Маҳалла обод бўлса, мамлакат фаровон бўлади

11:47 10 Март 2022 Жамият
1480 0

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси. Ушбу тарихий аҳамиятга эга ҳужжат мамлакатимизда амалга ошириладиган кенг қамровли эзгу мақсадларни, ислоҳотларни ўзида акс эттирган, десак, муболаға бўлмайди.

Бугунги кундада Янги Ўзбекистон «Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат» деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида биринчи ўринга шахс, инсон қадри юқори ўринга қўйилиб, «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида давлат ҳамда жамият бошқарувини ташкил этади. Умуман, амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати бош мақсадга айланган.

Маҳалла тизими юртимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Сўнгги йилларда ушбу ноёб институтни ривожлантириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳалла институтига оид қирққа яқин қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, элликдан ортиғи такомиллаштирилди. Буларнинг барчаси соҳа ривожига хизмат қиляпти.

Мисол учун, бундан икки йил аввалги таҳлилни оладиган бўлсак, мазкур вақт давомида 250 дан ортиқ маҳаллалар бинолари янгидан қурилди, 166 тасининг биноси реконструкция қилинди, юзга яқини жорий таъмирланди. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 590 та фуқаролар йиғинига янги бинолар қуриш учун ер майдонлари ажратишга кўмаклашилди. Уларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш мақсадида 924 та фуқаролар йиғини компьютер, 751 таси мебель жиҳозлари билан таъминланди.

Яна бир гап. Халқимизни ҳаётдан рози қилиш, юртимиз янги қиёфасини яратишда «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур дастурлар ижроси туфайли биргина Жиззах вилояти Дўстлик туманининг «Манас» қишлоғида бутунлай янги қиёфа касб этди.

Асосий эътибор ҳудуддаги ишсизлик билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга қаратилди. Бунда, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож, энг оғир шароитда яшаётган ногиронлиги бор шахслар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ишсиз инсонларнинг муаммосини ҳал қилишга катта эътибор берилди. Бугун саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди.

Манас тажрибасидан келиб чиқиб, дастурлар ижроси натижасида мамлакатимизнинг юзлаб қишлоқ, маҳалла ва овулларидаги миллионлаб инсонлар ҳаётида туб ўзгаришлар рўй берди. Ўтган йилда Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, 7794 та қишлоқ ҳамда маҳаллада 20,8 трлн. сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи параметрлар тасдиқланиб, амалий ишлар бажарилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида соҳага масъул алоҳида давлат идораси — Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асосларини кучайтириш мақсадида маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 бараварга оширилди.

Маҳалла ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг ягона мезони ишлаб чиқилади ва самарадорлик рейтинги жорий қилинди. Барчага ўрнак бўладиган маҳаллалар аниқланиб, муносиб рағбатлантириб борилмоқда.

«Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёшлар — келажагимиз» ва бошқа дастурлар доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилиб келинмоқда. Бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилди. Фуқаролар йиғинларининг фаолиятига хос бўлмаган 50 дан ортиқ вазифа бекор қилиниши, профилактика инспекторларига юклатилган ортиқча топшириқлар ҳам кескин қисқартирилди. Маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилди.

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини биринчи «Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» устувор йўналишининг 1-мақсади ҳам айнан маҳалла институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан бевосита боғлиқ.

Унга кўра, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида маҳаллалар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш, фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш каби устувор вазифалар белгиланган.

Маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш кабилар ҳам шулар жумласидандир.

Дарҳақиқат, ўтган беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлдик. Ҳар бир соҳадаги ўзгариш, татбиқ этилган замонавий амалиётлар, лойиҳалар, инсон фаровонлиги ва унинг қадр-қимматини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларнинг барчаси амалга татбиқ этилди. Турли соҳаларда нафақат фуқароларга қулайлик яратилди балки хизмат кўрсатишнинг соддалаштирилган ва замонавий технологиялар асосида татбиқ этилаётган жиҳатлари оммалашди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларнинг ҳаёт татбиқ этилиши ўтган беш йиллик Ҳаракатлар стратегиясининг манзилли давоми сифатида янада кўплаб ислоҳотлар ҳамда янгиланишларни ўзида мужассам этади.

Нурбек НАСРУЛЛАЕВ,

Тошкент ахборот технологиялари

университети Нурафшон филиали директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер