биноси 138 млн. 636 минг сўм маблағ эвазига таъмирланди. Шунингдек, Якка терак, Кармаки, Истара, Мустақллик маҳалла фуқаролар йиғини бинолари ҳам таъмирланди. Бундан ташқари, айрим маҳалла идоралари олдидан эмлаш хонасини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Туманмизда Гулзор маҳалла биноси мавжуд бўлмаганлиги сабабли “Парда Туропов” фермер хўжалиги томонидан хусусий шерикчилик асосида МФЙ биносини қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, “ёшлар дафтари” бўйича ҳам муайян ишларга қўл урилди.  Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида, шунингдек, видеоселектор йиғилишларида ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича “ёшлар платформаси” тизими ташкил этилгани ишимиз самарадорлигини таъминлаётир.

Менга бириктирилган 2-сектор ҳудудидан 18 — 30 ёшгача бўлган 6728 нафар ёшдан 406 нафари ишсиз бўлиб, улар ўша платформа тизимига киритилган эди. Олиб бораётган ишларимиз натижасида жорий йилнинг ўтган даври давомида тизимга киритилган 369 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Шундан 127 нафар ёшлар доимий ҳамда вақтинчалик жамоат ишларига жойлаштирилган.

Жумладан, Қизириқ тумани “Истара” маҳалласида яшовчи Абдулатиф Абдураҳмоновга балиқчилик йўналиши учун 30 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бу билан нафақат ўзини, балки яна икки нафар “ёшлар дафтари”га киритилган ёшнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшди.

Шу билан бирга, ушбу маҳаллалик Улуғбек Кўчаров ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, унга ҳам 215 млн. сўм автомобилларга ҳизмат кўрсатиш асбоб-ускуналари йўналиши учун имтиёзли кредит ажратилди. Бу ерда ҳам икки нафар ёш ишга жойлаштирилди.

Қизириқ тумани “Буюк келажак” маҳалласида жойлашган “Бўстон” массивидаги ёшлар дафтари”га киритилган 8 нафар ёшга қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун 4 гектар ер майдони ажратилди. Ҳозирда 6 нафари уч гектар майдонга тарвуз, икки нафари эса бир гектар ер майдонга ерёнғоқ экиб, даромадига даромад қўшиш мақсадида меҳнат қилаётир. Натижада ўнга яқин ёшларнинг бандлиги ҳам таъминланди.

Бундан ташқари, ушбу массивдан 20 нафар ёшга бир гектардан жами 20 гектар ер майдони ажратилиб, ҳозирда ёшлар ушбу ер майдонидан токзор боғларини ташкил этиб самарали фойдаланиб келмоқда.

Булар ҳаммаси эмас. 2-сектор ташаббуси билан “Боғбонлар юрти” маҳалласида “Сазан фарел оқ амур” ишлаб чиқариш кооперативи ҳам ташкил этилди. Бу эса 30 нафар ёшнинг бандлигини таъминлашда қўл келди.

“Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Сарварбек Сардор” фермер хўжалигига 3 гектар ер майдони ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида замонавий иссиқхона ташкил этилди. Бу билан 60 нафар ишсиз аҳоли ишли бўлди.

“Аёллар дафтари” ҳақида ҳам кўп мисоллар келтиришим мумкин. Секторимиз ҳудудидаги ишсиз, эҳтиёжманд 212 нафар аёл 9 та йўналиш кесимида “аёллар дафтари”га киритилди. Улар муаммоларини ҳал этиш мақсадида йўналишлар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқдик. Рўйхатга киритилган 186 нафар аёлнинг муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топиш мақсадида улар билан бирма-бир суҳбат ўтказдик, масалаларига амалий ёрдам кўрсатилди.

Хусусан, 48 нафари ишга жойлаштирилди, 29 нафар боқувчисини йўқотган аёлларга моддий ёрдам кўрсатилди, 32 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам берилди. 5 нафар қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларга, 38 нафар аёлларга тиббий, 9 нафарига ҳуқуқий, 11 нафарига психологик ва 14 нафарига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган.

Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, жумладан, тумандаги “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи фуқаро Сабоҳат Шоназаровага тижорат банки филиалидан 30 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилгани боис, у тикувчилик йўналишида ўз ишини бошлади. 4 дона тикув дастгоҳи олиб берилди. Шу орқали “аёллар дафтари”га киритилган 3 нафар аёлнинг ҳам бандлиги таъминланди.

Туманимиздаги “Истара” маҳалласида яшовчи фуқаро Мақсуда Жўраева ҳам “аёллар дафтари”га киритилган эди. Унга яшаш хонадони олдидан 20 сотих ер майдони ажратиб берилди. Ҳозирги кунда полиз маҳсулотлари етиштириб, ер майдонидан самарали фойдаланиб келмоқда. Рўзғори бутлиги таъминланяпти. Буям катта гап аслида.

Шу билан бирга, 2-сектор ҳудудидаги “Бўстон” массивида 15 йилдан бери фойдаланилмай келаётган ер майдонларига олиб борадиган сув қурувлари қайта таъмирланиб, битта насос ўрнатилди. Саъй-ҳаракатларимиз натижасида сув чиқарилди.

Бунинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, тизимли ишларимиз сабабли 200 га. ер майдони ўзлаштирилиб, 130 та оилага бир гектардан ер ажратилди. Бугунги  кунда ўша ерларда тарвуз ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши таъминланган.

Бир сўз билан айтганда, туман прокуратураси, 2-сектор томонидан олиб борилган ва маҳаллабай асосида тизимли давом эттирилаётган ишлардан аҳоли миннатдор. Келтирилган мисолларнинг барчаси юқорида берилган саволларга жавоб бўлса, ажабмас.

 

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?