Келажак дипломатиясининг пойдевори
Мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар Ўзбекистоннинг илмий ва инновацион ривожланиш моделини шакллантирди. Бунинг самараси ўлароқ олий таълим қамрови бир неча баробар ошди, янги давлат ва нодавлат олийгоҳлар ташкил этилди, хорижий университетлар филиаллари фаолияти кенгайди. 2020 йилда янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши тизимни замонавий халқаро стандартларга мослаштиришга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди. Олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси эса илмий салоҳиятни кучайтириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро рейтингларда миллий ОТМлар ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дунё тарихи ва сиёсати марказларидан бири ҳисобланган Римда 2026 йилнинг февраль ойида ўтказилган Ўзбекистоннинг етакчи олийгоҳлари ректорларининг II форуми айнан шу стратегик мақсадларнинг амалий ифодасидир. “Италия ва Ўзбекистон ўртасида инновациялар ҳамда академик ҳамкорлик: бугунги ҳолат ва келажак истиқболлари” мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Италия университетлар ва тадқиқотлар вазири Анна Мария Бернини ҳамда Рома Тре университети ва бошқа нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этишди. Бу мулоқот икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илмий интеграцияни чуқурлаштириш ва инновацион шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Турин политехника университети ҳамда Пиза университети филиаллари Ўзбекистон–Италия таълим ҳамкорлигининг ёрқин намунасига айланган. Сўнгги икки йилда юздан ортиқ профессор-ўқитувчиларнинг Италияда малака оширгани, юзлаб талабаларнинг италян тилини ўрганаётгани ва қўшма илмий тадқиқотлар олиб бораётгани академик алмашинувнинг реал натижасидир.
2025 йил январь ойида эълон қилинган қўшма илмий танлов доирасида 199 та лойиҳа таклифидан энг юқори балл тўплаган 10 таси молиялаштириш учун танлаб олингани илмий жараёнларда адолатли рақобат муҳитини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Хорижда таҳсил олаётган талабалар билан мунтазам учрашувлар, грант ва стипендия имкониятларини кенгайтириш, академик алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлаш вазирлик сиёсатининг марказида турибди. Бу ёндашув ёшларнинг билим олишига, илмий изланишига ва халқаро тажриба орттиришига кенг йўл очмоқда.

Форум доирасида Тренто университети билан қайта тикланувчи энергия ва экологик барқарорлик соҳасидаги музокаралар, шунингдек, Иституто Марангони билан мода ва дизайн йўналишидаги ҳамкорлик масалаларининг муҳокама қилиниши таълим дипломатиясининг иқтисодий ва инновацион самарадорлик билан уйғунлашаётганини кўрсатади. Бу жараён Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва креатив саноатни ривожлантириш стратегияси билан ҳамоҳангдир.
Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олаётган талаба сифатида ушбу нуфузли форумда иштирок этиш мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Қолаверса, иқтидорли талабаларнинг ана шундай йирик халқаро платформаларда қатнашиши Ўзбекистон олий таълим тизимида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини англатади. Бу ёшлар салоҳиятига билдирилаётган ишонч, уларни глобал жараёнларга жалб этиш ва келажак дипломатиясининг пойдеворини бугундан мустаҳкамлаш демакдир.

Рим форуми Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиради, илмий интеграция ва инновацион шерикликни мустаҳкамлайди. Энг муҳими, у Янги Ўзбекистоннинг очиқ, замонавий ва рақобатбардош таълим моделини халқаро майдонда намоён этувчи муҳим қадам сифатида тарихда қолади.
Феруза РАҲМАТОВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети Ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий муносабатлар институти талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг