Халқаро конференция бўлиб ўтмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Навоий Давлат кончилик ва технологиялар университетида Навоий кон металлургия комбинати ташкил этилганлигининг 65 йиллиги муносабати билан “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусидаги IV Халқаро илмий-техник конференция ўз ишини бошлади.

Мазкур анъанавий конференцияга мамлакатимиз Президенти томонидан асос солиниб, унинг доирасида ўтказилган аввалги анжуманларда Германия, Буюк Британия, Япония, Хитой, Россия, Австрия, Франция, Корея Республикаси, Беларус, Қозоғистон каби мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, ОТМларининг таниқли олимлари ҳамда хорижий компанияларнинг вакиллари иштирок этишган эди. Жорий йилдаги конференция ҳам республикамиз ва 10 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг таниқли олимларини ўз атрофига бирлаштирган.

— Қизилқум воҳаси саноати салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда фан ва таълимнинг интеграциясини янада ривожлантиришни кўзда тутган ҳолда мазкур анъанавий анжуман кўлами кенгайиб бормоқда, – дейди Навоий Давлат кончилик ва технологиялар университети ректори Бахтиёр Мардонов. — Мақсад Зарафшон воҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш, хорижий давлатлар олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан иборат. Шунингдек, хориж ва Ўзбекистон олимларининг фундаментал ва амалий тадқиқотлар, янги инновацион ишланмалар борасидаги ютуқлари ҳар томонлама муҳокама қилиниб, минтақанинг устувор йўналишлари бўйича таниқли олимлар иштирокида фан ва техниканинг долзарб муаммоларини таҳлил қилиш орқали ҳамкорликдаги фаолият доирасида устувор йўналишлар ҳамда вазифалар белгилаб олинади.
Икки кун давом этадиган анжуманда геология, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, кимёвий технологиялар, машинасозлик, энергетика, муқобил энергия манбалари ва истиқболлари, қишлоқ хўжалиги, экология каби тармоқ ва соҳалар фаолиятига бағишланган 200 дан ортиқ илмий маърузалар тингланиб, муҳокама этилади. Конференцияга 400 тага яқин мақола ва тезислар тақдим этилган.

Конференциянинг очилиш маросими ва дастлабки ялпи йиғилишда иштирокчиларни “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ Бош директори Қ. Санақулов табриклаб, “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилди.
Анжуман секцияларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
- Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг