Хонободда сунъий кўл барпо этилмоқда

Фото: Саминжон Ҳусанов, “Халқ сўзи”
Хонобод шаҳри республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан бўлиб, Қирғизистон Республикаси билан шундоққина чегарада жойлашган. Адирлик ён бағрига ястанган шаҳарнинг табиати сўлим, манзараси бетакрор. Бежизга “Ўзбекистон Швейцарияси” номини олмаган. Афсуски, бир пайтлар у ёпиқ шаҳарга айланган эди. Сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли бу манзил Фарғона водийсининг сайёҳлик марказларидан бири сифатида сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
-Шаҳримиз шундоққина “Кампирровот” сув омборига ёндош жойлашган, - дейди Хонобод шаҳри ҳокими Машъалбек Тожибоев. –Шу боис фойдаланилмай турган қир-адирликлар ён-бағрида 45 гектар майдонда сунъий кўл барпо этишга киришдик. Унинг атрофидаги 21 гектар майдонда эса 7 қисмдан иборат дам олиш масканлари ташкил этилади. Бунда якка тартибда, жамоавий ва оилавий дам олиш учун нимаики зарур шароит керак бўлса, ҳаммаси яратилади. Ошхона, ресторан, стадион, кўнгилочар масканлардан тортиб кутубхонагача ташкил этишни режа қилганмиз. Ҳозирда энг зарурий воситалар бўлмиш коммуникация тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Яъни йўл, электр энергияси, тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари давом этяпти.
66 гектар майдондан иборат ушбу дам олиш манзилидаги сунъий кўлнинг кенглиги 400 метр, узунлиги 1000 метр ва чуқурлиги 2-3 метрдан иборат бўлади. Фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган кутубхонада кўп миллатли дам олувчиларни ҳисобга олган ҳолда ўнлаб тилдаги адабиётлар жамланади. Дала ҳовлиларнинг биринчиси иккинчисини такрорламаслиги учун бир-биридан фарқ қилувчи экзотик манзарага эга бўлган лойиҳалар танлаб олинди. Бунда улардаги табиий муҳитга алоҳида аҳамият қаратилган. “Сирлар боғи” номи билан аталувчи бу манзил дам олувчиларга маъқул келиши, шубҳасиз. “Манзарали ўрмон” номи билан аталувчи ҳудудда эса дунёдаги энг ноёб дарахтлар, ўсимликлар ва гуллар экилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудуддан “Романтика боғи” ҳам ўрин олади. У ўзига хос, бетакрор ландшафт асосида ташкил этилади.
Кўл атрофида қуриладиган 200 дан ортиқ дала ҳовлиларнинг ҳар бири икки ва тўрт сотихли майдондан иборат бўлади. Ҳар бири 100 ўринга мўлжалланган 3 та уч юлдузли, ҳар бири 50 ўринга мўлжалланган 2 та беш юлдузли меҳмонхоналар ташриф буюрувчиларга жаҳон талабларига мос равишда хизмат кўрсатади. Бундан ташқари масканда яшил ҳудудлар, аквапарк, амфитеатр, кафе ва ресторанлар, савдо шохобчалари, спорт майдонлари ва бошқа кўнгилочар манзиллар барпо этилади. Скутер ва қайиқлар ижара хизмати ташкил этилади.
-Сунъий кўлни барпо этишга туркиялик лойиҳачиларни жалб этдик,-дея давом этади М. Тожибоев. –Ҳозирда денгиздаги шароитни яратиш мақсадида кўл ўрнига қум кўчириш ишлари олиб борилмоқда. Бу маскан республикамиздаги етакчи дам олиш жойларидан бири бўлиш билан бир қаторда тадбиркорлик фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Туризмга сарфланган сармоя тез орада ўзини оқлаши дунё тажрибасида ўз исботини топган. Шундай экан, бошланган лойиҳа истиқболидан катта умидвормиз.
Ушбу лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 35 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 800 та иш ўрни яратилади. Бир сўз билан айтганда, республикамизнинг энг чекка ҳудудида туризм соҳасида йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг