Ким ҳақ: тадбиркорми ёки шикоятчи?

16:26 21 Январь 2025 Жамият
656 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Таҳририятимизга Булоқбоши тумани ”Сой бўйи” МФЙда жойлашган “Гулзор” кўчасидаги хонадонларда яшовчи аҳоли номидан мурожаат келди. Унда ушбу манзилдаги турар жойлардан бирида фуқаро Акмалжон Ҳамрабоев томонидан товуқхона барпо этилгани, ундан чиқаётган заҳарли, бадбўй ҳид, айниқса, ҳомиладор аёллар, ёш болаларнинг соғлигига жиддий хавф солаётгани, шу боис товуқхонани аҳоли саломатлигига зарар етмайдиган жойга кўчириш кераклиги маълум қилинган.

Ҳолатни ўрганиш юзасидан манзилда бўлдик...

“Товуқхонадан маҳалла аҳли манфаатдор”

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини доимий даромад манбаига эга қилиш ва камбағалликка барҳам бериш бўйича самарали ишлар қилинмоқда. Қувонарлиси шундаки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар маҳаллаларда ҳам ўзининг ижобий самарасини беряпти. Жумладан, Булоқбоши туманидаги “Сой бўйи” МФЙда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамюртларимиз сони 22 нафарга етди. Мурожаатда тилга олинган Акмалжон Ҳамрабоев ана шулардан бири.

— Ҳудудимизда тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бордик, — дейди маҳалла раиси Эркинжон Адилов. — Жумладан, фуқаро Акмалжон Ҳамрабоевнинг паррандачилик йўналиши бўйича лойиҳаси эътиборимизни тортди. Уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қарор қилдик. Натижада 2024 йили ўзининг 20 млн. сўм маблағи ҳисобига 500 бош товуқдан иборат мўъжазгина паррандачилик фабрикасини ташкил этди. Бунинг натижасида “Аёллар дафтари”да турувчи уч нафар хотин-қизлар доимий иш жойига эга бўлди. Улар бир ойда ўртача 1,5 млн. сўм иш ҳақи олмоқда. Ушбу фабриканинг ҳудудимизда фаолият юритишидан маҳалла аҳли манфаатдор. Бироқ бу амалдаги тартиб ва қоидаларга ҳам зид бўлмаслиги керак.

“Мурожаат ортидан ишга бўлган лаёқатим йўқоляпти...”

Ўрганиш давомида товуқхона жойлашган манзилда бўлдик. “Гулзор” кўчаси маҳалланинг четроғида бўлиб, янги барпо этилаётган уй-жойлардан иборат манзилда экан. Шу кўчанинг энг охирида, дала билан туташган қисмида мурожаатда тилга олинган товуқхона жойлашган. Тўғриси, биз ҳеч қандай бадбўй ҳидни сезмадик.

— Фуқаро Толибжон Бойиров фаолиятимиз юзасидан норозилик билдириб, тегишли идораларга мурожаат қилгач, 2024 йилнинг июль ойида туман прокуратураси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди, — дейди якка тадбиркор Акмалжон Ҳамрабоев. — Товуқхона ташкил этиш, фаолият давомида амал қилиниши зарур бўлган йўл-йўриқлар тушунтирилди. Шунга мувофиқ, бинога ҳаво айлантирувчи техник воситалар ўрнатилди, чиқиндилар учун махсус жой ташкил этилди ва ўз вақтида зарарсизлантирувчи амалиётлар қўлланилмоқда. Товуқхонамиз жойлашган бино муқаддам паррандачилик фермаси бўлган. Шу боис бино йўналишга мослашган. 2024 йилнинг 6 март куни нотариус орқали кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бир сўз билан айтганда, ноқонуний хатти-ҳаракат содир этганимиз йўқ. Лекин фуқаронинг мурожаати ишга бўлган лаёқатимизни сўндирмоқда. Қолаверса, келгуси режаларимизни амалга ошириш учун бино торлик қиляпти. Шу боис туман ҳокимлигига қўшимча ер майдони ёки бино ажратилишини сўраб мурожаат қилганмиз. Унга қадар фаолиятимизни аҳолига зарар етказмайдиган шароитда ташкил этишни йўлга қўйдик.

“Биз мурожаатга имзо чекмаганмиз...”

Ушбу кўчада товуқхонага ёндош бўлган 20 тага яқин ҳовлилар жойлашган бўлиб, уларнинг 50 фоиздан ортиғида аҳоли яшамайди. Шу боис мавжуд қўшнилар билан юзлашиб, товуқхона ҳақидаги фикрлари билан танишдик.

— Бизга умуман зарари йўқ, — дейди 342-хонадонида яшовчи Жамилахон Йўлдошева. — Мен товуқхонага энг яқин ҳовлида истиқомат қиламан. Шу пайтгача бирор марта бадбўй ҳиддан азият чеккан эмасмиз. Сабаби, ферма кўчанинг охирида ва у ерда ҳар доим тозалов ишлари амалга оширилиб туради. Мурожаат масаласига келсак, ҳақиқатдан ҳам фуқаро шикоят қилмоқчи эканлигини, тасдиқлаб имзо чекиб беришимизни сўраган, бироқ рози бўлмаганмиз. Негаки, бизнинг шикоятимиз йўқ.

— Ўтган йили ёз фаслида, кун исиган пайтлари тозалов ишлари олиб борилаётганда ҳид келарди, — дейди 340-хонадонда яшовчи, ўзини Миролимжон Жўраевнинг турмуш ўртоғи деб таништирган аёл. — Бироқ бу аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатадиган даражада эмас. Ўзи бир чеккада жойлашган бўлса, қандай қилиб бизга зарари тегсин. Шунинг учун шикоятга имзо чекишга рози бўлмаганмиз.

— Сизлар товуқхонанигина эмас, шикоятчи қурган уйнинг ҳужжатларини ҳам ўрганиб қўйинглар, — дейди Мадаминжон Собиров исмли йўловчи. — Мурожаатчи ўзи пойтахтда яшайди. Маҳалланинг энг чеккасидаги йўлнинг устига, товуқхонага қўшни қилиб уй қуриб олган. Натижада товуқхонага кириб-чиқадиган йўл беркилиб қолган. Тадбиркор симёғочнинг орасидан кириб-чиқиб юрган. Машинаси кўчанинг бошида қолар эди. Бу Толибжон деганлари шу билан ҳам кифояланмай, энди товуқхонани кўчиртириб юбормоқчи. Бизга мурожаатчининг ҳовлисидан кўра товуқхонанинг борлиги яхши. Вақти-бемаҳал тухум, гўшт, товуқ сўрасак, насияга ҳам бераверади. Баъзан бир марталик ишларга чақириб қолади. Пул ишлаб оламиз. Бадбўй ҳид келармиш... Қани ўша ҳид?..

“Ушбу товуқхона мавзусида аввал ҳам шикоят бўлган”

Йўл устига қуриб олинган тураржой масаласи алоҳида мавзу. Бироқ бизни бир савол ўйлантирмоқда: бутун маҳалла аҳлининг товуқхонадан шикояти бўлмаса мурожаатга имзо чекканлар қаерда яшаркин?

— Фуқаро ушбу товуқхона мавзусида аввал ҳам шикоят қилган, — дейди туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим мудири Хасанбой Отақулов. — 2024 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига асосан ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада тадбиркор томонидан бир қанча камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Яъни товуқхона ҳудудида санитария ҳимоя майдони сақланмаган, бино ичида вентиляция воситалари ўрнатилмаган, тозалов ишлари ўз вақтида амалга оширилиб, зарарсизлантирувчи амалий ҳаракатлар бажарилмаган. Шу боис тадбиркорга нисбатан тегишли идоралар томонидан жарима чораси қўлланилган.

Хулоса

Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-модасида шундай дейилган: “Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манба бўлиши ёки ҳавога бошқа тарзда зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган техноген ҳосилаларни аҳоли пунктлари ҳудудида ёки уларга яқин ерларда жойлаштириш тақиқланади”.

Ушбу қонуннинг 24-моддасида эса “Хўжалик объектлари теварагида санитария-муҳофаза зоналарини барпо этиш” кераклиги баён этилган.

Амалдаги тартибларда маълум қилинишича, тадбиркор Акмалжон Ҳамрабоев томонидан ташкил этилган товуқхонада ана шу қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилган ва бунга нисбатан ўз вақтида чора кўрилган. Ҳозирда ҳавони ифлослантириш ҳолатлари учрамаётган бўлсада, ҳимоя майдони ташкил этилмаганлиги мурожаатчининг шикояти асосини ташкил этмоқда.

Аввало, юртимизда мана шундай тадбиркорлик объектларининг вужудга келиши ҳаммамизнинг ютуғимиз. Уларни ташкил этиш жараёнида амалдаги тартиб-қоидалар юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилса, ҳаракатлар тегишли идоралар томонидан назоратга олинса шу каби муаммоларга ҳожат қолмаган бўлар эди.

Хўш, мурожаатда баён этилган ҳолатнинг ижобий ечими қандай бўлади? Туман ҳокимлиги томонидан шу каби саволларга жавоб кутиб қоламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер