Кичик маҳаллада катта имконият

12:39 26 Сентябр 2025 Жамият
53 0

Ҳар бир тадбиркор ўз ишини ривожлантириб, янги имкониятларни қўлга киритишни орзу қилади. Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Кўклам маҳалласида Йўлчи Улуғов раҳбарлик қилаётган “Шўрчи-Гранд-Мебел” хусусий корхонаси айнан шундай тарихни яратаётган жойдир. Дастлаб фаолиятини икки нафар ишчи билан бошлаган бўлса, бугун корхонада 15 нафардан зиёд доимий ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

— Бошида бизда катта имкониятлар бўлмаган, — дейди корхона раҳбари. — Оддий дастгоҳларда бир неча турдаги кичик жиҳозлар ишлаб чиқариш билан чекланганмиз. Қийинчиликлар кўп бўлди, кредит, солиқ масалаларида муаммолар ҳам учради. Аммо давлатимизнинг тадбиркорларга яратган қулайликлари ёрдамида барчаси осонлашди. Имтиёзли кредитлар ва солиқ енгилликлари бизга йўл очди. Ҳозирда ҳар йили 2100 дона мебел ишлаб чиқарамиз. Россия, Хитой ва Туркиядан келтирилган ускуналар сифатли ва бежирим маҳсулотлар ишлаб чиқаришимизда қўл келмоқда. Маҳсулотларимиз нафақат Сурхондарёда, балки қўшни вилоятлар, ҳатто Тожикистон бозорларида ҳам талабгир.

Корхонада устоз-шогирд анъанаси яхши йўлга қўйилган. Бунда ёшлар маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентдаги йирик мебель корхоналарида тажриба орттирган устозлар маҳаллий ёшларга ишлаб чиқариш сирларини ўргатмоқда. Бу орқали нафақат “Шўрчи-Гранд-Мебел”, балки туманнинг бошқа кичик мебел ишлаб чиқарувчилари ҳам ривожланмоқда.

Корхона хомашё сифатига ҳам катта аҳамият беради. Маҳаллий ёнғоқ, чинор, дуб, қайрағоч дарахтлари билан бир қаторда, ташқи бозордан олиб келинаётган сифатли материаллардан ҳам унумли фойдаланилади. Бу эса маҳсулотларнинг бозорда рақобатбардош бўлишига хизмат қилмоқда.

Ўтган йили корхона қарийб 2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, олтмиш миллион сўмдан ортиқ соф фойда олган. Йил бошидан буён иш ҳажми янада ошган. Қолган даромадлардан ишчи-ходимларга моддий ёрдам берилади, маҳаллада ижтимоий ҳомийлик кўрсатилади ҳамда корхонани кенгайтириш ишларига сарфланади.

“Шўрчи-Гранд-Мебел”да меҳнат қилган Улуғбек Икромов ўз тажрибаси ҳақида шундай сўзлайди:

— Мебел ясашга қизиқишим бўлса-да, лекин тажрибам йўқ эди, — дейди корхона ишчиси Улуғбек Икромов. — Бу ерда ишлаш давомида катта тажриба ҳам орттиряпман. Устозлар ёрдамида қаттиқ ва юмшоқ мебел тайёрлаш сирларини ўзлаштирдим. Келажакда мен ҳам кичик устахона очиб, ўз ишимни бошлаш ниятидаман. Иш жойимиз яхши, шароитлар жуда қулай. Ҳар биримизга ўзимизга яраша масъулият берилади. Жамоада ҳамжиҳатлик кучли. Бу эса ишлашга бўлган иштиёқимизни оширади.

Кичик устахонадан бошланган иш шундай қийинчиликлар орқали ўсиб, маҳаллий бозорда ўз ўрнини топмоқда. Йўлчи Улуғов раҳбарлигидаги “Шўрчи-Гранд-Мебел” хусусий корхонаси нафақат тадбиркорликдаги ўзига хос ғоя ва тажриба, балки ёшларни касбий ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Бундай корхоналар тадбиркорликнинг бошланғич нуқталаридаги қийинчиликларни енгиб ўтишда, барқарор ривожланишда намуна бўлиб хизмат қилади. Зеро, меҳнат ва сабр-матонат орқали ҳар бир ишбилармон ўз орзусини амалга ошира олади.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?