Кумуш юрган йўлларда

Марғилонда азалдан ички ва ташқи ҳовлилар ажойиб ипак мато билан ажратилади. Бу ота-боболардан мерос миллий қадрият бўлиб, ипакчилар шаҳрида ушбу боқий анъана авлоддан-авлодга безавол ўтиб келмоқда. Кўҳна кентда жой танқислиги ҳам бор гап. Шу боис азалдан чорҳунар келадиган марғилонликлар мўъжазгина хонадонларда яшаб, ҳунари орқали тирикчилик қилишга одатланган. Марғилон кулчаси, ширмой нони, ширинликлари ҳунармандлар шаҳрининг ўзига хос бренди ҳисобланади.
Ўтган йилнинг 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Марғилонда бир гуруҳ нуронийлар билан самимий суҳбатлашди. Юзма-юз мулоқотда отахонлар давлат раҳбарига бу борадаги кўп йиллик орзуларини изҳор этишди. Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этиш ташаббуси илгари сурилди. Шунингдек, Реновация дастури доирасида маънан эскирган уй-жойлар ўрнида кўп қаватли уйлар қуриш, янги маҳаллаларда барча қулайликларни муҳайё этиш таклифи билдирилди.
Шу тарзда Марғилон шаҳрининг Наврўз маҳалласида “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Янги массив қад ростлаши учун 82 гектар ер майдони ажратилиб, 6 минг хонадонли 12, 14 ва 16 қаватли уйлар қурилиши давом этмоқда. Бу ерда савдо мажмуалари, ижтимоий соҳа объекти қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Янги массивнинг бош режасига кўра, ҳар бир иншоот замонавий архитектура талаблари асосида бўлиши, биринчи навбатда, аҳоли учун қулай шароитлар яратилиши, яшил хиёбонлар, манзарали дарахтлар аллеялари барпо этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Унутилмас учрашувда давлатимиз раҳбари янги массивда қурилиш ишлари сифатини назорат қилишни биз нуронийларга топширганди, — дейди меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Мирзаев. — Ҳар куни мазкур ҳудудга ташриф буюриб, қурувчилар билан суҳбатлашамиз. Амалга оширилган ишлар билан танишиб, керакли тавсияларимизни берамиз. Чунки нуронийлар жамоатчилик гуруҳида турли соҳаларда ишлаб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган меҳнат фахрийлари жамланган.
Айни пайтда муҳташам шаҳарчада Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм маркази қурилиши ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу ерда илмий-тадқиқот маркази, мақом театри, музей, мусиқали фавворалар қуриб битказилади. Савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, меҳмонхоналар, ҳунармандчилик маркази қад ростлайди. Шунингдек, мактаб, боғча ва бошқа иншоотлар бунёд этилади.
Ўз навбатида жаҳон андозалари даражасида электр, ичимлик суви, табиий газ таъминоти йўлга қўйилиб, шаҳарлараро ва ички йўллар барпо этилмоқда. Водийнинг дилбар табиатига хос яшил ҳудудлар кўпайтириляпти.
— Янги массивда “Отабек ва Кумуш уйи” ташкил этилаётгани бизни беҳад мамнун этмоқда, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Исмоил Маҳмуд. — Бевосита ўзим кўп йиллардан буён Марғилон шаҳрида “Кумуш юрган йўлларда” деб номланган туризм маршрутини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриб келаман. Бу вилоятда туризм ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
“Отабек ва Кумуш уйи” меъморий ансамблида ҳам миллий услубда қуриладиган уйлар, супачали айвонлар, зилол сувли ариқлар, тандир ва ўчоқлар қурилиши кўзда тутилган. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оилавий меҳмон уйларида ҳордиқ чиқариб, шаҳарнинг тарихий-маданий обидалари билан яқиндан танишиши учун барча шароитлар яратилади.
Эътиборлиси, Марғилон шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан эндиликда ҳар йили баҳор фаслида “Кумушбииблар паради” ташкил этилади. Шу йилнинг кўкламида ташкил этилган илк парадда шаҳар кўчалари бўйлаб атлас ва адрас кийган тадбир қатнашчилари иштирокида турли маънавий-маърифий мулоқотлар ўтказилди. Шеърлар айтилди, лапар ва ўланлар куйланди, қадрдон куй-қўшиқлар жаранг сочди.
– Фарғона туризмида шаҳримиз ҳунармандчилигининг ўрни беқиёс, – дейди марғилонлик машҳур ҳунарманд Иброҳимжон Султонов. — Вилоятга келаётган сайёҳларнинг салмоқли қисми Марғилон ва Қўқон шаҳрини кўриш истагида бўлади. Сайёҳларни 3,5, 7 кун давомида олиб қолиш, ранг-баранг ва қизиқарли дастурларни ишлаб чиқишда бу каби янги объектлар қурилиши муҳим аҳамиятга эга.
Бугун шаҳарнинг эски ва пастқам кўчалари, чордевор уйлари ўрнида барпо этилаётган муҳташам турар-жойлар ҳам эътиборга лойиқ. Хусусан, яқинда “Ипакчи” МФЙда маънан эскирган 68 та уйлар ўрнида 440 хонадондан иборат 11 та кўп қаватли уй тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
— Бир пайтлар бундай кўп қаватли уйлар йиллар мобайнида қурилар, айрим ҳолларда йиллар мобайнида чўзилиши ҳам мумкин эди, — дейди Мастура Саидмуродова. — Халқимиз ўртасида тўрт ва беш қаватдан юқори уй қуриш мумкин эмас, деган тушунчалар ҳам кўп бўлган. Эндиликда бу орзуни амалга ошириш, осмонўпар уйлар қуриш учун ҳатто бир йил кутиш ҳам шарт эмас.
Яшаш учун қулай шароит бўлгани энг яхши уй, албатта. Янги уйларда миллий қадрият ва анъаналаримиз инобатга олинган, ҳатто тандир-ўчоғигача бор. Энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилгани учун коммунал хизматлар ҳам арзон ва сифатли. Ташқи безаклар ҳам ёзда салқин, қишда иссиқ. Болалар майдончалари, ҳордиқ масканлари, яшил хиёбонларни ташкил этишда ҳам бу ерда яшовчилар учун қулай бўлиши ўйланган.
Хуллас, бугун қурувчиларимизнинг бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳияти юксалгани, халқимизнинг астойдил қилинган меҳнатга яраша ҳар жиҳатдан тўкис яшашга интилаётгани биргина Марғилон мўъжизаси мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бунёдкор эл – буюк эл. Бундай мўъжизаларни эзгу фазилатли халқ яратади.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг