Кўҳна Арк қўрғонида археологик парк очилди

16:57 23 Сентябр 2023 Жамият
443 0

Қадимий Бухорони Пойкент, Варахша, Варзонзе каби кўҳна кентлар, жумладан, Арк қўрғонисиз тасаввур этиш мушкул. Тарихий асарлар муаллифлари, чунончи, Муҳаммад Наршахий томонидан “Бухоро ҳисори” дея аталган бу гўша туркий халқлар давлатчилиги асосчиси Алп Эр Тўнга ёки Афросиёб номи билан боғланган. Манбаларда уни Сиёвуш барпо этгани айтилади.

Меъморий дурдона дея аташга лойиқ ушбу қўрғон не-не фотиҳларни кўрмади, не-не кўргиликларни бошидан кечирмади, дейсиз. Узоққа бормай, 1920 йилни эслайлик. Ўшанда Михаил Фрунзе бошчилигидаги шўро қўшинлари амирлик тузумини ағдариш мақсадида қадимий шаҳарни тўплардан ўққа тутишган, аэропланлардан бомбалар ёғдиришган эди. Оқибатда Аркнинг учдан икки қисми буткул вайрон қилинди. Қадимий обидалар тутдай тўкилди. Дунё дунё бўлиб, ожиз, ҳимоясиз гўшага шу қадар ваҳшийларча босқин қилинганини кўрмаган бўлса керак.

Орадан оз эмас, кўп эмас, 103 йил ўтди. Аркнинг вайрона қисми одамлардан иҳоталанганича турди. Ниҳоят, узоқ айрилиқдан сўнг у хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ўз бағрини очди. ЮНEСКО хайрихоҳлиги остида бу ерда археологик парк барпо этилди.

Франциянинг Лувр музейи олимлари ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳага кўра, қадимий тошлардан йўлаклар, айвонли шийпон барпо этилди. Сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга бу ердаги қадимий ёдгорликлар қолдиқларини эмин-эркин танишишлари учун зарур қатор қулайликлар яратилди. Арк орқа қисмининг чамаси 120 метрли девор қисми пишиқ ғишт билан қопланди.

Бунинг натижасида археологик паркда шаҳар меҳмонлари қалъанинг бизгача сақланиб қолган асосини кўриш, қазишма ишлари билан танишиш, шу аснода кўҳна Бухоро манзараларини кузатиб, ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлдилар.

Мазкур археологик паркнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Хорижий сайёҳлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари, археологлар, музей ходимлари иштирокида ўтган тадбир байрамона тус олди. Унда сўз олганлар юртимизда миллий қадриятларимизни асраб – авайлаш борасидаги ишларни алоҳида эътироф этиб, ушбу макон хорижий сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун янги эксклюзив туристик маскан сифатида хизмат қилишини таъкидладилар. Театрлаштирилган саҳна кўринишлари маросим иштирокчиларига завқу шавқ бағишлади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер