Кондиционердан қандай фойдаланиш керак?

17:10 17 Июнь 2021 Жамият
411 0

Бугунги кунда кондиционерлар билан жиҳозланмаган ишхона (офис) ёки уйни учратиш қийин. У ёз жазирамасида кишини беҳолликдан, иссиқ ҳарорат туфайли юзага келадиган турли бош оғриқларидан асрайди. Бир қарашда роҳатижон кондиционер йилнинг иссиқ фаслида жуда аҳамиятли бўлиб кўринади. Лекин унинг саломатликка зарарли хусусиятлари ҳақида шифокорлар турли фикрлар билдириб келишади. Кондиционер зарарини камайтириш учун ундан тўғри фойдаланиш кераклигини соҳа олимлари қайта-қайта таъкидламокда. Тиббиёт фанлари номзоди Эъзозбек Ризаев бу ҳақда маълумот беради.

— Аслида ёзги шамоллашларга кўпинча одамнинг ўзи сабабчи бўлади. Масалан, ташқарида иссиқ ҳавода терлаб, сўнг муздек, кондиционерли хонага кириб оламиз. Илиқ сувда ювиниб чиққач елвизакли хонада ўтирамиз, ухлаймиз. Кондиционердан чиқаётган совуқ ҳаво оқими тананинг яллиғланишига сабаб бўлади.

Бутун тана аъзолари оғрийди, ҳатто бош оғриғидан бемор бошини қимирлатолмай қолади. Кондиционер совуғи бош соҳасини зарарласа, менингиал симптомлар келиб чиқиши ҳам мумкин.

Кондиционерни тана ҳароратига мос совуқликка қўйса бўлади. Масалан, совуқ ҳавонинг инсон учун меъёрий ҳолати 18 даража ҳисобланади. Агар ҳаво ҳарорати жуда иссиқ бўлса, бу ҳароратини озгина тушириш мумкин.

Шунингдек, имкон қадар иш столи кондиционердан узоқроқда бўлиши керак. Ундан чиқаётган совуқлик оқимини тепага ёки пастга йўналтириб қўйинг, тўғридан-тўғри танага урмаслиги керак.

Кондиционер яқинида ўтирган одамнинг томоғи қуруқшайди, кўзи ёшланиши, оғзида темир таъмини туйиши мумкин. Агар кондиционер учун тўғри жой танлаб ўрнатилса ва ундан чиқаётган ҳарорат даражаси меъёрида бўлса, ҳеч ким касалланмайди.

Кондиционердан фойдаланаётганлар яна бир нарсага эътибор беришлари лозимки, иссиқ кунларида кўча билан уй ичидаги ҳароратнинг фарқи 4-5 даражадан ошмаслиги керак.

Кондиционердан мунтазам фойдаланадиган уй бекалари ва офис ходимлари қуйидагиларни билиб олишлари керак. Кондиционер ҳаво фильтрлари бир йилда камида 2 маротаба тозаланиши керак. Кондиционер фени ўзидан хонадаги ҳавони айлантириши натижасида ҳаво таркибида бўлган барча чанглар ва касаллик тарқатувчи микроблар фильтрда қолиб кетади ва ҳаво тозаланади. Агарда фильтрлар ўз вақтида тозаланмаса фильтрлар тўлади ва ҳаво тозаланиш ўрнига ифлосланади ва ўткир вирусли ва ўткир респиратор касалликларнинг сабабчиси бўлади. Доимо совуқ ҳаво оқимини ҳис этиш иммунитет пасайишига олиб келади. Бунинг натижасида киши тез-тез шамоллайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?