Халқаро зайтун кенгаши қароргоҳи олдида Ўзбекистон байроғи кўтарилди

17:47 05 Декабрь 2022 Дунё
973 0

Фото: "Дунё" АА

Халқаро зайтун кенгаши қароргоҳида Ўзбекистон байроғининг кўтарилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар бермоқда.

Унда Испания Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, сиёсий ва ишбилармон доиралар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, дипломатия миссиялари раҳбарлари, шунингдек, Иордания қишлоқ хўжалиги вазири — Халқаро зайтун кенгаши раҳбари Холид Ханифет, Тунис қишлоқ хўжалиги вазири Элиес Ҳамза ва бошқа расмийлар иштирок этди.

Тадбир давомида ташкилот боғида Ўзбекистон номидан зайтун дарахти экиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Испания қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва атроф-муҳит вазири Луис Планас сўнгги йилларда Ўзбекистонда туб ўзгаришлар рўй бераётганини, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиб, республиканинг халқаро нуфузи кундан-кунга ортиб бораётганини таъкидлади.

— Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётда юксак марраларни забт этаётгани, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлида салмоқли муваффақиятларга эришаётганини кўриб турибмиз, — деди вазир Луис Планас. — Миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, унинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган кучли ва самарали давлатни барпо этиш йўлида мамлакатни модернизация қилиш жадал давом этмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг зайтунчиликни ривожлантириш бўйича таклифи бугунги кундаги жаҳон тенденциялари нуқтаи назаридан  мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги янги муҳим туртки бўлди. Ўзбек замини нақадар унумдор эканлигини ҳаммамиз биламиз. Ишончим комилки, келажакда бу мамлакат зайтун етказиб берувчи ва ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи ўринни эгаллайди.

Халқаро зайтун кенгаши раҳбари Холид Ханифет сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини кўрсатаётганига эътибор қаратди.

— Ўзбекистоннинг Халқаро зайтун кенгашига аъзо бўлиши республикада зайтун саноатини янада ривожлантириш учун ҳам, экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳам қатор имкониятлар тақдим этмоқда, — дейди Холид Ханифет. — Шубҳасиз, янги зайтун плантациялари яратиш, уларни қайта ишлаш корхоналарини ишга тушириш, жумладан, хорижий давлатлар ва Халқаро зайтун кенгаши билан яқиндан илмий-техникавий ҳамда сармоявий ҳамкорлик қилиш имкониятлари очилади. Ўзбекистонда зайтун саноатига юқори даражада қизиқиш билдирилаётганини кўриб турибмиз. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил август ойида «Зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга (Женева, 2015 йил 9 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолагани бу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари иқлими зайтун дарахтларининг айрим навлари учун қулай бўлиши мумкин. Уларнинг плантациялари Испания ва шунга ўхшаш иқлим шароитига эга бўлган бошқа Ўрта ер денгизи мамлакатларидаги каби яхши ҳосил беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?