Маҳалла — аҳиллик ва ҳамжиҳатлик маскани

14:16 17 Март 2026 Жамият
168 0

Наврўз айёми юртимизда кенг нишонланаётган шу файзли кунларда Шўрчи туманининг “Какан” маҳалласида янгидан таъмирланиб, барпо этилган маҳалла идораси фойдаланишга топширилди.

Эътиборлиси, мазкур бинодаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари халқимизга хос бўлган ҳашар йўли билан амалга оширилди. Маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва ташаббускор фуқаролар бир ёқадан бош чиқариб, қисқа муддат ичида бинода зарур таъмирлаш ишларини бажардилар. Натижада маҳалла ҳаётини янада самарали ташкил этишга хизмат қиладиган замонавий ва қулай шароитларга эга идора фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди.

— Янгиланган маҳалла идорамизда аҳоли билан учрашувлар ўтказиш, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, турли ижтимоий ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган, — дейди “Какан” МФЙ раиси Нурмуҳаммад Назаров. — Бу эса маҳалладаги ижтимоий ҳаётни янада жонлантиришга, аҳоли билан мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг асосийси, янги таъмирланган идора маҳалладаги “еттилик” фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ерда фуқаролар муаммоларини ўрганиш, аҳоли билан мулоқот қилиш ҳамда турли тадбирларни ўтказиш учун барча имкониятлар яратилган.

Маҳалла идорасининг очилиш маросими муносиб тарзда нишонланиб, тадбир доирасида ифторлик ҳам ташкил этилди. Бу эса маҳалла аҳлини янада яқинлаштириб, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлади.

Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер