Кўҳна ва муаззам манзилнинг бугунги жамоли

14:52 27 Октябр 2021 Жамият
767 0

Фото: Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи"

Қарши шаҳри бугун чин маънода ободлик ва бунёдкорлик тимсолига айланиб бормоқда.  Истиқлол қудратидан баҳра олиб,  кун сайин яшараётган, янгиланаётган шаҳар жамолига боқиб, қалбингизни чексиз шукуҳ эгаллайди. Қолаверса, бу шаҳар саноат салоҳияти, ноёб табиий бойликлари, транспорт-коммуникация тармоқлари гуркираб ривожланаётгани, фан, маданият, маърифат ҳамда санъат соҳаси равнақ топаётгани билан ҳам мамлакатимиз тараққиётида муносиб ўрин тутмоқда.

Қарши шаҳрининг ҳозирги кунгача сақланган меъморий ёдгорликлари – Кўкгумбаз, Қашқадарё кўприги, Қарши ҳаммоми, Шарофбой, Бекмуродбой, Қиличбой, Абулазизбой мадрасалари, Одина жомеъ масжиди, Қарши сардобаси, Абу Убайда бин ал-Жарроҳ зиёратгоҳи ва Хонақоҳ масжиди мажмуаси ўзбек меъморчилигининг ноёб намуналари бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз тарихига эга. Бу қадимий осори атиқаларга зарар  етказмаган ҳолда замонавий бино-иншоотлар, турар жойлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари барпо этилаётгани эса яна бир эътиборли жиҳатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижроси доирасида ташкил этилган “UzShoes" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Беларусь қўшма корхонаси тимсолида Қарши шаҳри саноатига бир қур назар ташлаймиз. 

Умумий лойиҳа қиймати 6 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи бу қўшма корхонага Беларусь инвестори томонидан 1 млн. 200 минг АҚШ доллари қийматида инвестиция киритилган.

-2019 йилнинг июль ойида Минскда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Беларусь форуми доирасида Қашқадарё вилоятида пойабзал ишлаб чиқарувчи янги қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича истиқболли битим имзоланган эди,- дейди  “UzShoes" корхонаси раҳбари Дилшод Муфтуллаев. - Бугунги кунга келиб ушбу лойиҳага оид ишларнинг биринчи босқичи ишга тушди. Ҳозирги пайтда 100 нафар маҳаллий хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлиб, улар беларуслик мутахассислар томонидан ўқув-тажриба курсларига жалб этилган ҳолда маҳоратларини ошириб бормоқда. Қўшма корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач,  яна 525 та иш ўрни очилади.

Қўшма корхонада эркаклар, аёллар ва болалар учун мўлжалланган турли кўринишдаги пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда ва тайёр маҳсулотларнинг бир қисми  хорижга экспорт қилинмоқда.

Қарши шаҳридаги яна бир саноат объекти - “Алп техно сервис” хусусий корхонасида йилига SМАRТ русумида 30 минг дона замонавий юпқа экранли телевизор ишлаб чиқарилаётир.

- Дастлаб телевизорлар эҳтиёт қисмларини тўлиқ хориждан олиб келиб йиғаётган бўлсак, айни пайтда 40 фоиз  эҳтиёт қисмлар ўзимизда маҳаллий хомашёлардан тайёрланмоқда, - дейди хусусий корхона раҳбари Шуҳрат Муротов. – Келгусида бу кўрсаткични янада ошириш устида қизғин иш олиб боряпмиз. Энг муҳими, Қаршида ишлаб чиқарилаётган 6 турдаги телевизорларнинг бозори чаққон. Яқинда озарбайжонлик ҳамкорлар билан экспорт шартномасини имзоладик ва бу хорижлик бизнес ҳамкорлар билан самарали фаолиятни йўлга қўйсак, Қарши телевизорлари экспортга чиқа бошлайди. Мана шундай экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда корхонада меҳнат қилаётган 70 нафардан зиёд малакали ишчи-ходимларнинг хизмати катта.

 Қарши шаҳрида нафақат ишлаб чиқариш, балки замонавий хизмат кўрсатиш манзиллари ҳам кун сайин кўпайиб бормоқдаки, уларда яратилган қулайликлар ва кенг кўламдаги хизмат турлари аҳолининг мушкулини осон, узоғини яқин қилмоқда.

Юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби бу кўҳна кентда ҳам хусусий тиббий клиникалар сафи кенг. Улар орасида “Nasaf  Medical center”нинг алоҳида ўрни бор. Тадбиркор Дилрабо Шарипова раҳбарлик қилаётган мазкур хусусий кўп тармоқли даволаш муассасаси сифатли тиббий хизматлари билан аллақачон аҳоли ишончини қозониб улгурган. Бу ерда асосан  урология, гинекология, гастроэнтерология, хирургия, неврология, терапия,  эндокринология, кардиология,  рентген-радиология ва  физиотерапия йўналишларида ташхис қўйилиб, шу ернинг ўзида даволаш ишлари малакали амалга оширилаётгани беморлар учун қулайлик яратмоқда.

Табиатан саранжом-саришталикни хуш кўрадиган яна бир тадбиркор - Матлубахон Ўтаганова  Қарши шаҳрида барпо этган “Тозалик маликаси” МЧЖ фаолияти ҳам эътирофга лойиқ, албатта. Ушбу корхона цехларида бугунги кунда хўжалик совуни, идиш ювиш гели, кир ювиш кукуни, антисептик воситалар тайёрланмоқда.  Тиниб-тинчимас М. Ўтаганова раҳбарлигидаги корхонада шаҳарнинг Гунгон маҳалласида яшовчи 15 нафар йигит-қиз доимий иш билан банд.

Умуман, бугун Қарши шаҳрида одамлар ҳаёти ва турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилаётган мана шундай тадбиркорлик субъектларини деярли ҳар қадамда учратасиз. Шаҳар ижтимоий инфратузилмаси ва иқтисодиёти ривожига улуш қўшаётган бундай корхоналару хизмат кўрсатиш масканларининг ҳар бирида қизғин жараённинг гувоҳи бўласиз.

2700 йиллик тарихга эга Қарши шаҳри билан биргина қашқадарёликлар эмас, бутун халқимиз фахрланиши ҳам бежиз эмас аслида. Қадимги Насафнинг Ислом цивилизациясидаги тутган ўрни – бу энди бўлак мавзу. Шуниси аёнки, бугун дунё бўйлаб наинки сайёҳларни, балки салоҳиятли инвесторларни ўзига тобора мафтун этаётган муаззам Қаршида ўзгаришни, янгиланишни кўрасиз. Демак, бу ерда  ўсиш бор,  улуғвор мақсадлар сари интилиш ва дадил режалар бор.

 

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?