Хўжаободда текстиль институти очилади

22:39 15 Май 2021 Иқтисодиёт
2327 0

Андижон вилоятининг ҳар бир тумани маълум бир йўналишга ихтисослаштирилган. Жумладан, Булоқбоши туманида саримсоқпиёз ва узумчилик ривожланган бўлса, Қўрғонтепа тумани картошкачиликка мослашган. Асака туманида боғдорчилик бўйича ўзига хом тажриба мактаби яратилди. Қувонарлиси шундаки, ҳудудлар қишлоқ хўжалиги соҳасидан ташқари, саноатга ҳам мослашиб бормоқда. Хусусан, Хўжаобод туманида текстиль йўналишида юздан ортиқ корхоналар фаолият юритяпти ва уларнинг ўндан зиёди жаҳон бозорида ўз ўрнига эга. Хўжаободлик оилаларнинг 85 фоизи ўз хонадонида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳадисини олганлар. Текстиль йўналишининг бу қадар ривожланиши пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб олиш босқичларига асос солди. Йиллар давомида тўпланган бой тажриба асосан Туркия давлатидан ташриф буюрган мутахассислар кўрсатмаси мевасидир. Савол туғилади: ўзимизда қачон етук мутахассислар етишиб чиқади?

Тўқимачиликнинг барча йўналишларини ўзлаштирган, ўнлаб хорижий давлатларда ўзининг йирик савдо уйларига эга бўлган “ Samo” текстиль корхонаси ана шу саволнинг ечими устида изланмоқда. Бунинг натижасида навбатдаги ўқув йилидан бошлаб Хўжаобод туманида янги текстиль институти ташкил этилиши кўзда тутилган. Айни пайтга келиб институтнинг ўқув биноси қуриб битказилди. Келгусида бу ерда текстиль соҳаси учун зарур бўлган пахта хом ашёсини етиштириш мутахассислигидан тортиб инженер-технолог, дизайнер сингари кадрларни тайёрлаш режалаштирилган. Бунинг учун нафақат, Ўзбекистон, шу билан бир қаторда Туркия, Покистон ва Ҳиндистон давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилади. Институтга бу йил 180 нафар талаба қабул қилиниши мумкин.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер